Исломда савдо-сотиқ масалалари
10798
18-09-2024, 12:59
808
Ўқиш режими
+
-
Ҳар куни савдо-сотиққа аралашмаган одамнинг ўзи йўқ. Ҳар куни нимадир харид қиламиз, нимадир сотамиз. Шу сабабли савдо ҳаётимизда муҳим ўрин тутади.
Исломда савдо-сотиқ масаласини ёритишдан аввал “савдо” сўзининг луғавий маъносига эътиборимизни қаратсак.
Хўш, “савдо” сўзининг луғавий маъноси нима?
“Савдо” сўзи аслида ўзбек тилига форс тилидан кирган сўздир. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “Савдо (форс тили)-олди-сотди, савдо-сотиқ, олди-сотди битими” дейилади. “Савдо” араб тилида “байъ” дейилади. Арабча “байъ” сўзи ҳам ўзбек тилида ишлатилади.
Савдо ёки савдо-содиқ деб нимага айтилади?
Ислом дини шариатида бир молни иккинчи бир мол қийматига тенг нарсага алмаштириш савдо-сотиқ (байъ) дейилади.
Ислом шариатида савдо ( байъ) ҳалолдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди “Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган” ( Бақара сураси 275-оят)
Дарҳақиқат, савдо ҳалол, рибо ҳаромдир. Савдода фойда кўриш ҳам бор, зарар кўриш ҳам бор. Инсоннинг савдода фойда ёки зарар кўриши фақатгина ўзига боғлиқ бўлиб қолмасдан балки, атрофдаги ҳолатлар ва бошқа бир қанча сабабларга боғлиқ бўлади.
Савдо ҳалол касбдир. Ислом дини инсонларни у билан шуғулланишга тарғиб қилади. Пайғамбар (с.а.в.)” “Савдо билан шуғулланингларки, халқнинг ризқи ўн қисмдир, унинг тўққиз қисми савдо қилишда яъни сотмоқ ва олмоқдадир” деб марҳамат қилганлар.
Маълумки, савдода икки тараф бор. Бу тарафнинг бири савдогар бўлса, иккинчи тараф эса харидор ҳисобланади. Савдогар бутун масъулиятни ўз бўйнига олиб, ўз сармояси билан керакли молларни олиб келади, сақлайди. Молларнинг савдосини юзага келтиради. Савдогар бу моллари билан харидорнинг эҳтиёжини қондиради. Савдо икки тарафнинг яъни сотувчи ва олувчининг ўзаро розилиги билан амалга ошади. Бу икки томоннинг ўзаро рози бўлмаслиги эса савдони юзага келтирмайди.
(давоми бор)
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими