Шайҳ, имом Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Гуноҳлар куфрнинг элчисидир". Ҳадис гарчи заиф бўлса-да, маъноси саҳиҳдир. Кўп гуноҳ қилиш инсонни унитувчан қилиб қўяди. Агар ҳақиқатларни унутиб, шу ҳолда давом этаверса, иш қалб қотиши томон кетади. Қалб қотса, ақида тўзғийди. Ўлим фариштаси эшик қоққанда, инсон ўлим талвасасида ўз ақидасини унутади. Ботин ақлида ўрнашиб қолган ишларнигина эсга олади. Мўмин кишининг қалби Аллоҳнинг зикри қилинса, Аллоҳдан қўрқиб ёрилиб кетгудек бўлиши керак. Мана шундан исломингиз ва иймонингиз ҳаққонийлигини қиёслаб олинг. Агарда нафсингиз қалб қотиши билан қийналаётганини кўрсангиз, билингки сиз хатарли касалга чалингансиз.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
“Аллоҳ зикридан бўлмаган гапларни кўпайтирмангиз. Чунки Аллоҳ зикридан бўлмаган гапларни кўп гапириш қалбни қотиради. Аллоҳ таолодан энг узоқ банда қалби қаттиқ кимсадир” (Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Банда ўзи аҳамият бермаган ҳолда Аллоҳ таоло рози бўладиган бир сўзни гапириб қўяди-да, ана шу сўзи сабабли Парвардигор уни қанча даражага кўтаради. Яна бир банда ўзи парво қилмаган ҳолда Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган бир сўзни айтиб қўйиб, шу сабабли жаҳаннамга қулайди”(Бухорий ривояти).
Иброҳим ибн Адҳам (роҳимаҳуллоҳ)га Аллоҳ таолонинг: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” (Ғофир, 60) ояти ҳақида саволи берилиб: “Биз Аллоҳ таолога дуо қилмоқдамиз, бироқ У дуоларимизни ижобат қилмаяпти-ку?!” – дейилди.
Иброҳим ибн Адҳам (раҳимаҳуллоҳ) бу саволга қуйидагича жавоб берди:
“Чунки сизларнинг қалбларингиз ўнта нарса сабабли ўлган:
- Аллоҳни танидингиз, бироқ Унинг ҳаққини адо этмадингиз;
- Аллоҳнинг Китобини ўқидингиз, аммо унга амал қилмадингиз;
- Шайтонни душман деб даъво қилдингиз, бироқ уни яхши кўрдингиз;
- Расулуллоҳ ﷺни севишни даъво қилдингиз. Лекин у зотнинг тавсия ва суннатларини тарк этдингиз;
- Жаннатни севишни даъво қилдингиз, бироқ унга муносиб амал қилмадингиз;
- Жаҳаннамдан қўрқишни даъво қилдингиз, аммо гуноҳлардан тийилмадингиз;
- Ўлимнинг ҳақ эканини тан олдингиз, бироқ унинг учун ҳозирлик кўрмадингиз;
- Бошқаларнинг айбларига ишора қилдингиз, аммо ўз айбларингизга эътиборсиз бўлдингиз;
- Аллоҳнинг ризқини едингиз, Унга шукр қилмадингиз;
- Ўлганларингизни тупроққа қўйдингиз, бироқ улардан ибрат олмадингиз!”
Зеро, зикр қалб қаттиқлиги, Аллоҳнинг неъматларини йўқ қиладиган нарсаларни кетказади. У Зотнинг азоби зикр туфайли даф қилинади. Зикр банда билан жаҳаннам олови ўртасидаги тўсиқдир. Фаришталар зикр қилувчига мағфират тилайдилар.
Манбаалар асосида тайёрланди
Нилуфар БЕРДИЕВА“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси