1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Жинлар ёмонлигидан асрасин

13-06-2024, 11:58 715 Ўқиш режими + -
Мўмин-мусулмон жиннинг борлигига ишонади. Чунки уларнинг борлигини Аллоҳ таоло хабарини берган. Жин ва шайтонлар инсонларнинг кўзларига кўринмайди. Аммо жинларнинг кўринмаслиги  уларнинг йўқ дейишимиз учун асос бўлмайди. Зеро,  инсон кўзига кўринмайдиган кўплаб нарсалар борки, улар кўзга кўринмасада мавжуддир. Масалан,  нафас олаётганда ҳавони кўрмаймиз аммо уни борлиги биламиз. Электр энергияси кўринмасада у симда мавжуд.  Унинг борлигини чироқ ва бошқа нарсалар орқали биламиз.  Худди шунингдек, кўзга кўринмасада  жинлар ҳам бордир. Аллоҳ таоло инсонлардан олдин жинларни яратган эди. “ Қуръони Карим”да: “Жинни эса (Одамдан) илгари оташ-оловдан яратган эдик” дейилади. (Ҳижр сураси, 27-оят). Жин ва шайтон оловдан яратилгандир. Бу ҳақда ҳадисда: “Фаришталар нурдан яратилган. Жинлар эса аланга-оловдан яратилган. Одам бўлса сизларга васф қилинган нарса( тупроқ)дан яратилгандир” дейилади.
 Жин сўзи ҳақида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “Жин арабча-афсонавий ахлуқ; арвоҳ; ёвуз руҳ. Шарқ мифологиясида ва диний тасаввурларга кўра: пастқам жойларда киши кўзига одам тимсолида кўриниб, гўё уни бирор дард-иллатга чалинтириб кетадиган афсонавий махлуқ” дейилади.
              Азалда жинлар ер юзида яшашган. Уларнинг ичидан шайтон дегани бўлиб, у Одам Ато яратилганларидан сўнг у зотга ҳасад қилди.  Аллоҳ таоло фаришталарга одам ато таналарига сажда( ҳурмат кўрсатиш)ни   буюрди. Фаришталар одам Атонинг таналарини кўриб, Аллоҳ таолонинг амрини бажаришди. Аммо шайтон кибр қилиб: “Мен ун(Одам)дан яхшироқман. Мени оловдан яратгансан, у(Одам)ни эса лойдан яратдинг” деди. ( Аъроф сураси, 12-оят). Ва Аллоҳ таолонинг амрини бажармади. Шу сабабли Аллоҳ таоло шайтонни ўз даргоҳидан ҳайдади. Шайтон Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунмагани учун тошбўронга  сазавор(ражим) деб лаънатланди. Шунда Шайтон Аллоҳ таолога айтдики: “Худоё, шунча тоат-ибодат қилдим, ибодатимни мукофотини  бергил” деди. 
Аллоҳ таоло: “Сабр қил, қиёмат куни бераман” деди. 
Шайтон эса: “Қиёмат куни на бўлса бўлар, накдини шу дунёда бергил” деди.
 Аллоҳ таоло:“Айт, нима хохлайсан?”деди.
 Шайтон: “Менга узун умр бер, қиёматгача тирик бўлай, одам фарзандининг гўшти билан териси орасида юриш учун йўл бер, мен юрай, улар билмасин” деди. 
Аллоҳ таоло:“ Эй малъун, ҳар нима тиласанг, бердим”деди. 
Шайтон: “ эй Аллоҳ сенинг даргоҳингдан одам учун қувилдим. Шу сабабли уларни тўғри йўлдан адаштираман” деди. Аллоҳ таоло одамлар кўрмайдиган ҳолда ҳам шайтон ва унинг тўдаси одамларни кўриб туриш имконини берди. Бу ҳақда “Қуръони карим”да: “Албатта у (шайтон) ва унинг тўдаси сиз(одам)ларни кўриб турур, қайсики сиз(одам)лар у(шайтон)ларни кўраолмайдиган жойларда ҳам” дейилади. (Аъроф сураси, 27-оят). Аллоҳ таоло бандаларини имтиҳон қилиш учун шайтонга то қиёматгача муҳлат берди. Ана шу берилган муҳлатда шайтон одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Одамларни йўлдан оздиради. Шайтон Одам ва унинг зурриётига ҳасад қилади, уларга очиқдан очиқ душмандир. Бу ҳақда “Қуръон Карим”да: “ мен сизларга “ Эй Одам болалари, шайтонга итоат қилмангиз, чунки у шайтон очиқ душмандир...” дейилади. ( Ёсин сураси, 60-61-оятлар).  
Хабарларга қараганда, жинлар тоифаси уч хил бўлади. 1. Учиб юрадилаган қанотли жинлар. 2. Илон ва чаён шаклидаги жинлар. 3. Кўчманчи ( келиб-кетиб юрадиган) жинлар. Жинлар одамларининг хонадонида ҳам яшашади. Қандай хонадон бўлмасин, уйларини шифтида жинлар бўлади. Агар таом келтирилса, улар тушиб овқатлангани келади.
Жинларнинг кўпчилиги ахлатхоналарда яшаса, айримлари эса инсонлар яшайдиган жойларда яшашади. Ахлатхоналарда яшовчи жинларнинг у ерда яшашдан мақсади инсонлардан чиққан чиқиндини ейишдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”. 
Ривоят қилишларича, иккита жин шаҳардан ташқаридаги чорраҳада учрашиб қолишибди. Жиннинг бири жуда семиз, иккинчиси эса жуда озғин экан. Жуда озғин бўлган жин семиз жиндан бундай семириб кетиши сабабини сўрабди. Шунда у:“ Мен бир кишининг уй ва ҳовлисида истиқомат қиламан.У одам озодалик нима эканлигини билмайди. Доимо кир ва ифлос юради. Уй ва ҳовлиси ахлат ва чиқиндининг макони. У ерда на тозалик,на саранжом-саришталик бор. Овқат идишлари доимо ювилмаган ётади. Биз учун у ерда насиба мўл. Шу туфайли семириб кетганман, ўзинг нима учун озғин бўлиб қолинг?”дебди. Шунда жуда заифлашиб қолган жин:“ Мен ҳам бир одамнинг уй ва ҳовлисида яшайман. У одам жуда озода яшайди. Уй-жойлари тоза, саранжом-саришта. Унинг уйида фариштаи-малоикалар бор. Шу туфайли биз жинларга у ерда насиба йўқ. У ерда насиба бўлмаганлигидан жуда қийналиб, озиб-тўзиб кетдим”,деган экан.
 Шайтоннинг аёли ва зурриёти бор. Бу зурриётлардан асосийлари тўққизтадир.  У зурриётлардан бири Залит, иккинчиси Васий, учинчиси Лақус, тўртинчиси Аҳвон, бешинчиси Ҳаффоф, олтинчиси Мурра, еттинчиси Мусаввит, саккизинчиси Досим,  тўққизинчиси Валҳон. Унинг бу зурриётлари одамлар тўпланадиган жойларда турли хил нотинчликларни келтириб чиқаради. Шайтон тўдасидан битта жин ҳар доим ҳар бир кишига эргашиб юради. У ўзи эргашиб юрган одамга ёмон ишларни яхши қилиб кўрсатади ва уни шу ишларга тарғиб қилади. Пайғамбар (с.а.в.) одамларга: “Сизлардан ҳар бирингизга биттадан шайтон (жин) вакил қилинган”дедилар. Одамлар: “Ё расулаллоҳ, сизга ҳамми?” деб сўрашди. Пайғамбар (с.а.в.):“Ҳа, менга ҳам, лекин Аллоҳ таоло ун(жин)дан мени устун қилди. У инсофга кириб, мўъмин бўлди ва мени доим хайрли ишларга ундайди”дедилар. 
 Шайтон ва унинг тўдаси ҳар қандай йўллар билан одамларни ғафлатга, дангасаликка, умрни  исроф қилишга бошлайди. Ривоят қилишларича, шайтон ва унинг тўдаси қўлларида ип ва кўрпа билан одамлар орасидан ўтишибди. Одамлар шайтон ва унинг тўдасидан ип ва кўрпани нима қилишларини сўрашибди. Шайтон ва унинг тўдаси одамларга:    “ Бу олиб юрган нарсаларимиз одамларни ғафлатга солиш, умрини бебарака қилиш учундир. Одамларнинг ҳар бирининг уйларига кечаси бориб, уларнинг қўл-оёқларини ушбу иплар билан боғлаймиз ва устиларига мана бу ғафлат кўрпасини ёпиб қўямиз. Ва уларнинг қулоғига тонг отиши билан “ҳали вақт эртачи, чарчагансан, ухла дамингни ол” деб пичирлаб турамиз. Одамлар тонгда ғафлат босиб уйқуларидан уйғонаолмасдан чошгоҳгача ётишади. Бу билан биз уларни ғафлатга соламиз, уларнинг умрини бебарака қиламиз. Чунки инсон умрининг баракаси тонгда уйқудан уйғонишдир”деб жавоб беришган экан. 
Инсон доим ўз фикр ва ўйларини назорат қилиб бориши лозим. Чунки жинлар инсоннинг фикр-ўйларини чалғитиб, васвасага солади. Агар инсон бирор васвасага туша бошласа, бу нарса шайтон ва унинг тўдасининг ёмонлиги эканлигини ёдга олиши керак. Ва ундан паноҳ тилаб, бу ёмонликдан ўзини қутқазиши лозим. “Қуръони карим”да:“Қачонки сизга шайтондан бирон васваса бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг, Аллоҳ барча нарсаларни эшитиб, билиб тургувчидир” дейилади. (Аъроф сураси, 200-оят). 
 Аллоҳ таоло одамларга ақл-фаҳм фаросат бериб, уларга яхшилик ёки ёмонликни ихтиёр қилиш имконини берди. Одам ўз хоҳиши билан тўғри йўлни ёки жинларнинг васвасасига эргашиб эгри йўлни танлайди. Охир-оқибат инсон мана шу ихтиёри, танлови ва шуларга мос амали учун масъул бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни  жинларнинг ёмонлигидан асрасин!    
 
Руҳиддин Акбаров, 
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими