Инсонларга тинчлик-осойишталикдан кўра тансиқроқ, азизроқ неъмат берилмаган. Аллоҳ таоло тамонидан инсониятга берилган ҳар бир неъматнинг роҳати, ҳаловати бевосита тинчликка боғлик десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Аллоҳ асрасин, агар нотинчлик бўлса тўй-томоша, хурсандчилик, ўйин-кулги татимайди.
Урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-ҳаловат, турмушидан ором-фароғат кўтарилади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини турли сабаблар билан уруш чиқаришдан, бир-бирларига қурол ўқталишдан қайтарган, ҳаттоки ҳақ бўлсада жалжал қилмасликка чақиради. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Гарчи ҳақли бўлсада, жанжаллашишни тарк қилган киши учун жаннатнинг четида уйи бўлишга, ҳазиллашиб бўлсада ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида уйи бўлишга ва чиройли хулқ соҳиби учун жаннатнинг энг юқорисида уйи бўлишга кафилман”. Абу Довуд ривояти.
Тинчликнинг қандай улуғ неъмат эканини тасаввур қилиш учун ҳар куни хотиржамлик билан иш ва бошқа юмушларга бориб келаётганимиз, фарзандларимизнинг хеч қандай хавф-хатарсиз мактабларга қатнаётганини кўришнинг ўзи кифоя. Неъматнинг қадри йўқолганда билинади, дейдилар. Ҳозирги кунда дунёга боқсак, турли минтақаларда уруш, бу ерда тўполон, зилзила, тошқин оқибатида қанча-қанча шаҳарлар харобага айланаётгани, гўдаклар, қариялар, тинч аҳоли нобут бўлаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Аллоҳ таоло инсонга ақл неъматини берганки, бу билан тафаккур қилиб, берилган неъматларни қадрига етиш ва тинчликни бардавом бўлишини Яратгандан сўраб дуо қилиш ҳам лозимдир.
Хотиржамлик, осойишталик неъматини сўрашликда доно халқимиз нечоғлик тўғри ва гўзал йўл танлаган. Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83) деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади.
Юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра, биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.
Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.
Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом, энг аввало, инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишликни сўраб, дуо қилишлик тўғрисида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Айнан шу мазмунни Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, хотиржамлик тилайлик! Зеро, «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» деган бош ғоя остида бирлашиб, жонажон юртимиз равнақига ва халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Луқмонхон ОЛИМОВ,
Китоб тумани бош имом хатиби