1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲАЙВОНЛАРГА ШАФҚАТ ҚИЛИШ

17-03-2020, 10:53 1 189 Ўқиш режими + -

  


Ҳайвонларга шафқат қилиш     

         Мўъмин-мусулмонларда ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқат кўрсатиш муҳим ишлардан ҳисобланади. Инсон табиатида меҳр-шафқат деган ҳиссиёт мавжуд. Бу ҳиссиёт ақл билан боғланиб, яхши амални юзага чиқарса, у  яхши натижа беради. Ҳайвонлар ҳам инсонлар каби бир жамоадир. Бу ҳақда “Қуръони Карим”да:“Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби жамоалардир” дейилади. (Анъон  сураси,38-оят). 

 Ҳайвонларнинг ҳам меҳр-шафқат кўришга ҳақлари бор. Ҳадисда: “ Бир одам йўлда кетар эди, бир вақт у жуда қаттиқ чанқади. Шунда у бир қудуқ топиб, унга тушди, сувидан ичди ва қудуқдан чиқди. Бир вақт қараса, бир ит чанқашдан ҳарсиллаб, ҳўл тупроқни чайнарди.  У одам ўзига ўзи: “Мен қандай чанқаган бўлсам, у ҳам шундай чанқабди” деди-да. Қудуққа яна тушди. Махсисини суви билан тўлдириб, оғзидан маҳкам ушлади. Сўнг юқорига кўтариб итни суғорди. Ит Аллоҳ таолога шукр айтди ва у одамнинг гуноҳлари кечирилди. Шунда одамлар Пайғамбар (с.а.в.)дан: “Бизга ҳайвонлар тўғрисида ҳам ажр-савоб бериладими?”деб сўрашди. У зот: “Ҳар бир сувли (тирик) жигар эгаси тўғрисида ажр-савоб бордир”, деб жавоб бердилар” дейилади.(Бухорий ривояти).   

Айрим халқлар байрамларида ҳайвонларни ўлдириш, уриштириш билан кўнгилхушлик қиладилар. Ҳайвонларни ўлдириш, уларни уриштириш ҳайвонларга нисбатан зулмдир. Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилиш ҳеч бир ерда яхшилик ҳисобланмайди. Бу ҳақда: “Бир аёл мушук тўғрисида дўзахга кирди. У мушукни боғлаб қўйиб, овқат бермади ва ер ҳашоратларини ейишга ҳам йўл қўймади”, дейилади. (Бухорий ривояти).

 Айрим кишилар ҳайвонларнинг юзи, қулоғига ҳар хил тамға қўядилар. Айрим кишилар тушуниб ёки тушунмасдан итларни қулоғини, думини кесадилар. Бу ишлар ҳайвонга озор етказади. Шу сабабли бу ишларни қилишдан тийилиш лозим.  Пайғамбар(с.а.в.):“Бу ҳайвонга белги қўйган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дедилар. 

Айрим кишилар ит каби ҳайвонларни ўзлари билан ётоқхоналарида сақлашади. Айрим кишиларнинг итлари кўчаларда, йўлда ўтаётган кишиларга озор беради. Ислом динида ит сақлаш ва у билан бўладиган муносабат ҳақида алоҳида ва кўрсатмалар мавжуд. Итни инсонлар бирор жойни қўриқлаш ва овда ( из олиш учун) фойдаланишларига рухсат қилинади. Итни уйда, ҳовли ва кўчаларда қаровсиз, эркин, ечилган ҳолда қўйиб қўйиш яхши эмас.  Халқимизда   ит теккан идишдан фойдаланишда,   идишни уч марта ювиб, ундан сўнг фойдаланишга рухсат берилади. Мушук теккан идишдан фойдаланишда, идишни ювиб ташлаш зарур. Ит, мушук теккан идишларни сув билан покламасдан фойдаланиш, ит ва мушукни сийпалаб қўл ювмасдан овқатланиш охир оқибатда яхшилик олиб келмайди.   

Ҳайвонларга эътиборсизлик қилиш, уларни қаровсиз ҳолда ташлаб қўйиш ёмон оқибатларга олиб келади. Буни айниқса итларда кўпроқ кузатиш мумкин. Итларда хавфли қутуриш касаллиги учрайди. Қутуриш касаллиги итлардан итларга ва итлардан одамларга юқади. Аксинча эса одамлардан итларга юқмайди. Қутуриш касаллиги одамларга асосан қутурган итларнинг тишлаши, тирнаши ёки сўлаги билан ўтади. Касалликни қўзғатувчи вирус қутурган ҳайвоннинг сўлагида бўлади. Шу ўринда ит каби   ҳайвонларни сақлаш ва қутуриш касаллиги ҳақида тиббиёт ходими, малакали шифокор Иброҳим Муҳаммадиев билан суҳбат қилдик. Шифокор:“ Инсоният дунёга келибдики, қанчадан-қанча касалликларни бошидан кечирган ва кўрган. Аммо қутуриш касалигига мубтало бўлган бемор аҳволини кўришдан ортиқ қўрқинчли ва даҳшатлироқ ҳолат бўлмаса керак. Ибн Сино ўзининг “ Тиб қонунлари” асарида агар бемор одамлар сувдан қўрқа бошлагач, уларни даволаб бўлмаслигини таъкидлаган. Қутуриш касаллигига мубтало бўлган кишида сувдан қўрқиш, ҳаводан қўрқиш каби аломатлар кузатилади ва бемор жуда қийналиб вафот этади. Ўтмишда бу касалликка “ сувдан қўрқиш”, яъни “гидрофобия” деб бежиз ном берилмаган. Шу боис ҳам касалликни даволаш эмас, балки олдини олишга ҳаракат қилишимиз керак. Бу фақат тиббиёт соҳаси ёки ветеринария ходимларининг иши эмас.  балки барчамиз, ҳар биримизнинг шуғулланишимизни тақозо этади. Ҳайвонларни, айниқса итларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш касалликни олдини олишда муҳимдир.   

Минг афсус билан таъкидлаш жоизки, аксарият кишилар ит сақлаш қоидаларига риоя қилишмайди. Улар итларни ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиб, қутуриш касаллигига қарши эмлатишмайди. Баъзи кишилар уйларидаги ит касал бўлса ёки бирор кишини тишлаган тақдирда, уни кўчага ҳайдашади ёки яшаб турган жойларидан узоқроқ жойга элтиб, адаштириб келишади.  Бундай қаровсиз, дайди итлар эса қутуриш касаллигининг асосий манбаи сифатида атрофдагиларга жуда катта хавф туғдиради. Ота-оналар болаларни кўчадаги дайди, қаровсиз итлар билан ўйнашларига, уларни уйга олиб келишларига зинҳор йўл қўймасликлари керак. Зеро, эътиборсизлик ва лоқайдлик сўнгги пушаймонга айланмасин. Агар маҳалла ёки кўчаларда қаровсиз, дайди итларни учратганда, бу ҳақда маҳалла оқсоқолларига  хабар бериш лозим” деди. 

Ҳайвонлар инсонларнинг меҳр-шафқат ва эътиборларига муҳтождирлар. Ҳайвонларга меҳр-шафқат қилиш, уларга нисбатан эътиборли бўлиш барча-барчага  ҳамиша яхшилик келтирган. Шу сабабли ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқатли, эътиборли бўлайлик.  

 


Р. Акбаров.