Мусулмон жамиятида одамлар бир-бирларига насиҳат қилганларида Аллоҳ таолонинг таълимотларида келган фазилатлар билан зийнатланишга чақирадилар. Бу эса ўз навбатида жамият аъзоларининг фазилатлари камолига сабаб бўлади. Ўз-ўзидан бундай жамият тараққий этади, гуллаб-яшнайди ва бахт-саодатга эришади.
Агар жамият аъзолари бир-бирларига насиҳат қилмай, хато, нуқсон ва камчиликларга лоқайд бўлсалар, таназзулга юз тутадилар. Аммо аъзолари доимо бир-бирларининг хатоларини тўғрилаб турган жамият тараққий этади, гуллаб-яшнайди ва бахт-саодатга эришади.
Динимизнинг бош ғояси насиҳат, яъни самимийликдан иборат бўлиб, аввалда ўтган пайғамбарлар ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган. Масалан, Нуҳ а.с. ўз қавмига хитоб қилар экан:
أُبَلِّغُكُمْ رِسَالَاتِ رَبِّي وَأَنْصَحُ لَكُمْ
яъни: “Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман...”, деган (Аъроф сураси, 62-оят). Солиҳ а.с. ҳам ўз қавмини азобдан огоҳлантирганида шундай деган:
وَقَالَ يَا قَوْمِ لَقَدْ أَبْلَغْتُكُمْ رِسَالَةَ رَبِّي وَنَصَحْتُ لَكُمْ وَلَكِنْ لَا تُحِبُّونَ النَّاصِحِينَ
яъни: “Эй қавмим! Мен сизларга Раббимнинг топшириғини етказдим, сизларга насиҳат қилдим, лекин (сизлар) насиҳатгўйларни ёқтирмайсиз” (Аъроф сураси, 79-оят). Бошқа пайғамбарларнинг ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар;
عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رضي الله عنه : أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :"الدِّينُ النَّصِيحَةُ . قُلْنَا لِمَنْ ؟ قال : لِلَّهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ"
(رواه البخاري ومسلم)
яъни: Тамим ад-Дорий р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дин насиҳатдир”, дедилар. Биз: “Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Унинг китобига, Унинг расулига, мусулмонларнинг имомларига ва мусулмонлар оммасига”, – дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу ҳадис динимизнинг асосини баён этувчи манбалардан биридир.
Ҳасан Басрий айтадилар: «Сиз биродарингизни то у қила олмайдиган ишларга ҳам буюрмагунингизга қадар, зиммангиздаги унга нисбатан бўлган насиҳат ҳаққини адо қилган бўлмайсиз»
Саҳобалардан бири шундай деган эди: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасам ичаман, агар истасангиз сизлар учун яна Аллоҳ таоло номига қасам ичиб айтаманки, Парвардигор учун энг суюкли кишилар Аллоҳни бандаларига, бандаларини эса Аллоҳга муҳаббатли кўрсатиб, ер юзида насиҳат билан кезувчи инсонлардир!»
Абу Бакр Музаний дедилар: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бошқа саҳобалардан намози ёки рўзаси билан эмас, балки қалбидаги нарсаси ила устун бўлганди. Унинг қалбида Аллоҳга муҳаббат ва бандаларига насиҳат бор эди».
Фузайл ибн Иёз айтдиларки: «Бизнинг назаримизда юксак мақомга эришганлар кўп намоз ўқиш ёхуд доим рўза тутиш билан бу даражага чиқмаганлар. Улар бизнингча, қалблар саховати, кўнгиллар мусаффолиги ва умматга яхшилик соғиниш билан шу даражага етганлар».
Жамият аъзолари динимиз таълимотлари асосида бир-бирларига насиҳат қилишни йўлга қўйсалар, барчалари бир-бирлари билан дўст-биродар бўладилар. Уларнинг барчалари бир-бирларига омонлик тарқатадиган шахсларга айланадилар. Барча аъзолари сидқидилдан қилинадиган насиҳат асосида дўст-биродар бўлган, бир-биридан фақат омонлик келадиган жамият тараққий этади, гуллаб-яшнайди ва бахт-саодатга эришади.
Нормурод Шойимов.
Китоб тумани "Севаз" жоме масжиди имом-хатиби