1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Террорнинг моҳияти ёвузлик, муддаоси залолатга чорлашдир

14-09-2024, 21:09 118 Ўқиш режими + -
Ислом дини кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка даъват этади. Бироқ ундан ғаразли мақсадларни амалга ошириш йўлида фойдаланиш ҳоллари ҳам авж олиб бораётганини афсус билан қайд этиш лозим. Дин ниқоби остидаги экстремизм ва терроризмнинг глобал таҳдидга айлангани ҳам шундай хулоса чикариш имконини беради. Бу жараённинг энг хатарли жиҳати динни сиёсийлаштириш воситасида ҳокимиятга интилиш, диндан инсонлар орасига нифоқ солиш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш ва ғаразли манфаатларни руёбга чиқаришда фойдаланишга уринишларда намоён бўлмоқда.
Маълумки, Марказий Осиё минтақаси ислом илмлари ривож топган марказлардан бири сифатида асрлар давомида мусулмон маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келган. Бу эса турли бузғунчи радикал оқимлар ўзларининг экстремистик вайронкор ғояларини минтақамиз аҳолиси онгига сингдириш мақсадида интилаётгани тасодиф эмаслигини кўрсатади.
Қачонки, ғоя ижобий моҳиятга эга бўлганда улкан бунёдкорлик қувватини намойиш этса, бузғунчи мазмунни ифодалаганда даҳшатли вайронкорлик қудратига эга бўлади. Хусусан, диний экстремистлар томонидан ишлаб чиқилган ва илгари сурилган ғоялар иккинчи гуруҳга хос бўлиб, бугунги замонавий воқеликда ўзидан даҳшатли вайронагарчилик қолдириб, мудҳиш қиёфасини намойиш этмоқда.
Мутахассисларнинг таҳлилига кўра замонавий экстремистлар томонидан илгари сурилаётган "даъватлар" турли йўл, усул ва ижтимоий психологик омилларга жиддий эътибор берган ҳолда тизимли ишлаб чиқилганини кўрсатади. Улар ўзларининг ғаразли ғояларини илгари суришда куйидаги услублардан фойдаланадилар:
Биринчидан, диний-экстремистик ташкилотлар номларининг ўзидаёқ улар ўзларининг ғаразли мақсадлари ва манфур қиёфаларини қандай усталик билан ниқоблаганларини кўриш мумкин. Асл моҳияти ёвузлик, муддаоси залолатга чорлаш бўлган террорчи уюшмалар эзгу тушунчаларни ўзларига ном қилиб олганларида бунинг исботини кўрса бўлади.
Иккинчидан, диний экстремистик ташкилотлар Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларни ўз манфаатлари йўлида маъноларини бузиб талқин қиладилар. Гўёки ўзларини ҳақ йўлда қилиб кўрсатиб, ўзларига қўшилганларни албатта ҳидоят топишлари ҳақидаги ғояларни одамлар онгига сингдиришга ҳаракат қиладилар. Бу билан улар фақат ўзларини ва уларнинг ташкилотига аъзо бўлганларнигина мусулмон санайдилар. Ўзларини "Қутқарилган жамоа" қолганларни эса кофирлар деб эълон қиладилар.
Учинчидан, диний-экстремистик уюшмалар раҳнамолари орасида “жамоатдан чиқиш исломдан чиқишдир”, деган ғояни сингдириш орқали уларни ўз домларига янада кўпроқ тортиш ва шу билан бирга ўзларинигина мусулмон, қолганларни кофирликда айблаш орқали ўзлари томонларидан содир этилаётган террорчилик амалиётларини оқлашга уринадилар. Ваҳоланки, ислом таълимотига кўра, ширкдан ташқари ҳар қандай гуноҳ қилган инсон “кофир” ҳисобланмайди ва исломдан чиқмайди. Мусулмонлар жамоасидан четлашиш эса фақатгина исломни тарк этиш (муртадлик)да намоён бўлади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Агар бир киши ўз биродарига:”Эй кофир” деса, иккаласидан бири ўшандай (яъни, кофир) бўлади”. Диний-экстремистларнинг мусулмон кишини куфрда айблашлари аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид бўлиб, ўтакетган тубанлик ҳисобланади.
Экстремизм ва терроризм бугунги кунда глобал характерга эга бўлиб, дунёнинг барча мамлакатлари ҳамда минтақаларига бирдек хавф солмоқда. Шундай экан, унинг олдини олиш, унга қарши курашиш инсониятнинг истиқболига дахлдор масалага айланди. Ҳамда кишилик жамияти олдига бир қатор комплекс вазифаларни юклайди. 
Ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларининг ҳам ҳаёти, шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган. Шайх Юсуф Қарзовийнинг “Ислом - инсон қалбига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлувчи ва бегуноҳ одамларга ҳужум қилишни кечирилмас гуноҳ, деб ҳисобловчи сабр - тоқат динидир”, деган фикрлари ҳам сўзимиз исботидир.
Шундай экан, экстремистик оқимларга қарши муросасиз кураш, террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган мутаассиб кучларнинг ислом динига мутлақо ёт, бегона эканини ҳар томонлама асослаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
 
Муҳаммади Қораев