1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Содиқ Самарқандийга раддия

19-09-2024, 21:20 388 Ўқиш режими + -
Минг йиллардан бери Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳар бир гапини, ҳар бир фатвосини, ҳар бир фикрини бирма бир батафсил ва мукаммал равишда ўрганиб, таҳлил қилиб, амал қилиб келаётган мўмин- мусулмонлар орасида ихтилоф чиқариб, Аллоҳ осмонда деб оммани чалғитадиган тоифаларнинг чиқишлари ижтимоий тармоқларда тарқала бошлади.
Шулардан бири шайх Содиқ Самарқандий тахаллуси остида ақийда ва бошқа масалаларда ўз дарсликларини бериб келаётган Муҳаммадиев Содиқжон Юсуповичдир. У Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг "Аллоҳ таоло осмонда, агар кимда ким Аллоҳни осмондами, осмондамасми, мен билмайман деса кофир бўлади, ким Аллоҳни осмонда эмас деса кофир бўлади, агар осмондами османдамасми билмайман мен унга киришмайман деса кофир бўлади" деганларини келтириб, токи имон келтирсин, Аллоҳ таоло осмондаги Зот дейди. 
Аввало шуни таъкидлаш керакки, агарда Содиқ Самарқандийнинг мақсади ҳақиқатда умматга фойда келтириш бўлганида бу масалани оммага мутлақо ёймаслиги керак эди. 
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бу гапларидан Аллоҳ бир маконда эмаслигига шубҳа қилинган бўлиб қолади. Аллоҳ маконда эмаслиги шак-шубҳасиз. Шунинг учун кофир бўлади дейилган. Аниқ осмонда демагани учун эмас. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишининг замондошлари ва у кишидан аввалги ўтганлар “Муташобиҳ оят ва ҳадислар ҳақлигига иймон келтираман. Улардан Аллоҳ нимани ирода қилган бўлса ҳақ, илмини Аллоҳга топшираман” деб эътиқод қилганлар. Мана шундай эътиқодда бўлиш олиму-оми ва барчага кифоя қилади. Ҳаттоки имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ бу каби масалалар ва оят ва ҳадисларни маънолари ҳақида сўз юритиш, сўраш бидъат деб айтганлар.
Баъзи уламолар Аллоҳ таолога макон нисбат бериш куфр эканини айтишади, чунки бундай эътиқод У Зотни бандаларига ва жисмларга ўхшатишдир.
Аллоҳ таоло осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди” (Имом Бухорий ривояти).
Маконга жойлашиш яратилган нарсаларнинг сифати ҳисобланади. Яъни, ҳар бир яралмиш борки, катта ёки кичик ўрин эгаллайди. Аллоҳ таоло эса бундан пок ва олийдир. Аллоҳ таоло ўзини васф этиб шундай марҳамат қилади: “У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир”. (Шуро сураси, 11-оят).
 «Ал-Ақида ат-Таҳовия» китобида шундай дейилади: “Ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларнинг сўзига ўхшаш гап-сўзлардан тийилади ҳамда Унинг (Аллоҳнинг) сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади”.
Имом Абу Ҳанифа «Васия» китобида («Шарҳу Фиқҳил акбар», 70-бет) бундай деган: «Аллоҳ таоло аршга унга бирон бир эҳтиёжсиз ва ўрнашмай истиво қилганига иқрор қиламиз. Аллоҳ аршни ва аршдан бошқа махлуқотларни уларга бирон бир эҳтиёжсиз ҳофизи (сақловчисидир). Агар махлуқотларга эҳтиёжи бўлса эди, махлуқлар каби оламларнинг ийжоди ва тадбирига қодир бўлолмас эди. Агар ўтиришга ва қарор топишга муҳтож бўлса эди, аршни яратмасидан аввал қаерда бўлган эди! Аллоҳ таоло бундайин (арш устида бўлиш, аршга ўтириш ва осмонга жойлашиш)дан ўта олийдир!». «Фиқҳул абсат», 57-бетда бундай деган: «Аллоҳ бор эди ва макон йўқ эди. У Зот махлуқотларни яратмасидан аввал ҳам бор эди. Қаерда (айна) йўқ эди, халқ ҳам йўқ эди, нарсалар ҳам йўқ эди. У Зот барча нарсаларнинг холиқидир».
Шундай экан, муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини ушлаб, уларни ўзлари истаган, ўз тушунчаларидаги маънода деб туриб, ўзгаларни айблаётган бузғунчилардан ўзимизни ва фарзандларимизни эҳтиёт қилмоғимиз айни муддаодир.
Р. Усмонов, 
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятидаги 
вакили, вилоят бош имом-хатиби