1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қурбон ойининг биринчи ўн кунлиги- дунё кунларининг афзали

10-06-2024, 10:23 225 Ўқиш режими + -
 Қурбон ойининг биринчи ўн кунлигида катта фазилатлар бор. Бу ўн кунликда Ислом динининг бешинчи рукни бўлган ҳаж амаллари бажарилади.  Қурбон ойининг тўққизинчи кунида ҳажнинг аркони бўлган Арофотда туриш амали бажарилса, ўнинчи куни ҳайит намози ўқилиб, қурбонликлар қилинади.
Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да “Тонгга қасам. Ўн кечага қасам. Жуфтга, тоққа қасам” (Фажр сураси, 1-3-оятлар).  Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да “Юқоридаги тўрт ояти каримада Аллоҳ таоло табаррук ойлардан зулҳижжанинг дастлабки ўн куни қадридан мўмин бандаларини огоҳ этиб, шу кунларга қасам, деяпти. Ушбу кунлар ичида энг улуғ ибодатлар-намоз. Рўза, садақа, ҳаж жамланган.   Қурбон ҳайити ана шу зулҳижжанинг ўнинчи кунидан бошланади, мазкур ой ҳаж ибодатини адо этиш вақтидир. Бу ўн кунликда Арафа ва наҳр(қурбонлик сўйиш) бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло фазлу карами ва ҳикмати билан айрим кунларни бошқалардан афзал, мўътабар қилган. Аллоҳ таоло айтади:”Маълумки кунларда Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари (ни қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келишади)” (Ҳаж сураси, 28-оят).  Абдуллоҳ ибни Аббос ушбу оятдаги “маълум кунларни” зулҳижжанинг ўн куни, деб тафсир қилганлар. Ушбу оят ва ҳадисларда келган далилларга биноан, зулҳижжа ойининг олдинги ўн куни дунё кунларининг энг афзали саналади, ушбу кунлари қилинган амаллар бошқа кунлардагига қараганда Аллоҳ таолога суюклироқдир[1]”    
Қурбон ойининг биринчи ўн кунлиги ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Aллоҳ таолога энг маҳбуб бўладиган амаллар мана шу кунлардадир" деганлар. (Имом Бухорий ривояти). 
Қурбон ойининг биринчи ўн кунлигида бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин устозларимизни, қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этсак яхши амаллар қилган бўламиз. Камтаъминланган кишиларнинг ҳолидан хабар олсак, катта савобларни қўлга киритган бўламиз. Зеро,пайғамбаримиз (с.а.в.)  “Бева ва мискинга ғамҳўрлик қилувчи – Аллоҳ таоло йўлида курашувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир”-деганлар.
         Қурбон ойининг аввалги ўн кунлиги дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунларда дуода бўлиш, яхши тилаклар тилаш ўринли бўлади.
 Бу кунларда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориш, йиғи-сиғи қилиш, номақбул ишлардандир. Бундай номақбул амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. 
Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, соғлик-саломатлик,  қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.    
          Ҳозир давом этаётган Қурбон ойининг биринчи ўн кунлигида ҳар бир дамни қадрига етишимиз, Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбарими (с.а.в.)га саловотлар айтишимиз, тавба ва истиғфорларимизни кўпайтиришимиз, бирларимизга хайрли дуоларимиз қилишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло ушбу фазилатли кунларда қилаётган дуоларимизни ижобат айлаб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин!

Р. Акбаров, 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Т. “Шарқ”нашриёти. МАКБТ. -2019.  6-жуз. 589-бет.