1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚУРБОНЛИК ФАЗИЛАТИ (4-қисм)

14-06-2024, 17:19 256 Ўқиш режими + -
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик сўйишга қодир бўла туриб, уни бажармаган киши ҳақида бундай деганлар:
مَنْ وَجَدَ سَعَةً وَلَمْ يُضَحِّ فَلَا يَقْرَبَنَّ مُصَلَّانَا
(رواه الإمام ابن ماجة عن أبي هريرة رضي الله عنه)
 яъни: “Имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаган киши намозгоҳимизга яқинлашмасин” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Қурбонлик учун қўй, эчки, қорамол ва туядан бири сўйилади. Қўй эчки бир кишидан, туя ва қорамол етти кишигача одамлардан қурбонлик қилинади.
Бу ҳақда Жобир Ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтдилар:
نَحَرْنَا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عام الحديبية الْبَقَرَةَ عَنْ سَبْعَةٍ وَالْبَدَنَةَ عَنْ سَبْعَةٍ
(رواه الإمام مسلم)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳудайбия йили мол ва туядан ҳар бирини етти кишининг номидан сўйдик” (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, туя ёки сигир (ёки буқа)га етти кишигача шерик бўлиши мумкин. Ундан ортиғи дуруст эмас.
“Мухтасарул виқоя” китобида шундай дейилган: “Мажнун (жинни), туғма шохи йўқ ва қўтир билан касалланган ҳайвонларни қурбонлик қилиш жоиз. Лекин ўта озғин ёки сўйиладиган жойига бора олмайдиган даражада чўлоқ қўйларни қурбонликка сўйиш жоиз эмас”.
Қурбонлик қилинадиган туя беш ёш, қорамол икки ёш, қўй ё эчки бир ёшга тўлган бўлиши шарт. Бу ёшга етмаган ҳайвонларни сўйиш билан қурбонлик адо бўлмайди. Фақат бир ёшли қўйларга тенглашиб кетган бўлса, олти ойлик қўзи ҳам қурбонликка ярайди.
Шохини баъзиси синган қўйни ҳам қурбонлик қилишга рухсат берилган. Аммо  шохи таг-тубидан синган бўлса уни қурбонликка сўйиш жоиз эмас.
Қўтир қўйни қурбонликка сўйиш учун қўтирлик гўштга ўтмаган ва айни пайтда ем-хашак еб турган бўлиши шарт қилинади. Акс ҳолда қўтир қўйни ҳам қурбонликка сўйишга рухсат берилмайди. (“Ал-Фатово ал-ҳиндийя” китоби).
Икки кўзи кўр ёки бир кўзи кўр ҳайвонни қурбонлик учун сўйилмайди. Туя, сигир, қўй ва эчкиларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. (“Ал-Ҳидоя” китоби).
Қурбонлик гўштидан унинг эгаси ейиши, бойу камбағалларга едириши ва сақлаб қўйиши жоиз. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ أَكْلِ لُحُومِ الأَضَاحِي بَعْدَ ثَلاثٍ فَكُلُوا مَا شِئْتُم
яъни: “Сизларни қурбонлик гўштларини уч кундан кейин ейишдан қайтарган эдим, энди истаганча еяверинглар...”, – деб марҳамат қилганлар. (Имом Табароний, “Ал- Мўъжам ас-сағир”)
 (давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди