Муҳтарам Юртбошимизнинг қарори билан муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонда Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланиши белгиланди.
Юртимиз аввалдан илм-фаннинг кўплаб соҳаларида дунёга устозлик қилган уламолар, фузалолар замини бўлган. Уларнинг илмий мерослари бутун дунё бўйлаб қўлма-қўл бўлиб кетган, кўплаб дорулфунунларда дарслик сифатида ўқитилган. Ҳадис илмида пешқадам бўлган, мовароуннаҳр заминининг дунёга танилишига сабабчи бўлган Имом ат-Термизий раҳматуллоҳи алайҳи ана шундай алломалардан ҳисобланадилар. У киши ҳижрий 209 (милодий 824) йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топиб, шу ернинг ўзига дафн этилганлар.
Манбаларда келтирилишича, Имом Термизий 20 ёшда Хуросон шайхларидан Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий каби олимлардан таълим олади. 25 ёшида Ироқнинг Басра шаҳрига, сўнг Ҳижозга бориб таълимини давом эттиради. У Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий, Али ибн Ҳужр Марвазий, Сувайд ибн Наср Марвазий, Қутайба ибн Саид Сақафий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилади. 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб, Термизга ҳижрий 250 (мелодий 864) йилда қайтиб келади. Имом Бухорий билан ҳижрий 250 йили Нишопурда учрашиб, ҳадис ва унга тааллуқли илмларни ўрганиб, у зот қўлларида камол топади. Имом Бухорий Термизийга қарата: «Сен мендан фойда олганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойда олдим» деган эдилар. Имом Термизийнинг шогирдларидан бири Абу Аҳмад Ҳоким ўз устози ҳақида: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этганларидан кейин Хуросонда илм, ҳифз, зуҳд ва тақво бобида Абу Ийсо Термизийдек бирор киши топилмас эди” деган.
Абу Ийсо Термизийнинг “Сунани Термизий” китоблари “Саҳиҳ Бухорий” ва “Саҳиҳ Муслим” китобларидан кейинги ўринда туради. Мазкур китоб ҳақида у Зотнинг ўзлари шундай деганлар:«Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) гапираётгандек бўлур».
Шайхул Ислом Абу Исмоил ал-Ансорий эса: “Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки Бухорий ва Муслимдан фақат теран илмли мутахассис олимларгана истифода этади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин” деган эканлар.
У зот ҳадисни жамлашда ва уни аниқлашда, ёдлашда ва зикр қилишда алоҳида бир мақомга эга эдилар. У кишининг шогирдларидан бўлган Абу Саъд Идрийсий устозларини сифатлаб, ёдлашлари, зеҳнлари тўғрисида зарбулмасаллар битилганини айтадилар.
У Зот узоқ йиллар Ироқда, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Кўп йиллар давом этган сафарлари чоғида ат-Термизий илм-фаннинг турли соҳаларидан — илм ал-қироат, илм ал-баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ёшлик даврларида қизиққан ҳадис илмидан ўз даврининг йирик олимлари — машҳур муҳаддисларидан таълим оладилар.
Шамсуддин Заҳабийнинг “Сияру аъламин нубала” китобларида келтирилишича, У кишининг устозлари қаторида Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Қутайба ибн Саид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдурраҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар Марвазий, Аҳмад ибн Мунийъ, Муҳаммад ибн Мусанно, Суфён ибн Вақиъ ва яна бир қатор таниқли муҳаддисларни кўрсатиш мумкин.
Ўз даврининг етук муҳаддис олими сифатида танилган ат-Термизий кўпдан-кўп шогирдларга устозлик қилганлар. Ҳадис илмидаги унинг шогирдларидан Макҳул ибн ал-Фадл, Муҳаммад ибн Маҳмуд, Анбар, Ҳамад ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад ан-Насафий, ал-Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий ва Абул-Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубийларни санаб ўтиш мумкин. Мусофирчиликдан қайтган ат-Термизий ўз юртида йирик муҳаддис олим сифатида шуҳрат қозонганлар ва ижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлганлар.
Хулоса қилиб айтганда, буюк ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий бизга бой ва катта илмий мерос қолдирган. Афсуски, ҳозирча бу қимматбаҳо мерос етарлича ўрганилмаган эди.
Яратганга шукрки, бугунга келиб, Муҳтарам Юртбошимизнинг Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорларида “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш белгиланди. Мазкур китоблардаги ҳадиси шарифлар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, одамларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, раҳм-шафқатли, ота-она, аёлларга нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди.
Азамат УСМОНОВ