Имом ад-Доримийнинг “Сунан” асарида ҳар-бир мусулмон кишининг кундалик, шахсий ва ижтимоий ҳаётида учрайдиган деярли барча ҳолатларга оид масалалар баён этилган кенг қамровли асардир. Олимлар асарнинг номланишига турлича муносабат билдирадилар.
Машҳур олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (1371-1448)нинг таъкидлашича, Ҳофиз ал-Ироқий (ваф.1404 й), Имом аз-Заҳабий (1273-1347й) “Сунан”даги барча ҳадислар тўлиқ иснод билан берилгани учун унга “ал-Муснад”-деб ном берганлар. Алоуддин ал-Муғултоий (ваф.1361й) ҳадисларнинг ишончлилиги даражасидан келиб чиққан ҳолда “ас-Саҳиҳ” деб ном берганлар. Бироқ Ибн Ҳажарнинг ўзи ҳамда Имом ас-Суютий (ваф. 1505 й) каби олимлар мазкур асар фиқҳий ҳадислар тўпламидан иборат бўлганлиги боис, уни “ас-Сунан” деб аташни маъқул кўрганлар. Айрим тадқиқотчилар Имом ад-Доримий ўз асарини умумий ном билан атаган деб тахмин қиладилар. Шу боис улар мазкур асарини “ал-Жоми ас-Саҳиҳ ал-Муснад ли сунани Расулуллоҳ с.а.в” (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларининг ишончли муснад тўплами) деб номланган деган фикрни билдирганлар. Аммо асарнинг фиқҳий бобларга бўлиб ёзилганлиги, унда иснодига кўра турли ҳадисларнинг мавжудлигини эътиборга олиб, уни “Сунан” деб аталиши тарафдори бўлган уламолар кўпчиликни ташкил этади. Асарга берилган барча номлар ҳақли равишда, мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб қўйилган. Кейинги даврларда бу асар “Сунан ад-Доримий” сифатида танилган ва айнан шу ном билан бизгача етиб келган.
Юқоридаги таҳлилларни бироз изоҳлаб, шуни айта оламизки, сунан китобларининг мукаммалроғи Имом Абу Довуд (в.ҳ.275-м.889)нинг саъйи ҳаракатлари натижасида вужудга келган. Чунки ундан олдин “Муснад, саҳиҳ ва бир тўхтамга келинмаган сунан” китоблар таълиф этиб келинган. Имом Абу Довуд эса 4 та мазҳабдаги далиллари батафсил илмий тарзда асослаб берилган, Шаръий ҳукмлар илми-фиқҳ масалаларининг Қуръони каримдан ташқари фақат ҳадиси шарифлардангина олинган асл манбааларнинг ҳаммасини тўплаб, китобнинг исмини муҳаддислар орасида биринчи бўлиб “сунан”-яъни фақат фиқҳга оид ҳадислар, суннатлар деб номланган эдилар.
Шундан келиб чиқиб таъкидлайдиган бўлсак, ватандошимиз Имом Доримийнинг китобида фиқҳга тегишли ҳадислар кўплиги маълум бўлган. Демак шу боис Ибн Ҳажар Асқалоний, Суютий ва бошқа ҳадис кишилари таснифотдаги шу жиҳатларига эътибор қаратишган бўлишлари ҳақиқатга яқинроқдир.
“Сунан” икки жилддан иборат бўлган нашр бўлиб, у “китоб”ларга, ўз вақтида ҳар бир “китоб” муайян “боб”ларга бўлинган. Асарга жами муқаддима ва ибодат, муомалот, уқубат ва турли масалалар билан боғлиқ 23 та “китоб” киритилган. “Сунан” 1996 йил Байрутда “Дор ал-кутуб ал-илмиййада” чоп этилган бўлиб, уни нашрга шайх Муҳаммад Абдулазиз ал-Холидий тайёрлаган.
Асар таҳлили унинг таркибий тузилишига биноан амалга оширилган. “Сунан” муқаддима билан бошланган ва унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Пайғамбарлик ваҳийи келишдан аввал жоҳилият даврида инсонларнинг ўзаро муносабатлари, Аллоҳнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бармоқлари орасидан сув чиқариш, нотиқлик қобилияти, таомларни баракотли қилиши каби берилган гўзал фазилатлари ҳақидаги боблар берилган.
Шунингдек, фатво, олимлар, илмнинг фазилатлари ва уни қадрлаш ҳақида, илм йўлида сафар қилиш ва ундаги қийинчиликларга бардош бериш, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини таъвил қилиш ва бошқа кўплаб масалаларга бағишланган боблар ҳам мавжуд. Ҳар бир “боб” ўз навбатида бир неча ҳадислардан таркиб топган. Бу қисм жами 57 бобни ташкил этиб, уларда ҳаммаси бўлиб 649 та ҳадис келтирилган.
Асарнинг биринчи жилдида таҳорат, намоз, закот китоблари келтирилган. Иккинчи жилди рўза, ибодат маросимлари, қурбонликлар, ов, егуликлар, ичимликлар, тушлар, никоҳ, талоқ, жазолар, ваъдалар ва қасамлар, қон хуни, жиҳод, сиярлар, савдо, изн сўраш, нозик масалалар, мерос ҳуқуқи, васиятлар, Қуръон фазилатлари ҳақидаги китобларга бўлинган. Асарда жами 3503 ҳадис келтирилган.
Хулоса ўрнида, Имом ад-Доримийнинг илмий-маънавий мероси, шубҳасиз, ХХI асрда ғоят долзарб аҳамиятга молик бўлган масалалар-турли миллатлар, халқларнинг тинч-тотувлигини мустаҳкамлаш, маънавиятини юксалтириш каби мақсадларга хизмат қилади. “Сунан”даги ҳадислар Ислом дини таълимотига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланмай, Ватанга муҳаббат, сахийлик, очиқ кўнгиллилик, катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир-бечораларга ҳиммат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик сингари инсоний фазилатларни ҳам улуғлайди. Имом ад-Доримийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси, хусусан, унинг “Сунан” асари юртимиз илм-фани ва маданияти тарихини чуқур ўрганиб халқимизга етказиш ва миллий қадриятларимизнинг тикланишида катта аҳамиятга эга.
Музаффар Қосимов,“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасиЁшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи