1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ўзгага туҳмат қилишдан сақланинг

5-10-2024, 10:58 116 Ўқиш режими + -
Дунёдаги инсонлар табиатида яхши ва ёмон сифатлар мавжуд. Инсон яхши сифатларни асраса, ёмон сифатлар зарарини билиб, улардан холос ва саломат бўлишга ҳаракат қилади. Инсонлардаги ёмон сифатлардан бири туҳматдир. Шарқ халқлари  туҳмат қилишни гуноҳ ҳисоблаб, ундан ўзларини йироқ тутишга ҳаракат қилишади.  
Туҳмат нима?   “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “ Туҳмат –(арабча, айблаш, айблов).  Бировни айблаш ёки қоралаш мақсадида ўйлаб чиқарилган асоссиз даъво; бўҳтон” , деб изоҳ берилади. Бирор кишини айтмаган гапи ёки қилмаган иши учун айблашга туҳмат дейилади. Бир киши  пайғамбар (с.а.в.)дан: “Ғийбат нима?” деб сўради. Пайғамбар (с.а.в.): “ Бир киши эшитса хафа бўладиган гаплар билан у ҳақда гапиришинг ғийбат бўлади”, дедилар.У киши яна сўради:“ Айтгилган гаплар ўша инсонда бўлса-чи?”.Пайғамбаримиз (с.а.в.):“Агар айтилган нарса ўша одамда бўлса, ғийбат қилган бўласан, бўлмаса эса туҳмат қилган бўласан”, дедилар.   
  Туҳмат барча ёмонликнинг бошланиши ва жиноят ва зулм унинг ҳосиласидир. Туҳмат инсонларнинг ёмон хулқларидан бўлиб, у ўша инсонга кўп машаққатлар олиб келади.  Ҳазрат Алишер Навоий  шундай ёзадилар: 
Бадғўйки ўз қилғани раҳматдур анга,
Ором халойиқ сори туҳматдур анга, 
Ким хўйи ямон бўлса, машаққатдур анга, 
Ким хўйи анинг яхши ғаниматдур анга.
         Туҳмат қилиш инсонларнинг қалбини яралашдир. Луқмони Ҳаким фарзандларига туҳмат қилишдан сақланиш ҳақида шундай дейдилар: “ Эй фарзанд, одамларни ҳар хил бўлар-бўлмас туҳмат гаплар билан ранжитма. Болта инсоннинг вужудини яраласа, туҳмат инсоннинг қалбини яралайди”.  Бир одамнинг қилмаган ишини қилди, деб гапириш ўша инсонга зулм қилишдир. Зулм эса оғир гуноҳдир. Зулмдан нафрат, нафратдан душманлик келиб чиқади. Айрим кишилар душманидан ўч олиш учун туҳмат уюштиради. Турли хил уйдирмаларни тўқиб чиқаради. Душманни   енгиш учун туҳматни қурол қилиб ишлатади. Чунки туҳмат орқасида бошқалар учун  катта фожиа туради. Арзимаган бир гап одамнинг тақдирини ёмон тарафга ўзгартиради.  
               Бирор кимсага нисбатан  ёмон гумон қилиш ҳам  ноҳақ туҳматга олиб боради. Шу сабабли аввало бировга ёмон гумон қилишдан тийилиш лозим. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирларидан ёмон гумон қилишдан қайтариб шундай дейди: “ Эй инсонлар,  одамлардан ёмон гумон қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Инсон ўзининг баъзи бадгумони билан гуноҳкор бўлур”.  ( Ҳужурот сураси, 12-оят). Инсонлар бир-бирларидан  ёмон гумон қилишдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Зеро, бировдан гумон қилишлик ботил нарсадир. 
               Баъзи бировлар  фойда кўриш учун туҳмат гапни гапиришади. Биров зарар кўрмаслик учун  ёки зарарни кетказиш учун туҳмат гапни гапиради. Шу йўл билан фойда кўрмоқчи ёки балодан қутилмоқчи бўлади. Аслида, туҳматдан фойда кўриш йўқ. Чунки, туҳмат ёлғон сўзлардан иборат бўлиб, ёлғон сўзларда хатар бордир, нажот йўқ.
         Баъзи бир одамлар бошқаларни ўзларига жалб қилиш, ўзларини гапбилармон киши қилиб кўрсатиш учун  туҳмат гапларни  гапиришади. Бу эса у инсонларда жаҳолатдан дарак беради. Донишмандлар: “ Бошқа инсонларга тили билан озор берадиган, туҳмат қилиб яшашдан кўра, бетил   бўлиб туғилган  яхшидир”, дейишади.  
                 Туҳмат инсонларга нисбатан қилинган зулмдир. Инсоннинг инсонга қилган зулмини ўша зулм қилинган одам олдин кечмаса, унинг гуноҳини худо ҳам кечирмайди.Туҳмат  инсоннинг барча савоб ишларини кетказади, туҳмат қилган ҳам туҳматни мақуллаган ёки уни эшитган ҳам туҳмат гуноҳига шерикдир. Биров туҳмат қилиб гапирса, уни туҳматдан қайтариш ўрнига, унинг гапларини кўтариб чопадиган одамлар ҳам кўплаб топилади. Бировдан эшитган гапни гапиравериш гуноҳни кўпайтиришдир. Туҳмат қилинган одам туҳмат қилинганлигини  эшитса, унга  сабр қилса, у катта ажрни қўлга киритади. 
              Инсон туҳматга учрайдиган жойларга боришдан, ўзини туҳматга тушиб қолишдан сақлаши лозим. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.): “Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, туҳмат пайдо бўладиган ўринларга тушиб ўзини фитнага солмасин” дейдилар. ( Бухорий ривояти). 
Энг муҳими бировга туҳматдан қилишдан тийилишимиз лозим.  Пайғамбаримиз с.а.в. бир куни: “ Шундай  ёмон одатлар борки, инсонларнинг улардан қутилиши қийин: Бу биров ҳақида ёмон гумон қилиб, унга туҳмат қилишликдир” дедилар.
Одамлар сўрашди: “ Бу ёмон одатдан қайдай қутилса бўлади?”. У зот: “ Бировдан беихтиёр гумон қилиб қолсанг, гумонингга ишониб гапириб, бировга ноҳақ туҳмат қилишдан тийил”, дедилар. 
Туҳмат  жамият кишилари ўртасидаги меҳр-оқибат ипларини узади. Улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, яхши ишларда ҳамкорлик қилиш фазилатларини йўққа чиқаради. У туфайли жамият кишилари орасида ўзаро ишонч, бир-бирларига меҳр-муҳаббат билан қараш, дўстлик , бирдамлик каби фазилатларга ўрин қолмайди. Туҳмат инсонлардаги душманлик, нафрат, ғийбат,  ичи-қоралик, чақимчилик каби салбий хулқларни юзага чиқариб, уларни инсонларда  томир отишига сабабчи бўлади. Бу ёмон хулқлар туфайли қанча-қанча инсонларга сабабсиз озорлар етади.  Шу сабабли халқимиз: “ Бемаҳал ўлим, ноҳақ туҳматдан асрасин” деб дуо қилади.
 Аслида, инсонлар доимо бир-бирларига яхшилик соғиниб яшашлари лозим. Зеро, инсонлар ўртасида инсонгарчиликдан кутилган мақсад ҳам яхшилик қилишдир. Бирор инсонга яхшилик қилиш қўлимиздан келмайдими, унга ёмонлик қилишдан ҳам тийилайлик.
 
Р. Акбаров
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими