Жонажон Ўзбекистонимизнинг истиқлолга эришуви натижасида она халқимиз ўзининг бой маънавий мероси хазинасидан эркин баҳраманд бўла бошлади. Хусусан, бутун дунё халқлари орасида машҳур бўлган муҳаддислар - Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий каби улуғ ватандошларимиз меросини ўрганишга ва улар тўплаган ҳадисларни ўз она тилимизда ўқишга муваффақ бўлдик. Айниқса, аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш учун Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 15 август куни “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорга имзо чекишлари барча мўмин-мусулмонларни беҳад хурсанд қилди.
Чунки муқаддас динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Термизий бобомизнинг таваллуд кунларини юртимизда нишонлаш бир томондан динимизга бўлган катта эьтибор бўлса, иккинчи томондан эса буюк муҳаддис ватандошимизнинг илмий меросини жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилишдир.
Маълумки, Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо Суламий Термизий милодий 824 йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топдилар. Имом Термизий йигирма ёшда Хуросон шайхларидан Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий каби олимлардан таълим оладилар. У зот йигирма беш ёшда Ироқнинг Басра шаҳрига сўнг Ҳижозга бориб таълимини давом эттирадилар.
Имом Термизий йигирма йил давомида ўзга юртларда илм ўрганиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаламнинг ҳадисларини тўплаб, Термизга қайтиб келадилар.
Имом Термизий Ислом оламида олти энг машҳур ҳадис тўпламларидан бири “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”ни (Сунани-Термизий) таълиф этганлар. «Кашф-уз-Зуннун» китобида “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асари борасида бундай дейилади: «Бу ҳадис бобида тасниф этилган кутуби ситта (олти улуғ китоб)нинг учинчисидир. Бу китоб «Ал-жомеъ-ас-саҳиҳ» («Ишонарли тўплам») дейилади, шунингдек «Сунан» ҳам деб аталади. Аммо биринчи номи кўпроқ қўлланади». Ҳофиз Абул-Фазл Ал-Мақдисий айтади: «Ҳиротда имом Абу Исмоил Ал-Ансорийдан эшитдим. У ўз мажлисида, Термизий ва унинг китоби борасида сўз кетганида бундай деди: «Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки Бухорий ва Муслимдан фақат мутахассис олимларгина истифода этади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин». Аллома Тошкўприлизода Термизийнинг таржимаи ҳоли ҳақида бундай дейди: «(Термизий) ҳадис илмида кўпгина асарлар такдим этди. Унинг ушбу «Ал-жомеъ-ас-саҳиҳ» китоби бу асарлар орасида фойдаси энг кўп, тартиби энг ихчам, такрори энг оз китобдир. Унда бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган хусусиятлар бор. Мазҳаблар ва истидлол (далил келтириш) жиҳатлари эътиборга олинган; саҳиҳ, ҳасан ва ғариб деб ҳадис турлари аниқ белгиланган. Бу китобда жарҳ ва таъдилга ўрин ажратилган. Китоб охирида иллатларга доир махсус бир боб илова қилинган. Хуллас, бу китобда улкан фойдалар жамлангандир. Китобни мутолаа қилган кишилар бунга тан берадилар». (Жарҳ ёки журҳ ва таъдил - нуқсон ва таққос жиҳатлари, ровийнинг қиёфаси, бирор сифати, айби ёки фазилати, ишончли ёки ишончсиз эканлиги ҳақидаги фикрлардир)
Ислом динида Қуръон каримдан кейин турадиган манба бу ҳадислардир. Ислом дининг илк давриданоқ ҳадисларнинг тўғрилигига, уларнинг ишончли манбаларга асосланишига катта эътибор берганлар. Ўша даврларда ноаниқ, тўқима ҳадислар ҳам тарқала бошлаган. Шу сабабли ҳадислар қайта-қайта текширилиб, ёзма равишда тўплашга ҳаракат қилинган.
Натижада исломшунослик йирик уламолар орасида ишончли манбалар асосида тўпланган ва тартибга солинган олтита ҳадислар тўплами (Ас-сиҳоҳ-ас-ситта) муаллифлари энг нуфузли ва мўътабар муҳаддислар деб тан олинган. Мана шу эътироф этилган машҳур муҳаддислардан бири-Имом Термизийдир.
Имом Термизий томонидан яна «Аш-шамоилул Муҳаммадия», «Китобуз зуҳд», «Китобут тарих», «Асмоус саҳоба», «Ал-асмо вал куно», «Ал-илал» китоблар ёзилган.
Давлатимиз раҳбарининг қарорларида Имом Термизий асарларини кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда нашр эттириш ҳам вазифа қилиб қўйилди. Шу ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, Имом Термизийнинг “Сунани –Термизий” китоби бутун дунё мусулмонлари учун жуда қимматлидир. Ушбу ўринда Имоми Термизийнинг ўзлари китоблари ҳақида айтган сўзларини келтириш ўринли ҳисобланади.
Имом Термизий: “Ушбу китобни (Сунан Термизий) тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) гапираётгандек бўлур» дедилар.
Имом Термизийнинг таваллудларини нишонлаш жараёнида у зотнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, ноёб асарларни аниқлаш, уларни Ўзбекистонга олиб келиш ва уларни реставрация қилиниши шу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Келгусида ёшларимиз ўзларининг илмий ишларида бу манбалардан унумли фойдаланадилар.
Юртимизда бўладиган “Ислом –тинчлик ва эзгулик дини мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда конференция доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг Ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий анжуманларнинг ўтиши катта эътиборга эгадир.
Бу конференция ва анжуманларда мамлакатимиз олимлари билан бирга чет эллик дунё таниган олимларнинг иштироки ва уларнинг илмий суҳбатлари аждодимиз меросини ўрганишда ҳар томонлама манфаат касб қилади.
Қолдирган мероси жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлган буюк муҳаддис ватандошимизнинг 1200 йиллик таваллудларини нишонлаш мақсадида ўтаётган конференция ва анжуманлар ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш учун хизмат қилишига ишончимиз комилдир.
Раҳматулло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби