Интернет тармоқларини кузатганимизда айрим бузғунчи тоифалар мўмин-мусулмонлар орасида фитна-фасод уруғини сочмоқдалар. Бу фитна-фасодларини ўзларича диндаги “ислоҳот” деб кўрсатмоқчи бўладилар. Ва яна гўёки, улар диндаги “ислоҳотчилар-у”, уларнинг қарашларига қўшилмаганлар эса адашганлар эмиш.
Аслида, бузғунчи тоифаларнинг мўмин-мусулмонлар орасида фитна-фасод тарқатиши, қолаверса ихтилоф чиқариши “ислоҳот” ҳисобланмайди. Бундай “ислоҳот”ни Ислом дини қоралайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай дейди:«Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!» - дейилса, улар: «Албатта, биз чин ислоҳчилармиз», - дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара сураси, 11-12-оятлар).
Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да:“Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм қилиш, улар жони ва молига тажаввуз этиш инсониятга қаратилган энг мудҳиш жиноятдир. Террор, бузғунчилик, зулм, урушлар, одамларнинг жабр-ситам кўришлари ва хўрланишларига сабаб бўлувчи бошқа барча тажаввузкорликларни динимиз қоралаган” дейилади.
Аллоҳ таоло барчамизни турли хил бузғунчиликлардан асраб, тинчлик-осойишталик йўлида ўзаро ҳамжиҳат бўлиб, эзгу амалларни қилишга муваффақ қилсин!
Раҳматилло УСМОНОВ