1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ўз болангни ўзинг асра!

5-08-2024, 22:06 106 Ўқиш режими + -
Юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда ва унинг гуллаб яшнашида, оилада сингдирилган тарбия, ватанга муҳаббат, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат каби юксак инсоний фазилатларнинг ўрни беқиёсдир. Бола тарбиясида энг муҳим шарт–шароит оиланинг мустаҳкам, маънавий соғлом асосга қурилганлиги, айниқса ота – онанинг ўзи тарбияланган, улар ўртасида тотувлик, аҳиллик, чин дўстлик барқарор бўлиши, болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларнинг кундалик эътиқоди тарзида маъсулиятли эканлигини тушунишлари керак.
Оиланинг асосий вазифаси соғлом авлодни камол топтиришдан иборатдир. Зеро ҳар бир миллат ва жамиятнинг бебаҳо ҳазинаси - соғлом, маънавий баркамол оиладир. Ҳозирги шароитда оилаларда умуминсоний ва миллий қадриятларга таянган, шарқона ахлоқий хусусиятлар акс этган маънавий-ахлоқий муносабатлар қарор топмоқда. Оилада ҳуқуқий, ахлоқий ва руҳий асослар такомиллашиб бормоқда. Уйда соғлом ахлоқий муҳит, ўзаро муомала маданияти, ахлоқий тамойил чуқур илдиз отмаса, оилада бўшлиқ, салбий ҳолатларнинг қарор топиши муқаррар. 
Бола вояга етиб, унда фикрлаш аломатлари намоён бўлса, уни яхши кузатиш ва аҳволини ўрганиш лозим бўлади. Чунки боланинг қалби содда ва тоза бўлиб, у ҳар қандай нақшни қабул қилишга тайёр. Агар яхшиликка одатлантирилса, яхшилик билан улғаяди. Унинг савобига ота-она ва тарбия берувчилар шерик бўлади. Агар ёмонликка одатланса, ёмонлик билан улғаяди ва жавобгарлик унинг яқинлари бўйнига тушади. 
Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом, бақувват, маънавий жиҳатдан етук инсон бўлиб етишишини истайди ва бунинг учун бор куч ва ғайратини аямасликка ҳаракат қилади. Баъзи ота-оналаримиз тажрибасизлик қилиб “Боламни яхши едирсам, ҳеч кимдан кам қилмай кийинтирсам, ҳаётда ўз ўрнини топа олиши аниқ”, деб нотўғри фикрга борадилар. Тўғри, бундай ота-оналарнинг фарзандлари жисмонан соғлом бўлиши мумкин, лекин уларнинг руҳий, ақлий ва маънавий жиҳатдан ривожланиши ҳам етарли даражада бўлса нур устига нур бўлар эди.
Ҳозирги даврда инсоният маънавиятидаги ўзгаришлар оилага тегишли айрим глобал муаммоларни келтириб чиқарди. Баъзи мамлакатларда асрлар давомида шаклланган бурч, оилавий садоқат, эътиқод каби ахлоқий-маънавий асосларга, оилавий маданият ва анъаналарга беписандлик, никоҳга ҳурматсизлик қарашлари нисбатан кучайди, болалар ва кекса ота-оналарни болалар ва қариялар уйига жойлаштириш ҳоллари ортди. Оила шаънини улуғлаш, авлодлар анъаналарини қадрлаб, уларга содиқ бўлиш каби миллий фазилатлар ўз қадрини йўқотмоқда. Оилага муносабат борасидаги бундай маънавий таназзул кўплаб мамлакатларни қамраб олди. Бу эса янги авлодларда баъзи зарарли одатлар: чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, гиёҳвандлик, аёллар ва болалар жиноятчилиги, ажримлар каби иллатларнинг урчиб кетишига олиб келди. Оиланинг қадрсизланиши инсоният маънавий ҳаётининг давомийлигида кўплаб муаммолар пайдо бўлишига олиб келишини тарих исботлади.
Шундай экан оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг мустаҳкамлигига, унда камол топаётган болаларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш масалаларига ҳеч биримиз бефарқ бўла олмаймиз. Ҳар бир оиланинг муқаддас вазифаси - қобилиятли фарзандларни ўстириш, уларни жисмоний, интеллектуал ва маънавий томондан етук қилиб, ота-онасига, Ватанига садоқатли инсонлар қилиб тарбиялашдан иборат.
Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусидаги анжуманда сўзлаган қуйидаги нутқига эътибор қаратсак: “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас...”.
Бугунги тезкор ўзгаришлар даврида ёшларимиз онги ва қалбини эгаллаш учун астойдил уринаётган ёвуз кучлар мавжуд. Улар айрим ёшларнинг соддадиллигидан фойдаланиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби баҳоналар билан ўз тузоқларига илинтиришга ҳаракат қилмоқдалар. Демак биз ота-оналар фарзандларимизни тарбияси билан астойдил шуғулланиб, доимо назорат қилиб борайлик. Юртбошимиз айтганларидек: “Ўз болангни ўзинг асра!” даъватига амал қилайлик.
 
 
Азамат УСМОНОВ,   
Касби туманидаги   “Фазли” жоме масжиди имом-хатиби