Имом Термизий-буюк муҳаддис
10819
23-09-2024, 15:14
183
Ўқиш режими
+
-
Яратганга шукрлар бўлсинким, юртимизда барча жабҳаларда янгиликлар, ўзгаришлар, хайрли ишлар ҳар биримизни қувонтирмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги” қарорга имзо чекдилар. Ушбу қарор матбуотда эълон қилиниши билан Ватанимиздаги барча мўмин-мусулмонлар хурсанд бўлдилар. Чунки муқаддас динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Термизий бобомизнинг таваллуд кунларини юртимизда нишонлаши бир томондан динимизга бўлган катта эьтибор бўлса, иккинчи томондан эса жаҳон жамоатчилигига у зот қолдирган илмий меросни кенг тарғиб қилишдан иборат.
Мазкур қарорда 2024 йилнинг Октябрь ойида “Ислом –тинчлик ва эзгулик дини мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда конференция доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг Ислом цивилизациясида тутган ўрни мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказиш таъкидланади.
Ушбу конференция ва анжуманларни ўтказиш муқаддас Ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, уни халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш учун жуда муҳимдир.
Маълумки, Имом Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо Суламий Термизий милодий 824 йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топдилар. Имом Термизий йигирма ёшда Хуросон шайхларидан
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий каби олимлардан таълим оладилар. У зот йигирма беш ёшда Ироқнинг Басра шаҳрига, сўнг Ҳижозга бориб таълимини давом эттирадилар.
Имом Термизий йигирма йил давомида ўзга юртларда илм ўрганиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаламнинг ҳадисларини тўплаб, Термизга қайтиб келадилар. Имом Термизий Ислом оламида олти энг машҳур ҳадис тўпламларидан бири «Ал-жомеъус саҳиҳ», «Аш-шамоилул Муҳаммадия», «Китобуз зуҳд», «Китобут тарих», «Асмоус саҳоба», «Ал-асмо вал куно», «Ал-илал» китобларни таълиф этганлар. Давлатимиз раҳбарининг қарорларида Имом Термизий асарларини кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда нашр эттириш ҳам тилга олинган.
Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, ноёб асарларни аниқлаш, уларни Ўзбекистонга олиб келиш ва уларни реставрация қилиниши шу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам эътиборга лойиқдир.
Муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошимизнинг Имом Термизийнинг таваллудларнинг 1200 йиллик тавуллудларини нишонлаш мақсадида ўтаётган конференция ва анжуманлар ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш учун хизмат қилади.
Раҳматилла УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, Вилоят бош имом-хатиби