“Энг маърифатли имом – 2019” танловининг Республика босқичи
Якунига етиб бораётган 2019 йил мамлакатимизда барча йўналишларда бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам янгиликлар, ўзгаришлар ва ислоҳотларга бой бўлди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ислом маърифатини кенг тараннум этиш, аждодларимизнинг маънавий меросини янада чуқур ўрганиш йўлида муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида жуда кўплаб эзгу ташаббуслар, хайрли лойиҳалар амалга оширилди.
Бу ишлар негизида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги имом-хатиблар томонидан дин равнақи, халқ фаровонлиги, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида аҳамият касб этади.
Имом-хатиб дин тарғиботчиси, шариат пешвоси ҳисобланади. Шу билан бирга у жамиятдаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланган. Динимиз софлигини асраш, халқимизга зиё ва маърифат тарқатиш, тинч ва осуда дамларимизга шукроналик ҳисси билан яшашга ундаш айни диний соҳа ходимларининг хизматларидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда “Энг маърифатли имом” кўрик танлови ўтказилиб келинади.
Танловнинг мақсади бугунги талабларга жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имомларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдир.
Танлов уч босқичда: туман-шаҳар, вилоят ва Республика миқёсида ўтказилади.
Шу йилнинг 12 декабрь куни пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажумасида танловнинг ҳал қилувчи - Республика босқичи ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичи ғолиблари иштирок этдилар.
Танловга ҳамоҳанг равишда йил давомида фаол хизмат кўрсатган, фидоий ва ўз ишида намуна кўрсатган имомлар қуйидаги йўналишларда тақдирландилар. Жумладан, “Энг фаол имом” – Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-хатиби Мухторов Фазлиддин домлага насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар танловнинг махсус дипломи ва статуеткалари, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати