Мавлуд ойи
10848
30-09-2024, 10:16
231
Ўқиш режими
+
-
Мана ҳижрий йил ҳисобидаги Мавлуд ойининг бошланганлигига ҳам анча бўлиб қолди. Мавлуд ойи” кириши билан дунё мусулмонлари қатори мамлакатимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳам “Мавлудун-набий” (Пайғамбаримиз (с.а.в.) мавлудлари)ни муҳим кенг нишонлаяптилар.
Мавлидун-набавийни нишонлашдан кўзланган асосий мақсад мўмин-мусулмонларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини пайдо қилиш ва уни янада зиёда қилиш, қалбларига ўз пайғамбарларига муҳаббат руҳини улаш, дилларида шу туйғуни уйғотиш, кучайтириш ва сайқаллашдир.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:
яъни: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир!” (Нисо сураси, 69-оят). Бу оятда пайғамбарлар билан биргаликда бошқаларнинг зикр қилинишида солиҳликда мукаммал бўлмаганлар солиҳликда мукаммал бўлганларни яхши кўриш билан улар қаторидан жой олишларига ишора қилинган. Бошқа оятда: “Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас, айнан ўшаларгина ютуқ эгаларидирлар”- деган (Нур сураси 52-оят).
Қалби Расулуллоҳга муҳаббат билан лиммо-лим тўлган. У зотнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади.
Ҳар биримиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ҳаётларини ўрганиб, барча иш ва амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга тарғиб қилишимиз керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини қанча кўп ўргансак, у зотга муҳаббатимиз янада ортади. Шу билан бирга, шариатимизнинг баъзи ҳукмлари ва мақсадларини яхшироқ англаймиз.
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими