1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фарзанд шукронаси

29-06-2024, 13:00 192 Ўқиш режими + -
Ҳар бир неъматга шукрона бордир.  Ақиқа фарзанднинг шукронаси учун ўтказиладиган маросимдир. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳар бир бола ақиқаси билан гаровланган. Унинг (номи)дан еттинчи куни (жонлиқ) сўйилади, сочи олинади ва исм қўйилади” (Имом Аҳмад, Доримий, Байҳақий ва Табароний ривояти).
Бу ҳадисда айтилишича, боланинг келгусида бахтли бўлиши унинг ақиқасига боғлиқ. Агар инсон фарзанди учун ақиқа қилса, чақалоққа  нисбатан яхшиликни юзага чиқарган бўлади. Чақалоқ туғилганининг еттинчи куни унинг номидан ақиқа қилинади, сочи олинади ва исм қўйилади. Сочи олинганидан кейин сочнинг вазни миқдорида камбағалларга садақа қилинади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан номидан бир қўй сўйдилар ва: “Эй Фотима, унинг сочини ол ва сочининг оғирлиги миқдорида кумуш садақа қил”, дедилар. Мен уни тортиб кўргандим, оғирлиги бир дирҳам ёки ундан камроқ чиқди” (Термизий ва Ҳоким ривояти).
Жоҳилият давридаги турли маъбуд ва маъбудаларга атаб қилинадиган курбонликлар ўрнига мусулмон оиласида фарзанд туғилганлигининг шукронаси сифатида бир жонлиқ сўйиб ақиқа маросимини ўтказишлик жорий этилди. Кўп ҳолларда ақиқани чақалоқ туғилган куннинг 7 ёки 14, ёхуд 21 кунлари ўтказиш фазилат ҳисобланади. Бу кунларда ақиқа ўтказилмай қолинса, сўнг бошқа кунларда, қачон бўлса ҳам ақиқа қилса бўлаверади. 
      Аллоҳ таоло барчамизни фазилатли амалларни қилишга муваффақ қилсин!

Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими