Фолбинларга ишонманг
10854
2-10-2024, 12:09
222
Ўқиш режими
+
-
Баъзан ҳаётда айрим кишиларнинг фолга ишониб юрганларига дуч келамиз. Улар фолчининг гапини ўзларига рост деб қабул қилиб, уни ёлғон ва алдов эканлигини ҳеч ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Мана шундай пайтда одам ичидан қаттиқ хафа бўлиб кетади.
Хўш фолбинлик нима?
Фолбинлик қилмоқ “ Ўзбек тилининг изоҳли луғатида”: “ Фол очиш билан шуғулланиш. Бирор нарса, ҳодиса тўғрисида тахминий мулоҳаза юритмоқ, тахмин, фараз қилмоқ” дейилади. Фол, ром-номаълум нарсаларни гўёки билиш, келажакни башорат қилиш. Қадим жоҳилиёт даврида одамлар юлдузларга қараб, ўзларича турли ғайри кучларга боғланиш билан жазавага тушишган. Ислом дини ва ҳозирги замон фани фолни рад қилади.
Инсоннинг келажагини ва тақдирини яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло эртага нима бўлишини инсонлардан сир тутади. Келажакда нима бўлиши яратганнинг ҳудудидаги ишдир. Инсон ўз ҳудуди доираси ҳаракат қилиши лозим. У эртани биламан деса, ўз бандалик ҳудудидан чиқиб, яратганнинг ҳудудига таҳдид солган бўлади.
Ривоят қилишларича,одамлар бир донишманд кишига “ Фалон жойда келажакни айтиб берадиган башоратчи пайдо бўлди” деб хабар бердилар. Донишманд ўша жойга борди. Башоратчининг уйига киради. Унинг олдига башоратчининг хотини дастурхон ёзиб, бир катта косада қаймоқ қўйди. Донишманд дастурхондаги нонни тенг иккига бўлиб, ярмини ўзига олиб қолди ва ярмини башоратчига берди. Донишманд ноннинг ярмини, фолчи эса ноннинг ярмини косада ичидаги қаймоққа тўғраб, уни аралаштириб юборди. Донишманд башоратчига қараб: -Фақат косадан ўзинг тўғраган нонни олиб егин! –деди. -Башоратчи эса: “ Сиз нонларни бир-бирига аралаштириб юбордингиз. Мен ўзим тўғраган нонни топиб еяолмайман” деди. Шунда донишманд: “ Косадан ўзинг тўғраган нонни топиб еяолмаган ҳолингда, қандай қилиб Аллоҳ таолонинг эртага тақсимлайдиган тақдирини биламан деб айтасан” деган экан.
Яратганнинг илми ва қудрати чексиздир. У ўзининг илми азалийси билан ҳамма воқеа-ҳодисаларни олдиндан билади. Лекин ўзининг ҳикмати билан одамларни имтиҳон қилиш учун эртанги иш-ҳодисаларни сир тутади. Бу ҳақда “ Қуръони Карим”да: “ Ғайб ( яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни ундан ўзга билмас. Яна қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни ( ҳам) билур. Бироқ япроқ ( узилиб) тушса ( ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин. Ҳўлу- қуруқ бўлмасин, ( ҳаммаси) аниқ Китоб ( лавҳул Маҳфуз)да (ёзилган)дир” дейилади. ( Анъом сураси, 59-сура).
Демак, инсоннинг келажаги ва тақдирини ҳамда бошқа ғайбий ишларни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Инсонларга келажакдаги ишлари маълум бўлса, уларга ҳаётнинг имтиҳонлиги қолмас эди. Лекин инсонлар орасида одамларнинг келажагини. тақдир ва қисматини айтиб берувчи коҳин ва фолбинлар мавжуд. Баъзи кишилар фолбинларга ишонади ва уларнинг кўп сўзлари тўғри чиқадику, деб эътироз билдирадилар. Ҳадисда: “ Одамлар пайғамбар (с.а.в.) ҳузурига келиб коҳин ва фолбинлар ҳақида сўрашганда у зот: уларнинг сўзи ҳеч нарса эмас, дедилар. Одамлар: “ Эй Аллоҳнинг расули, гоҳида ўша фолбинларнинг айтган сўзлари тўғри чиқиб қолади-ку, дедилар. У зот: “ Аслида бу сўзлар ҳақ бўлиб, уни жинлар фаришталардан илиб олишади ва ўз дўстлари бўлмиш фолбинлар қулоғига етказиб беради. Фолбинлар эса ўша нарсаларга юзта ёлғонни қўшиб одамларга етказадилар” дедилар.
Бу ҳақда “ Қуръони карим”да жинлар тилидан : “ Биз (илгари) ундан (осмондаги баъзи) жойларга ( фаришталар сўзини) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир кимки ( қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир бир ( учар) юлдуз зарбасини топар” дейилади.
Бир куни бир киши пайғамбар ( с.а.в.) ҳузирларига келиб, қўлига бир нарсани беркитиб бу нима деб сўради. Шунда пайғамбар (с.а.в.) очиқдан очиқ фолбин эмасликларини айтиб, “ фолчи-ромчилар дўзахийдир” дедилар.
Қадим замонларда одамлар бўлса-бўлмаса фол очтираверар эдилар. Уларнинг фол очишлари гўёки баъзан айрим одамларнинг “ Фолга ҳам ишонма, фолсиз ҳам турма” деган асоссиз гапга амал қилиб фол очтиришларига ўхшайди. Жоҳилият даврида одамлар учта қоғозга “ қилгин”, “ қилмагин” ва “ ўзинг биласан” деган ёзув ёзишар эди. Бу уч қоғозни бир-бирига аралаштириб, улар орасидан бир қоғозни олишар эди. Агар “ қилгин” деган ёзув чиқса шунга амал қишар эди. Агар “ қилма” деган ёзув чиқса, бирор ишни қилмас эдилар. Уларнинг бу ишлари айрим чала савод коҳинларнинг китобни ип билан ўртасидан боғлаб айлантиришларига ўхшайди. Агар китоб ўнг томонга тўхтаса “ бўлади” дейишади, агар чап томонга тўхтаса “ бўлмайди” дейишади. Бу ишлари билан халқни алдамоқчи бўладилар, аслида бу чаласавод кохинлар ўзларини алдайдилар. Бу ишлари билан ўзларининг қанчалик илмсиз эканликлари исботлайдилар, холос.
Агар инсон фолбин ёки коҳинлар эшигига бориб, улардан бирор нарса ҳақида сўраса, қирқ кунлик ибодати куяди. Бу ҳақда ҳадисда: “ Ким фолбин ҳузурига бориб бирор нарса ҳақида сўраса кейин фолбин берган жавобга ишонса, ўша кишининг қирқ кунлик ибодати қабул бўлмайди” деганлар. Фол очиш ҳам, фол очтириш ҳам гуноҳдир. Бу ҳақда ҳадисда: “ Кимки башоратчи ёки фолчига борса ва гапларига ишонса, пайғамбарга туширилган нарса ( Қуръон)ни инкор қилибди” дейилади.
Фолбинлик кўзбўямачи, кашмири, сеҳргарларга тенглаштирилади. Халққа кўзбўямачи, кашмири, сеҳргар қанчалик зарар келтирса, фолбин ҳам шунчалик зарар келтиради. Бу ҳақда Ҳазрати Али (р.а. ): “ Фолчи кўзбўямачилик (сеҳр)дир, кўзбўямачилик ( сеҳр) эса куфрдир” деганлар
Айрим кишилар ҳар хил кишиларнинг эшигига бориб, ўзича китоб очтиради ёки фолчи, коҳинларнинг ёлғон гапларига амал қиладилар. Бир-бировдан шумланишлик, одамлар орасига қудғу-адоват солиш оғир гуноҳ ишлардандир. Инсон бошига тушаётган ҳар бир ишни худодан деб билиб, буларнинг бари имтиҳон эканлиги, яхши кунлар эртага келишига ишониб яшаши лозим. Бесабрлик қилиб фолчи ва коҳинларни излаб юриш нодонликдан бошқа нарса эмас.
Ҳозирги кунларда ҳам ғайб илмини биламан дейдиган фолчи-ромчиларнинг сўзларига ишонадиган кимсаларнинг борлиги ажабланарлидир. Фолчиларнинг берган тахминий маълумотларига ишониш натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетаяпти. Ака-ука, қуда-андалар ўртасига совуқлик тушаяпти. Бир-бирларидан бадгумон бўлиш каби нохуш ҳолатлар ана шу фолбинларнинг шум хабарлари натижасида вужудга келаяпти. Бинобарин, илмий асослар билан исботланмаган гапларга ишонишдан сақланишимиз даркор
Р. Акбаров.