1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳасаддан сақланайлик

29-08-2024, 10:23 174 Ўқиш режими + -
Ҳасад бу  инсон қалбида туғиладиган ҳис-туйғудир. Инсондаги бу туйғуни келтириб чиқарадиган оқибатига кўра салбий туйғу деб ҳисобланади. Бу туйғу инсонлардаги бир-бирларини кўролмаслик, ичи қоралик, бахиллик каби иллатлар туфайли пайдо бўлади. 
          Аллоҳ таоло ўз фазли билан бирор кишига бирор нарса берса, уни кўролмайдиган кишилар бўлади. Ана шу кишилар ҳасад қиладилар, улар ҳасадчилардир. Бу ҳақда пайғамбаримиз( с.а.) шундай дейдилар: “ Аллоҳ таоло айрим кишиларга берган неъматни душманлари бўлади. Аллоҳ таоло ўз фазли билан бирор кишига бирор неъмат берса,  улар у неъматни йўқолишини орзу қиладилар ва ҳасад қилиш йўлига ўтадилар”.  
Донишмандлар ҳасад қилувчига қуйидаги балолар келиши ҳақида огоҳлантирганлар. Улар қуйидагилар:
  1. Ҳасад гуноҳ ишларга бошлайди. 
Дунёнинг аввалида Шайтон инсонга ҳасад қилди.   Ҳасад туфайли Шайтон Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор, осий бўлди. Ва  Аллоҳ таолонинг даргоҳидан лаънатланиб ҳайдалди. 
  1. Ҳасад бировга зулм қилишга бошлайди.
         Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Одам (а.с.) нинг ўғилари Қобил билан Ҳобилга қурбонлик  қилишликни буюрди. Ҳобил ўз қўйларидан энг чиройлисини қурбонликка танлаб, қурбонлик қилади. Қобил деҳқончилигидаги энг ёмон маҳсулотни қурбонликка атади. Одам (а.с.)  дуо қилдилар, осмондан олов тушиб, Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлди. Ва Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлиши билан Қобулнинг Ҳобулга нисбатан ҳасадини юзага келтирди . Қобул  ҳасаддан тийилмади, у охир оқибатда жиноятга қўл урди. Ер юзида энг аввал инсон қони ҳасад туфайли тўкилди. 
 3. Ҳасад юзи қароликни келтириб чиқаради. Юсуф (а.с.) нинг кўрган тушлари сабаб акалари ҳасад қилдилар. Ва Юсуф (а.с.)ни қудуққа ташлаб, уни бўри еди, деб зулм қилишади. Юсуф а.с. акаларининг ҳасад сабабли қилган зулмларига сабр қилдилар. Ва охири сабр туфайли Юсуф (а.с.)нинг юзлари ёруғ бўлиб, ҳасад қилган акалари эса ҳасадлари туфайли юзлари қаро бўлди. 
4. Ҳасад савоб ишларни йўққа чиқаради.
Ҳасад инсонийликка тўғри келмайдиган, ва у инсондаги савоб ишларни йўққа чиқарадиган жирканч одатдир. Давлатимиз раҳбари И.Каримов бу ҳақда:
 “Шунинг учун ҳам муқаддас китобларимизда ҳасад инсонийликка мутлақо зид бўлган жирканч одат сифатида қаттиқ қораланади. Жумладан, муборак ҳадисларда “ Бировга ҳасад қилишдан сақланинг, чунки олов ўтинни қандай куйдириб тугатса, ҳасад ҳам савоб ишларимизни худди шундай куйдириб тугатади”, деб айтилгани бежиз эмас”, дейди.
5.Ҳасади бор кишининг дуо ва ибодати қабул бўлмайди. Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “ Уч кишининг дуоси қабул бўлмайди. Улар луқмаси нопок, ғийбатчи ва ҳасадчи кишилардир”.
  1. Ҳасад эгасини фойдасиз ва оқибати йўқ ғам-ташвиш,  қийинчиликларга солади. Донишмандлардан бири айтади: “ Ҳасад қилувчи одамдан бахтсиз киши йўқ, чунки унга ҳар доим ғам-қайғу ҳамроҳ бўлади”.
  2. Ҳасад инсон қалбидан раҳмни чиқариб ташлайди. Донишмандлар бири: “ Ҳасад қилишдан сақлан,  шунда қалбинг пок юради”.  
  3. Ҳасад инсонга хорлик келтиради.  Донишмандлар: “ Ҳасад инсонга хорлик келтиради”, дейишади.
  4.  Ҳасад қилувчи кишининг соғлигига зарар беради. Луқмони Ҳаким ўз фарзандларига насиҳат қилиб шундай дейди: “ Ўғлим, ҳеч қачон бировга ҳасад қилма, ҳасад ҳасадчининг соғлигига келган офатдир”.  
  5.  Ҳасад инсоннинг омадини кетишига сабаб бўлади. 
  6. Ҳасади бор одам жаннатга кирмайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Ҳасад қилувчи менинг умматим эмас”, деганлар.
  7. Ҳасад инсонни дўзахга киришига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Олти нафар киши дўзахга киради, шулардан бири ҳасадчидир”, деганлар. 
Донишмандлар ҳасад қилинган инсон сабр қилиб,   ёмонликка яхшилик билан жавоб берса,   қуйидаги яхшиликлар берилиш хабарини беришган:
  1. Инсон ўз тинчлиги ва соғлигига офат етишдан сақланади.
  2.  Умри узун бўлади.
  3. Ризқи кўпаяди.
  4. Мартабаси ва обрў-эътибори кўтарилади.
  5. Мақсадига етади.
  6. Савоби кўпаяди.
  7. Гуноҳи кечирилади.
  8. Юзи ёруғ бўлади.
  9. Қалби пок бўлади.
  10. Дуолари ва ибодати қабул бўлади.
  11. Дўзахдан паноҳ топади.
  12. Жаннатга киради.
             Ҳасад  жамият кишилари орасида яхшиликда бардавом бўлиш каби яхши хислатларни тугатиб, унинг ўрнига ўзаро келишмовчиларни келтириб чиқаради.   Бу ҳақда   Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дейдилар:  “ Инсонлар доимо яхшиликда бардавом бўладилар, токи ( бир-бирларига) ҳасад қилмагунларича”.   Ҳасад одамлар орасида аҳилликни бузади, уларни тинч-тотув ҳаётларига раҳна солади. Улардаги ҳамжиҳатлик, бир-бирларига ҳамдардлик, ўзаро ёрдам каби инсоний фазилатларга путур етказади. Баъзан эса ҳасад туфайли одамлар  орасида жиноятга қўл  уради. Ҳасад инсонийликка мутлақо зид бўлган жирканч одат сифатида қаттиқ қораланади. Шу сабабли Аллоҳ таоло ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўраб туришга буюради: “ Айтинг ( Эй Муҳаммад), ... ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман”. (Қуръон, Фалақ сураси).
Алишер Навоий ҳазратлари ҳасадлик кишининг ҳасади унинг учун ёмон бало эканлигини қуйидагича ёзадилар:
Ҳар кимки ҳасуд эрур сазодур ҳасади, 
Ҳақдин бўлғон ямон қазодур ҳасади,
Ўз жонига етгунча балодур ҳасади,
Билким анга дарди бедаводур ҳасади.
          Айниқса, ҳасадни фарзандларимизда ёшликдан шаклланишини олдини олишимиз керак. Оилада фарзандларимизни қизғанғич, ичи қора, бахил, ака-опасига ҳасад қиладиган ҳолда тарбияланишидан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Фазандларимизнинг   бирини бошқасидан  устун кўрмаслигимиз, улар ўртасида ҳасад ҳисси уйғонтирмасдан адолат қилишимиз  лозим. Фарзандларимиз ўртасида адолат қилаолмаслигимиз улар орасида ҳасадни шаклланишига олиб келади. Ҳасад эса инсонни ҳалокатга олиб борувчи иллатдир. Шу сабабли ҳасаднинг оқибатларини ўз оила, маҳаллаларимизда тўғри тушунтириб боришимиз ва ҳасад билан эмас, балки ҳавас билан яшаётган юртдошларимиздан ўрнак олиб яшашга ўргатишимиз лозим бўлади. Ана шундай қилсак, жамиятимизда ҳасад туфайли келадиган офатларни олдини олган бўламиз ва келгуси ишларимизнинг янада муваффақиятли бўлишига эришамиз. 
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими