1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲАНАФИЙЛИК – БАҒРИКЕНГЛИК МАЗҲАБИ

3-10-2024, 09:37 149 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (сав)га дуруду салом адосидин сўнгра даргоҳи илоҳиясига беадад шукрлар айтамизки, бизларни мўмин-мусулмонлар жумласидан қилиб, имон ва ихлос насиб этди ва Ўзининг энг буюк ва суюкли пайғамбарига уммат қилиб қўйди. Яна шундай бир улуғ неъмат борки, у ҳам бўлса диёримиз мусулмонларига Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) асос солган ҳанафий мазҳабида амал ва ибодат қилишликни муваффақ этди.
Шу  буюк соҳибмазҳаб Абу Ҳанифа Имоми Аъзам (рҳ.)нинг маноқиблари, ҳаёт ва ижодий ишлари ҳамда мазҳабларининг ўзига хос хусусиятларидан баён этишга ҳаракат қиламиз.
Бу зоти шарифнинг исмлари Нўъмон. Оталарининг исми Собит бўлиб, ҳижрий сананинг 80-йили (милодий – 699 йил) Ироқнинг Куфа шаҳрида таваллуд топганлар. 70 йил умр кўриб, 150-ҳижрий (767-милодий) йилида Куфада вафот этганлар.
Бу буюк имомимиз тўғрисида халқимиз ўзларига яраша, керакли маълумотларга эга. Ул зот тўғрисида уламоларимиз кўп гапиришган, маноқиблари, фазлу фазоиллари хусусида бир қанча китоб ва рисолалар ёзилган. Шунинг учун мавзу бўйича батафсил тўхтаб ўтирмасдан бошқа мужтаҳид ва фуқаҳоларга насиб этмаган ўнта фазилатларини баён қилишга ҳаракат қиламиз.
1. Буюк имомимиз Имом Аъзам (рҳ.)нинг таъриф ва тафсирларига доир шундай ҳадис ва ривоятлар борки, бошқа тобиинлар ва мужтаҳид уламоларнинг бирортасига бу нарса насиб бўлмаган. Масалан, Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (сав) айтган эканлар. яъни: “Умматим ичидан Абу Ҳанифа деб аталувчи бир зот чиқади. Ана ўша зот қиёмат куни умматимнинг чироғидир”.
Бу каби Имом Аъзам (рҳ.) ҳақларидаги башоратларни ўз ичида мужассам этган ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин.
2. Имом Аъзам (рҳ.) саҳобалар яшаб турган асрда туғилиб, бир неча саҳобалардан сабоқ олганлар. Яъни ҳижрий сананинг 80-йили таваллуд топганлар. Саҳобаларнинг энг охиргилари биринчи ҳижрий асрнинг охири ва иккинчи ҳижрий асрнинг бошларида вафот этганлар. Саҳобалар даврни топиш тўрт мазҳаб соҳиблари ичида фақат Имом Аъзам (рҳ.)га насиб этган.
3. Саҳобалардан бевосита ҳадис ривоят қилишлик ҳам фақат Имом Аъзам (рҳ.)га муяссар бўлган. Бунга “Муснад” деб аталмиш ҳадис тўпламларини мутолаа қилган киши гувоҳ бўлади.
4. Маълумки, иккинчи ҳижрий асрнинг биринчи ярми тобиинлар даври бўлган. Имом Аъзам ҳудди шу машҳур тобиинлар ичидан ўзларининг фазлу фазоиллари билан машҳури жаҳон бўлдилар.
5. Йирик тобиинларнинг аксарияти Имом Аъзам (рҳ.)нинг сўзлари ва фатволарини кейинги авлодга нақл этганлар.
6. Илмда шуҳрат қозонган тобиинларнинг тўрт мингтасига шогирд сифатида улардан сабоқ олиб камолга етганлар.
7. Шогирдлари ичидан Абу Юсуф, Муҳаммад, Зуфар, Ҳасан каби машҳур мужтаҳидлар чиққан. Бу неъмат соҳибмазҳаблардан ҳеч бирига насиб бўлмаган.
8. Қуръон ва ҳадислардан ҳукм чиқариш ва ижтиҳод қоидаларини тузиш ҳамда сиёсий масалаларни ҳаммадан кўп баён қилиш ҳам биринчи бўлиб ул зоти шарифга ато этилди.
9. Тирикчиликлари ўзларининг ҳалол касбидан бўлди. Бошқалардан олиш ўрнига илм ва фиқҳ аҳлига ўз бойликларидан сарф қилар эдилар.
10. Дунё матоҳи ва жоҳу мансабидан парҳез қилган ҳолда турли қийнов билан шаҳидлик мартабасини топиш ҳам буюк имомимиз Абу Ҳанифа (рҳ.)га насибу рўзий бўлган.
Имом Аъзам (рҳ.)нинг бу қадар фазлу фазоиллари ва илму ҳилмлари бўлишига қарамай, ўз замоналарида ҳам, кейинги даврларда ҳам ул зотга ҳасад қилиш, қадрларини туширишга ҳаракат қилиш, шаънларига туҳмат ва бўҳтонларни ёғдириш каби ношийиста ҳатти-ҳаракатлар бўлиб келган. Шундай ноўрин таъналардан бири “Имом Аъзам” ҳадислар қилиб, ўз ақли ва фикри билан масала айтган. Ҳадислардан жуда оз миқдорда ўзлаштирган” – деган ғаразли гаплардир. Ваҳоланки, маълум бўлишича, ул зот аввало Қуръонга, сўнгра ҳадисларга, ундан сўнг саҳобаларнинг сўзларига суяниб, ундан кейин тобиинларнинг сўзлари билан ҳам ҳисоблашиб, сўнгра ўз хулосаларини баён этар эканлар. Ҳадис ривоятига келсак, ҳозир қўлимизда 15 та ҳадис тўпламлари мавжуд. Уларнинг ҳар бирини “Муснад” деб номлаганлар. Шу 15 та “муснад”ларини тўплаб бир китоб шаклига келтирган зот ҳам ўзимизнинг юртдошимиз Абул-Муайяд Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Хоразмийдирлар. Бу зот 593/1196 йилда туғилиб, 665/1257 йилда вафот этганлар.
Мазҳабимиз асосчиси буюк мужтаҳид Имом Аъзам Абу Ҳанифа (рҳ.)нинг фазлу фазоиллари, ижод ва фатволари ҳақида жуда кўп маълумотларни келтириш мумкин. яъни: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди...
Мана шу ва бошқа оят ва ҳадисларга биноан айтишимиз жоизки, умматнинг чироғи саналмиш Абу Ҳанифа – Имом Аъзамдек зотнинг мазҳабида бўлганимиз ва юртимиздан чиқиб, шу мазҳабнинг кенг ёйилиши ва шаръий фатволарнинг халқимизга етказиб беришда бебаҳо асарлари билан ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган олиму уламо, фақиҳу фуқаҳоларнинг бизнинг заминимиздан чиқариб қўйгани ҳамда дунё мусулмонларининг 62 фоизи шу мазҳабга мансуб экани учун Ҳақ субҳаноҳу ва таолонинг ўзига чексиз ҳамду санолар ва бениҳоя шукроналар айтишимиз ва шундай ҳидоят йўлини кўрсатиб берадиган тўғри йўлимиз турганда турли залолат ҳамда гумроҳликка олиб борадиган оқим ва тоифаларнинг тузоғига тушиб қолмасликни ҳам Ўзидан сўраб турмоғимиз лозим бўлади. 
 
Muslim.uz материаллари асосида Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби Х.Хонимов тайёрлади.