1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Юрт тинч бўлса - хотиржамлик қарор топади

6-09-2024, 06:18 208 Ўқиш режими + -
Инсонларга тинчлик, осойишталикдан кўра тансиқроқ, азизроқ неъмат йўқ. Юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, хурсандчилик, ўйин-кулги татимайди.   Урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-ҳаловат, турмушидан ором-фароғат кўтарилиб кетади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бўлар-бўлмас сабаблар билан уруш чиқаришдан, бир-бирларига қурол ўқталишдан қайтарган.  
Аммо азалдан яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик каби нисбий кучлар бўлганидек, инсон ҳаётига раҳна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Улардан бири эса диний ақидапарастлик ва терроризмдир. Бу балою офат ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва ХХ1 асрга келиб, ўзининг жирканч қиёфасини яққол намоён эта бошлади.
Ҳозирги кунда ўзи мусулмонликни даъво қилиб ислом дини қоралаган ишларни қилаётган, ўзига ва ўзгаларга озор бераётганлар ҳам кўп.  Биз биламизки муқаддас динимиз кўрсатмаларида нафақат ўзини, балки ўзгалар тинчини бузиш ҳам қаттиқ қораланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ҳақиқий мусулмон бошқа мусулмонларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаган киишдир”- деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). 
Диний экстремизм ва терроризм каби ҳодисаларнинг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалса-да, улар ҳеч қачон ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт учун бугунгидек таҳдид солмаган. Шундай экан, бугунги кунда унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш инсониятнинг истиқболига дахлдор масалага айланди. 
Аллоҳнинг бизларга бераётган тинчлик неъмати ва бошқа  неъматларига доимо шукрда бўлишимиз керак.  Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Киши эрталаб уйқудан уйғониб турса, унинг оиласи тинч, тани соғ, уйида егулик озуқаси барқарор бўлса, неъматларнинг барчасига муяссар бўлибди”. Демак, саломат ҳолда тонг оттирсангиз, оила ва фарзанларингиз тинч-осойишта бўлса, ризқингиз тўкис бўлса, чин инсонлик ҳаққи фақат шукр келтириш билан мазкур неъматлар давом этиши эслатиб қўйилмоқда.
Биз мавжуд тинчликнинг қадрига етиш билан бирга, ношукрчилик қилишдан сақланишимиз, унинг бардавом бўлишини Аллоҳдан доимо сўраб туришимиз  керак. Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: "Эй Анас! Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан". Ҳа, албатта, тинч юртда хотиржамлик қарор топади, фарзандлар эмин-эркин камолга етади, жамият ҳар томонлама юксалади. 

Жалолов Турғун 
Китоб туманидаги “Қўшчинор” жоме масжиди имом-хатиби