Яратганга шукрлар бўлсинким, юртимизнинг барча жабҳаларида бўлаётган янгиликлар, ўзгаришлар, хайрли ишлар ҳар биримизни қувонтирмоқда. Жорий йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорга имзо чекишлари биз мўмин-мусулмоларни беҳад қувонтирди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорларида 2024 йилнинг октябрь ойида “Ислом –тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш таъкидланади. Халқаро миқёсида ўтадиган конференциянинг бу мавзуда аталиши ҳам бежиз эмас.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев муқаддас ислом динининг терроризм билан алоқадор эмаслигини халқаро минбардан айтиб чиққан илк давлат раҳбари саналади. 2017 йил БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, шундай деган эдилар: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади” деб сўзлаган тарихий нутқлари жуда катта эътиборга молик бўлган эди.
Дарҳақиқат, ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда Ислом динини қора қилиб кўрсатмоқчи бўлган шахслар ҳам учрайди. Айниқса, Ислом динига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган кимсаларнинг жиноятларини Ислом динимиз номи билан боғламоқдалар. Улар тинчлик ва эзгулик дини бўлган Ислом динини ёмон отлиққа чиқаришга уринмоқдалар. Ана шундай замонда жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл моҳияти тинчлик, эзгулик эканлигини етказиш бугунги кундаги энг муҳим ишлардандир.
Ислом дини тинчлик ва эзгулик дини экани ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: “Эй иймон келтирганлар! Ёппасига тинчликка кирингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга очиқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).
Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Сўнгра қалбидаги тинчлик оилага кўчади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Давлат миқёсидаги тинч яшашга эса, қалби тинч, оиласи тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруғи тинч, жамият тинч бўлганда эришилади. Давлатларнинг ўзаро тинчлиги эса бутун дунёда тинчликка эришилганлиги англатади.
Ислом дини мўмин-мусулмонларни ўзаро аҳил, тинч бўлиб яшашга буюради. Қуръони каримда: “Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” дейилади. Демак, биз мўмин-мусулмонлар бир-биримиз билан ўзаро иноқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда истиқомат қилишимиз лозим бўлади.
Ислом дини тинчлик улуғ неъмат эканлигини таъкидлаш билан бирга уни қадрлашга буюради. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматки, бундан кўп одамлар маҳрумдир” дейдилар.
Ислом дини одамларни тинчликка зарар берадиган, эзгу ишлардан қолдирадиган ҳар хил фитналар чиқаришдан қайтаради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Фитна уйқудадир, уни уйғотган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”.
Ислом дини эзгулик ва яхшилик тарғиботчисидир. Динимиз хусусан – инсон ва унинг қадру-қийматини ҳимоялайди, табиат, жамият билан муомалаларини адолатли, мурувватли тарзда олиб боришга буюради. Ҳеч қачон қон тўкиш, зулм ва зўравонликка буюрмайди, аксинча бундай ишларни қаттиқ қоралайди ва улкан, кечирилмас гуноҳлар деб огоҳлантиради. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек: “Дин одамзодни ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди. Дин бу дунёни ўткинчи эканини, охиратни эслатиб туради. Одам боласини ҳушёр бўлишга, ҳаром йўллардан узоқ юришга, яхши бўлишга, яхши из қолдиришга ундаб туради”.
Хулоса қилиб айтамизки, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ўтадиган халқаро илмий-амалий конференция жаҳон жамоатчилигига Ислом дини тинчлик ва эзгулик дини эканлигини яна бир карра намоён қилади.
Раҳматулло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби