Аллоҳ таоло дунёда инсониятни яратиб, унинг Ер юзида яхши яшаши учун барча шароитларни муҳайё қилиб қўйган. Бу хусусда Қуръони каримда: “Албатта, сизларни ерда қарор топтирдик ва унда сизлар учун маиший воситаларни (пайдо) қилдик...”, - деб марҳамат қилган (Аъроф сураси, 10-оят). Маиший воситалар деганда унумдор ерлар, сув, ҳаво, чорва ҳайвонларидан тортиб теварак атрофдаги барча мавжудотлар тушунилади ва уларнинг ҳаммаси фақат инсоният манфаати учун яратилгандир. Бир сўз билан айтганда Аллоҳнинг инсониятга берган неъматларини санаб, ҳисобига етиб бўлмайди: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз...” (Иброҳим сураси, 34-оят).
Юқорида санаб ўтганларимиз, яъни маиший воситалар бутун инсониятга умумий тарзда берилган неъматлар ҳисобланиб, ундан ҳар ким ўз эҳтиёжи учун зарур бўлганларидан имкониятига қараб фойдаланади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло Ўзи ҳохлаган бандасига бошқа кишиларга бермаган неъматини хослаб бериши ҳам мумкин. Масалан, Аллоҳ таоло улуғ неъмати бўлмиш пайғамбарлик мақомини инсонлар орасидан махсус одамларгагина насиб қилди. Уларнинг орасидан эса Муҳаммад алайҳиссаломни танлаб олиб, у зотга пайғамбарларнинг саййиди унвонини берди. Пайғамбарлардан яна бири Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ таолодан илтижо қилиб, ҳеч кимга берилмаган ва берилмайдиган бир неъмат ато этишини сўраганликлари ва дуолари ижобат бўлиб, сўраган насалари берилгани ҳақида Қуръони каримда баён қилинган (Сод сураси, 35-39-оятлар). Демак, Аллоҳ таоло инсониятга умумий тарзда Ўз неъматларини инъом қилган бўлсада, ана шу неъматлардан баҳраманд бўлишда барча баробар бўла олмайди.
Баъзи бир кишилар неъмат сўзининг маъносини жуда тор доирада тушунадилар. Масалан, бирор орзу умидлари амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, жумладан, катта мол-дунё, фарзанд, бирор мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш орзу ҳавасларга эришишнигина неъмат деб биладилар. Ундай кишилар сув, ҳаво, тансоғлик, эл-юрт тинчлиги каби, инсоннинг ҳаётини усиз тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсаларга бепарво қараб, гўё булар ўз-ўзидан бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказиб дилни хурсанд қиладиган шундай нарсалар борки, динимиз бизларни доимо унинг қадрига етиб, шукрини адо этиб боришга буюради. Зеро, неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаб, асраб-авайлаш неъмат берувчи “Мунъим”нинг (яъни Аллоҳнинг) қадрига етиш ва шукрини адо этиш демакдир.
Юқорида айтиб ўтганларимиздан хулоса қиладиган бўлсак, неъматлар икки хил бўлади. Бири, инсониятнинг маиший эҳтиёжи учун зарур бўлган воситалар бўлиб, уларни моддий неъматлар дейилади. Иккинчиси эса, инсониятнинг руҳиятига қувват бағишлаб, уни чин инсоний ҳаёт кечиришига имконият яратади ва уларни маънавий неъматлар деб аталади. Маънавий неъматларни моддий неъматлардан фарқли ўлароқ, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўлмасада, бироқ инсоният наздида уларнинг қадри баландроқдир. Чунки, моддий неъматлардан одамзотдан бошқа мавжудот ва махлуқотлар ҳам баҳраманддир. Аммо, маънавий неъмат эса, фақат инсониятга хосдир. Инчунун, имон неъматидан баҳра ололмаган киши дунё ва охиратда саодат топмагай. Ақл неъматидан бенасиб кимса эса, инсоний ҳаёт кечира олмайди. Ҳуррият неъмати эса, ҳар бир инсоннинг ер юзида эмин-эркин яшаши, ҳаётий эҳтиёжларини қондириши учун саъй-ҳаракат қилишида зарурдир.
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз истиқлол неъматига мушарраф бўлгач, халқимиз барча соҳада камоли ҳуррият ила саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлди. Жумладан, динимизга ҳам кенг йўл очилиб, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини эмин-эркин адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Ўз эътиқодини ошкор қила олмаган, ибодатларини ҳузур-ҳаловат билан адо эта олмаган ота-боболаримиз эришмаган ҳуррият неъматидан Аллоҳ таоло бизларни баҳраманд қилди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Ўнлаб зиёратгоҳлар таъмирланиб, диний идора ихтиёрига топширилди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз ҳаж ва умра зиёратига бориб келмоқдалар.
Парвардигорнинг марҳамати Истиқлолнинг шарофати туфайли элимиз ҳур ва озод бўлди. Халқимиз ўз ҳаётини ўзи ҳоҳлаганидек аждодларга муносиб тарзда, ота-боболаримиз орзу қилганларидек барпо қилиш имкониятига эга бўлди. Динимиз ботил мафкуралар ва даҳрийлик тазйиқидан озод бўлди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилганидек: яъни: “Айтинг, Ҳақиқат келди ва ботил йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир” (Исро сураси, 81-оят). Натижада, ҳалқимиз ўзлигини таниб турмушнинг барча жабҳаларида миллийликка қайтмоқда.
Мустақиллик диний илмларнинг ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Ўтган йилларда ҳадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи, маданияти ва фалсафасига оид ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилиб келмоқда. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, мўмин-мусулмон ўқувчиларга тақдим қилинди. Қуръони карим ва ҳадис тўпламларининг таржимаси бу соҳадаги энг муҳим ютуқларимиз бўлди.
Ўтган йиллар давомида ҳукуматимиз томонидан диний соҳага тааллуқли бўлган бир нечта қонун ва қарорлар қабул қилинди. Бу эса, мамлакатимиз ҳукуматининг дин ва диндорларга нисбатан нақадар ҳурмат ва эҳтиром кўрсатаётганининг ёрқин мисолидир. Албатта, диний соҳадаги бундай ислоҳотлар мўмин мусулмонларнинг динга бўлган ҳурмат ва эътиборини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Истиқлолнинг буюк неъмат эканлигини ҳурлиги, эрки қўлидан кетган, ватанидан узоқда бўлган киши яхши ҳис қилади. Шундай экан, ҳур озод ва обод она Ватанимиз мустақиллигининг қадрига етиб яшамоғимиз лозим бўлади. Бундай буюк неъмат шукри ўлароқ, бутун онгу шууримизни бугунги кун қадрига етиб яшашга, диний эркинликлардан тўғри ва оқилона фойдаланишга, саъй-ҳаракатларимиз ва барча имкониятларимизни фарзанд ва ёшлар тарбиясига қаратиб, бор куч ва ғайрат билан юртимиз равнақига ҳисса қўшишга қаратмоғимиз даркор бўлади. Шу азиз ватан барчамизники, бу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсон азиз она Ватанимиз олдидаги фуқаролик бурчларини яхши англаб олмоқлари лозим. Катта ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиш билан бирга зиммамизда бурч ва мажбуриятлар борлигини ҳам унутмаслигимиз даркор.
Аллоҳ таоло юртимиз мустақиллигини мустаҳкам қилиб, халқимиз ҳаётини яна ҳам фаровон бўлишини насиб айласин.
Muslim.uz материаллари асосида
Х.Хонимов тайёрлади.
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби