1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Миссионерлар ҳийласи

15-07-2024, 09:50 112 Ўқиш режими + -
Миссионерлар ҳийласига алданишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Миссионер инсонни жалб қилиш мақсадида одамга ширин ва мулойим сўзларни айтиши, керак бўлса, унинг ташқи жиҳатлари ёқимли экани, кийими ўзига жуда ярашгани, юзи нуронийлиги ва шу каби мақтов сўзларини айтишдан тап тортмайди. Агар унга телефон рақамингизни ёки уй манзилингизни берсангиз борми, минг узрлар билан сизни безовта қилишни бошлайди.
 Даъватчилар фан ва техника ривожлангани сари тарғиб қилишнинг китоб ва варақалар таркатиш услубларидан интернет, радио, телевидение, журнал ва газета каби замонавий ютуқлардан тобора кенг фойдаланишга ўтишяпти.
Африка халқлари ўртасида машҳур бир гап юради: “Миссионерлар бизнинг ёнимизга келганида уларнинг қўлида Инжил, бизнинг қўлимизда ер, мол-мулк бор эди. Бироз вақтдан сўнг бизнинг қўлимизга Инжил, уларнинг қўлига ер, мол-мулк ўтди”.
Инсониятни гўдаклик босқичидан етуклик даврига етгунича Аллоҳ таоло уларга босқичма-босқич оддийликдан мукаммалликка қараб турли илоҳий дастурлар жўнатиб турди. 
Аллоҳ таоло инсониятга пайғамбар юбориб шаръий ҳукмларни етказиб турар экан, инсоният хилқати, ақли ва маданияти мукаммаллашиб борар, Аллоҳ таоло эса уларнинг ақли ва маданиятига муносиб бўлган янги ҳукмларни нозил қилар ва янги пайғамбар юборар эди. Охирги пайғамбарга нозил қилган шариат      (Қуръони карим)ни эса, то қиёматгача ўзгартирмасдан сақлашлигини эълон қилди. Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай дейди:” Албатта, бу зикрни(яъни Қуръонни) биз ўзимиз нозил қилдик ва уни ўзимиз асрагувчидирмиз”.
Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақдир. 14 аср ўтган бўлсада, Қуръони каримнинг бирор ҳарфи ўзгармасдан бизгача ёдлаш усулида етиб келди. Дунёдаги минг-минглаб Қуръон нусхалари бир-бирига ҳарф-ҳарфигача, нуқта нуқтасигача тўғри келади.
Пайғамбарлар силсиласини ниҳоясига етказиб, элчиликка охирги пайғамбар Муҳаммад с.а.в ни танлади. Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Жобир р. а. дан ривоят қилган ҳадисда  айтилишича Расулуллоҳ (с.а.в) шундай дедилар: “Менинг ва бошқа пайғамбарларнинг сифати шундайки, бир киши бир ҳовли (қаср) қуради. Уни жуда чиройли ва мустаҳлам қилиб охирига етказади. Фақатгина бир ғишт ўрни қолади, халос. Шунда бу ҳовли (қаср)га кирган кишилар қараб: “Бу ҳовли қандай чиройли барпо қилинибди-я! Фақат бир ғиштгина қўйилмай қолибди”,- дейдилар. Бас, мен ўша охирги ғиштман. Мен билан пайғамбарлик биноси мукаммал бўлиб битди”.
Албатта, Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбарга ўзининг сўнгги илоҳий китоби Қуръони каримни нозил қилди ва шу китобда энди, то қиёматгача пайғамбар ҳам, илоҳий китоб ҳам келмаслигини хабар берди.
Аччиқ бўлсада шуниси ҳақиқатки, Ислом динини қўйиб, насроний бўлиб кетаётганларни динимизда муртад (диндан қайтган) дейилади. (Аллоҳ ўз паноҳида асрасин) ва улар тўғрисида бир қанча ҳукмлар жорий бўлади:
  1. Ундай кишиларнинг мусулмон қариндошларидан мерос олишга ҳаққи бўлмайди;
  2. Улар мусулмон аёлларга уйлана олмайди;
  3. Агар мусулмон хотини бўлса, ўрталарига талоқ тушади;
  4. Вафот этса, жаноза  ўқилмайди ва мусулмонларнинг қабристонига дафн этилмайди.
  5. Сўйган ҳайвонининг гўшти ҳаром бўлади.
Умуман олганимизда, инсон оила, маҳалла, жамиятдан айри яшай олмайди. Шу сабабли, ўзимизга жиддий эътибор каратмоғимиз, эътиқод ва иродамизни бўшаштирмаслигимиз ва қолаверса, ён-атрофимиздаги кишиларга нисбатан масъулиятимизни ҳис этишимиз даркор. Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтиб, тўғри йўлни топишига сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсалардан аъло экани тўғрисидаги ҳадисни эсдан чиқармайлик.
 
Муҳаммади Қораев 
– ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари