Масжидлар Аллоҳникидир ( 3-қисм)
10634
17-07-2024, 10:51
203
Ўқиш режими
+
-
Масжидга келаётган киши танаси, либосини поклигига эътибор бериши лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.):“Масжидга келган ҳар бир киши аёғига қарасин, агар оёқ кийимида ифлосликни кўрса, ерга суртиб тозаласин, кейин намозга кирсин”(Абу Довуд ривояти). Ва яна Пайғамбаримиз (с.а.в.):”Ҳеч бир киши пиёз ва ёввойи пиёз еган ҳолда масжидимизга асо яқинлашмасин. Чунки фаришталар одам болалари озорланадиган нарсалардан озор топишади” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд,Термизий ва Насоий ривояти).
Масжидда Аллоҳга ибодат ва зикр қилиш билан машғул бўлиш лозим. Пайғамбар (с.а.в.):“Расулуллоҳ (с.а.в.) масжидда шеър айтишдан, олди-сотди қилишдан ва жумъа куни намоздан олдин халқа бўлиб ўтиришдан қайтардилар” (Имом Термизий, Насоий ривояти).
Масжидда йўқолган нарса ёки ҳар хил маросимлар ҳақида эълон қилинмайди. Бу ҳақда ҳадиси-шарифда:“ Кимки масжидда йўқолган нарсани сўроқлаган одамни эшитса, унга:“Аллоҳ уни сенга қайтармасин, масжид бунинг учун барпо қилинмаган” деб айтсин” дедилар. (Имом Муслим, Абу Довуд ривояти).
Масжидда овозни баланд қилиб гапиришдан сақланиш лозим. Бу ҳақда Соиб ибн Язид (р.а.) ривоят қилади:“Масжидда турган эдим, бир киши майда тош отиб мени чақирди, қарасам, ҳазрати Умар (р.а.) эканлар. “Анови икки кишини олиб кел”, дедилар. Икковини бошлаб келдим. “Кимсизлар, қаерликсизлар?” деб сўрадилар. Улар:”Тоифликмиз” дейишди. “Агар Мадина аҳлидан бўлганингизда кунингизни кўрсатардим, бу қанақаси, Расулуллоҳнинг масжидларида овозларингизни баланд кўтараяпсизлар” дедилар, ҳазрат Умар (р.а.)”.
Масжидда қаттиқ кулмаслик лозим. Анас (р.а)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Масжидда кулиш қабрда зулматда қолишдир” дедилар.
(давоми бор)
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими