1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НАЖОТ - ТАЪЛИМДА

27-08-2024, 14:50 430 Ўқиш режими + -
Инсонни илм ўрганиш ва унга амал қилиш билан жамики мавжудотлардан фазилатли қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Илм талаб қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарздир, деган пайғамбаримизга саловот ва саломларимиз бўлсин!
Бу буюк омонатни бизгача етиб келишида улкан хизмат қилган уламолар, азиз имомларимиз ва барча илм аҳлига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! 
Илм, уни талаб қилувчи талаба ва илм ўргатувчи устозларнинг мақоми, мартабаси юксак ва улуғдир. Илм ва унинг фазилатини билиш учун Қуръони каримга мурожаат қиладиган бўлсак, бу борада жуда кўпгина оятларни учратишимиз мумкин. Жумладан, Алақ сурасида “Яратган Роббинг номи билан ўқи”, Наҳл сурасида “Агар билмасанг, зикр аҳлидан (биладиганлардан) сўрангиз”, Мужодала сурасида “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни, хусусан, илмга берилганларни даражаларини кўтарур”, Зумар сурасида “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг булурми?, деб айт” бошқа бу каби илм ва унинг аҳли бўлганларнинг фазли ҳақида жуда кўплаб оятларни кўришимиз мумкин.
Расулимиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларида ҳам илм ва унинг аҳлини мадҳ этувчи жуда кўплаб ҳадисларни кўришимиз мумкин. Жумладан, Абу Дардо розияллоҳу анҳу “Ким илм талаб қилиш йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осин қили  қўяди. Албатта фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қнотларини қўядилар”. Бошқа ҳадисда “Бадр кечасидаги тўлин ой юлдизлардан қандай фазилатли бўлса, олим ҳам обиддан шундай фазилатлидир” деганлар.
Бу ажру мукофотлар қандай илм аҳлига берилади ёки илм фарз деганда қандай илмни тушунамиз дейилса, уламоларимиз айтадиларки, инсоният учун зарур бўлган, фойда келтирадиган, унинг тараққиёти учун хизмат қиладиган барча илмларга деб, жавоб берадилар. Демак жуғрофия, кимё, математика, тарих ёки бошқа шунга ўхшаган дунёвий илмларни ўрганаётган киши билан диний фанларни ўрганаётган илми толибнинг ажри ва савоби бирдир. Чунки, пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Сизларнинг энг яхшиларингиз дунёни деб динни, динни деб, дунёни тарк қилмаганингиз” деган, ҳадисларида ҳам ҳар иккала илмни ҳам бирдек ўрганишга ишора бор. 
Юртимизнинг барча таълим муассасаларида хоҳ олий, хоҳ ўрта махсус ва мактабларда янги ўқув йилини бошланиши учун саноқли кунлар қолди. Талабалар, мактаб ўқувчилари ва барча илм истовчилар юқоридаги оятлар, ҳадисларда зикр қилинган улкан фазилат соҳиблари бўлиш, шундай бахтга, саодатга эришиш, ажр савобларни қўлга киритиш учун шариатимизнинг бир қатор кўрсатмаларига риоя этишлари лозим ва лобиддир. 
  1. Ниятни холис қилиш. Ният шу даражада муҳимки, у туфайли аслида ибодат бўлган қанча-қанча амаллар оддийгина дунёнинг амалига айланиб қолади ва қанча-қанча амаллар борки, бизнинг тасаввуримизга кўра дунёвий бўлсада яхши ниятлар туфайли охират амалига, яъни ибодатга айланиб қолади. 
  2. Илм воситалари бўлмиш   китоб, дафтар, қалам ва бошқа нарсаларга ҳурмат ила муомалада бўлиш. Чунки, илм воситаларини ҳурмат қилиш, илмни ҳурмат қилиш демакдур.
  3. Устозларни ҳурматини жойига қўйиш энг зарур ишлардан. Зеро, устоз ва мураббийларни ҳурмат қилиш илмни ҳурмат қилишдир. Устозларни ҳурматини жойига қўйиш билангина инсон манфаатли илмга ва юксак мартабага эришади. Устозу олимларга ҳурматсизлик қилиш илмга ҳурматсизлик қилиш бўлади. Бу сабабдан инсон илмдек буюк неъматдан маҳрум бўлиб қолиши ёки унинг манфаатларидан қуруқ қолиши мумкин. 
  4. Ота-оналарни доимо дуосини олиш ва ҳурмат қилиш. Ота-оналарнинг фарзанди ҳаққидаги ҳар қандай дуоси ижобатдир. Шунинг учун доимо фарзанд уларнинг яхши дуоларини олиш пайида бўлиш керак.
  5. Талабалар ва ўқувчилар бир-бирлари билан ўзаро муносабатларини, суҳбатларини чиройли қилиш, турли ёмон иллатлардан узоқ бўлиш лозим.
  6. Энг асосийси вақтнинг қадрига етиш. Бу ёшлик даври, талабалик даврининг ҳар бир кунини ғанимат билиш фойдаланиб қолиш. Доно халқимизда бир мақол бор, унда шундай дейилади: “Вақтинг кетди, бахтинг кетди” Ҳа, вақт гўё улуғ бахт кабидир, уни ғанимат билмаслик катта гуноҳдир. Ёшлик даврида берилган имкониятлар инсоннинг умри ўтиши, кексайиши билан бирма-бир кетишлигини асло ёшларимиз унутмаслиги керак. 
  7. Илм билан инсон одоб касб қилиш керак. Муҳтарам юртбошимизнинг “Илм-маърифат тараққиёт кўзи бўлса, тарбия унинг мияси, таълим эса юрагидир. Шу боисдан “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда”, деган ўгитлари барчамизни жиддий ўйлашга чорлайди.
Юртимизнинг барча илм аҳлига бошланаётган янги 2024-2025 ўқув йили муборак бўлсин. Аллоҳ таоло ёшларимизга ватанимиз корига ярайдиган, юртимиз байроғини дунёга тараннум қиладиган илмларни насиб қилсин.
 
 
Ўткир Маҳмудов
 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
 таълим муассасаси ўқитувчиси