1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ТУШ КЎРГАНДАН КЕЙИНГИ ОДОБЛАР

29-07-2024, 09:30 288 Ўқиш режими + -
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Яхши туш, Аллоҳдан. Ёмон туш эса, шайтондан. Агар сизлардан бирингиз ўзи яхши кўрган нарсани тушида кўрса, яхши кўрган инсонидан бошқасига айтмасин. Агар ўзи ёмон кўрган нарсасини тушида кўрса, Аллоҳ таолодан ўша нарсани ёмонлигидан паноҳ сўрасин, уч маротаба тупурсин ва ҳеч бир кишига гапирмасин. Албатта, ўша тушида кўрган ёмон нарсаси ҳаргиз зарар бермайди”. Муттафақун алайҳ
 
Аввало ҳадис ровийсининг ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқсак. Абу Қатода розияллоҳу анҳу “Фарис-ул Расулуллоҳ” (Расулуллоҳнинг суворийси) номи билан машҳур бўлганлар. Чунки у зот ғазотларда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шахсан илтифотларига сазовор бўлганлар.
Исмлари Ҳорис, кунялари Абу Қатода бўлиб, Ҳазраж қабиласининг Салама уруғига мансуб эдилар. Отаси Робе ибн Балдаҳа, онаси Кабса бинти Мазҳар. Аёли саҳоба Сулофа бинти Барро розияллоҳу анҳодир. Абу Қатода розияллоҳу анҳу иккинчи Ақоба байъатидан сўнг мусулмон бўлдилар. Бадрдан кейинги барча ғазотларда қатнашдилар. Абу Қатода розияллоҳу анҳу Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг гўзал суҳбатларидан олган файзлари ила ҳаётини Аллоҳ йўлига бағишлаган эдилар. У зотдан бир юз етмишга яқин ҳадиси шариф нақл қилинган. Юксак ахлоқ ва назокат соҳиби бўлганлар.

Албатта инсон уйқудаги ҳолатида турли хил тушлар кўриши табиий. Кўрилган туш яхши бўлса, хурсанд бўлинади ва яхши ҳолатлар умид қилинади. Аксинча, кўрилган туш ёмон бўлса, кишининг руҳиятига ўзгариш, шумланиш, ёмон оқибатларни ўйлаш ҳолатлари кузатилади. Бунинг таъбирини илмли кишилардан сўраш кабилар орамизда учраб туради. Бироқ динимиз таълимотларида, хусусан, юқоридаги Расулимизнинг сўзларида инсон туш кўрган вақтида нималарни қилиш кераклиги ва қандай йўл тутиш лозимлиги ўргатилган. 
Ушбу ҳадиснинг шарҳида имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи: “Инсон ҳаётидаги ҳар бир ҳолатни ҳатто яхши ёки ёмон тушларни яратувчиси Аллоҳ таоло эканлигини таъкидлайдилар. Лекин, доимо яхши ишлар Аллоҳ таолога нисбат берилиши ва ёмон ишлар шайтонга нисбат берилиши айтиб ўтганлар. Чунки, шайтон ёмон ишларга, куфрга рози бўлади ва бундан хурсанд бўлади”, деганлар.
 
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
  1. Инсон агар яхши туш кўрса, ўзи яхши кўрадиган кишисига, уламоларга, солиҳ ва энг яқин инсонларига айтмоғи ва Аллоҳ таолога ҳамд сано айтиши лозимлиги;
  2. Агар инсон ёмон туш кўрса, Аллоҳ таолодан кўрган тушининг ёмонлигидан, оқибатларидан, шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрамоғи ва чап томонига уч марта тупурмоғи кераклиги ҳамда уни ҳеч кимга айтмаслиги;
  3. Ёмон туш кўрган вақтда “Аллоҳим ҳамду сано Сен учун шикоятларимни сенга айтман ва Сен ёрдам берувчидирсан ва куч-қувват фақат Сен биландир” деб айтмоғи кераклиги.
 
Фойдаланилган манба:
 
  1. Мулло Али Қорининг “Мирқотул Мафотиҳ” асарлари. 8-жуз, 4612- ҳадис 
  2. Islamonline.uz сайти
Ўткирхон Маҳмудов 
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси