Қурбон ойи
10546
5-06-2024, 10:52
248
Ўқиш режими
+
-
Мана Зулқаъда ойи ҳам тугаб, Қурбон ойи бошланиши арафасидамиз.. Маълумки, ҳижрий-қамарий йил ҳисобида ўн биринчи ой бўлган Зулқаъда ойидан сўнг Зул-ҳижжа ойи киради. “Зулҳижжа” ойи “ҳаж соҳиби”, “ҳаж қилинадиган ой” каби маъноларни англатади. Мана шу ойни халқимиз Қурбон ойи деб атайди. “Қурбон” деган сўз арабча бўлиб, у “яқинлик”, “фидо қилиш” деган маъноларни англатади. “Қурбон” ойи деганда халқимиз бу ойда Аллоҳ таолога яқинлашиш мақсадида, Унинг раҳм-шафқатига эришиш учун жонлиқ қурбонлик қилишни назарга олади.
Қурбон ойининг биринчи ўн кунлигида катта фазилатлар бор. Бу ўн кунликда Ислом динининг бешинчи рукни бўлган ҳаж амаллари бажарилади. Қурбон ойининг тўққизинчи кунида ҳажнинг аркони бўлган Арофотда туриш амали бажарилса, ўнинчи куни ҳайит намози ўқилиб, қурбонликлар қилинади. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да “Тонгга қасам. Ўн кечага қасам. Жуфтга, тоққа қасам” (Фажр сураси, 1-3-оятлар). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да: “Юқоридаги тўрт ояти каримада Аллоҳ таоло табаррук ойлардан зулҳижжанинг дастлабки ўн куни қадридан мўмин бандаларини огоҳ этиб, шу кунларга қасам", дейиляпти. Ушбу кунлар ичида энг улуғ ибодатлар – намоз, рўза, садақа, ҳаж жамланган. Қурбон ҳайити ана шу зулҳижжанинг ўнинчи кунидан бошланади, мазкур ой ҳаж ибодатини адо этиш вақтидир. Бу ўн кунликда Арафа ва наҳр(қурбонлик сўйиш) бор. Шунинг учун, Аллоҳ таоло фазлу карами ва ҳикмати билан айрим кунларни бошқалардан афзал, мўътабар қилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Маълумки кунларда Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари (ни қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келишади)" (Ҳаж сураси, 28-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятдаги “маълум кунларни” зулҳижжанинг ўн куни, деб тафсир қилганлар. Ушбу оят ва ҳадисларда келган далилларга биноан, зулҳижжа ойининг олдинги ўн куни дунё кунларининг энг афзали саналади, ушбу кунлари қилинган амаллар бошқа кунлардагига қараганда Аллоҳ таолога суюклироқдир”.
Қурбон ойининг биринчи ўн кунлиги ҳақида Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Aллоҳ таолога энг маҳбуб бўладиган амаллар мана шу кунлардадир", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни яқинлашиб келаётган Қурбон ойининг фазилатидан
баҳраманд қилсин!
Руҳиддин Акбаров
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоиятдаги вакиллик ходими