Ҳазрат Румийнинг бир фикри бор: “Гиламни нега қоқадилар, гиламни нима учун калтаклайдилар? Чанг – ғубордан ҳалос қилиш учун”. Демак, сизга бир ташвиш келдими Румий бобомиз айтганларидек сизни ғуборлардан тозалаш учун берилган синов деб қабул қилинг. Шикоят эмас шукр қилинг…
Инсоннинг қалби тош сингариидир. Ҳатто баъзан тошданда қаттиқ ва маъюсдир. Бу маъюсликни фақат тақво, шукр ва севинч кўз ёшлари кеткиза олади. Шукр гўзал ахлоқларнинг бири ҳисобланади. Ғаззолий ҳазратлари айтганларидек: “Чакмон инсонга қанчалик ёқимли бўлса, ҳамд – шукр ҳам Аллоҳ таолога шунчалик ёқимлидир”. Аллоҳ таолога Айюб (алайҳиссалом)га ваҳий йўли билан: “Мен комил бандаларимдан комиллиги эвазига фақат шукр олишга рози бўлдим”, деб билдиргани. “...ва агар Аллоҳга ибодат этгувчи бўлсангизлар, У Зотнинг неъматларига шукр қилинглар” (Наҳл сурасидан). Шарафли ҳадисда дейилдики: “Қиёмат куни “Ҳар қандай ҳолда Аллоҳга шукр қилганлар оёққа турсин!” – деган амр ўқилади, шунда бир гуруҳ инсонлар ўринларидан турадилар. Улар учун бир байроқ кўтарилади ва улар жаннатга қараб кетадилар”.
Ибн Масъуд (р.а.) бундай дедилар.
Шукр – иймоннинг ярми. Шукр: қалб билан, тил билан, аъзолар билан изҳор этилади.
Қалб билан шукр қилиш – қалб билан яхши нарсаларни ният қилиш ва барча жонзотлар учун қалбда яхши фикрларни жо этиш демакдир. Тил билан шукр қилиш – шукрни далилловчи сўз ва жумлалар билан Аллоҳ таолога ҳамд айтмоқлик (яъни, Алҳамдулиллаҳ). Аъзолар билан шукр қилиш – Аллоҳ таолонинг неъматларини ибодат, итоат ва яхшилик йўлларида ишлатиш, уларни Аллоҳ таолога исён йўлида ишлатишдан тийилишдир. Масалан, гап-сўз бўлиб турган ҳар турли гуноҳ ва айб нарсаларга қарашдан кўзларни олиб қочиш ва юмиш – кўзнинг шукри ҳисобланади. Тил билан шукр қилмоқ ҳам шу доирага киради. Пайғамбаримиз ﷺ бир кишидан сўрадилар:
Тонгача тунинг қандай ўтди?У киши жавоб берди:
Яхши ўтди.Расулуллоҳ ﷺсаволни яна такрорладилар. У киши ҳам айни жавобни берди. Савол учинчи марта такрорланганида, у киши хатосини англаб:
Яхши! Алҳамдулиллаҳ! Ўзига минг қатла шукр! – деди.Шунда Расули акрам ﷺ мамнун бўлиб: “Сендан тилаган жавобим шу эди”, деб марҳамат қилдилар.[1]
Юқоридаги таърифга қўшимча изоҳ сифатида тил воситаси ила Аллоҳ таолонинг ҳукмларига розиликни ифодаламоқ тилнинг шукридир. Зотан, тилга шу вазифа юкланган. Нилуфар БЕРДИЕВА“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси [1] “Одамийлик мулки” – “Ҳусну хулқ” (Ахлоқ китоби)