Аллоҳ таоло шундай дейди: “ Раббингиз, ўзига ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни буюрди. Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар. Уларга “ Уф..” дема ва жеркима. Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек. Сен ҳам уларга раҳм қилгил!””.( Исро сураси. 23-24оят).
Фарзандлар ўз ота-онасига яхши муомила қилиши, ширин сўз бўлиши, уларга меҳрибонлик, раҳм-шавқат кўрсатиши лозим.
Фарзандлар хизмат қилиб ота-оналарининг дуоларини олиш керак. Зеро ота –оналарнинг фарзанд ҳақидаги дуолари мустажобдир. Инсон ота-онасига қанчалик хизмат қилиб, уларнинг розилигини қўлга киритиб, уларнинг дуосини олса, албатта бу нарсалар беҳуда кетмайди. Ҳадисда: “Ким ўз ота-онасини рози қилса, худони рози қилган бўлади. Кимки ота-онасини норози қилса, худони норози қилган бўлади” дейилади. Ва яна ҳадисда: “ Кимки эрталаб ота-онасини зиёрат қилиб, уларнинг дуосини олса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан иккита эшик очади. Агар улардан биттасини зиёрат қилса, жаннатдан битта эшик очади. Бола ота-онасидан қайси бирини хафа қилса, уни рози қилмагунча Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди”, дейилади.
Фарзанд ота-онасининг розилигини топиш учун қуйидаги одобларга амал қилиш лозим:
- Ота-онага итоатда бўлиб, уларга доим мулойим муомила қилиш;
- Ота-онанинг олдида овозини баланд кўтармаслик;
- Ота-онага тонгда салом бериш, кечаси уйқуга ётишдан олдин ота-онага хайрли тун тилаш;
- Ота-онадан ҳар бир ишда маслаҳатлашиш;
- Ота-она уйга кирганларида ҳурмат билан ўрнидан туриш;
- Ота-она айтишини кутмай улар хурсанд қиладиган ишларни қилиш;
- Ота-она шаъни ва мол-мулкини ҳимоя қилиш;
- Ота-она чақирганда бошқа ишларни қўйиб дарҳол жавоб бериш;
- Ота-она гаплашаётганда уларнинг сўзини бўлмаслик;
- Ота-она хоҳлаган нарсасини имкони борича муҳайё қилиш;
- Ота-она рухсат бермаган ишни қилмаслик;
- Ота-онанинг дўст –ёрларини, қариндош-уруғини ҳурматлаш;
- Ота-онаси ёмон кўрадиган кишилар билан дўстлашмаслик;
- Ота-онани фарзанд аҳли аёли олдида камситмаслик;
- Ота-она дам олаётганида уларни нотинч қилмаслик;
- Ота-онадан айб-нуқон ахтармаслик;
- Ота-онанинг айб-нуқсонларини уларнинг юзига солмаслик;
- Ота-онани масхараб кулишдан ўзини тийиш;
- Ота-онадан олдин юрмаслик, улардан юқорига чиқмаслик;
- Ота-онага қараб оёқ узатмаслик;
- Ота-она ҳузурида одобни сақлаш, нохуш қилиқларни қилмаслик;
- Ота-она яхши кўрадиган таомларни қилиб, уларни кўнглиларини олишлик;
- Ота-онадан олдин таомга ёки бошқа нарсаларга қўл узатмаслик;
- Ота-онанинг борлигида ҳам, улар йўқлигида ҳам улар ҳақига доим дуода бўлиш.
Ҳазрати Алишер Навоий шундай дейдилар: Оналариннг оёғи остидадур, Равзаи жаннату жинон боғи. Равза боғин висолин истар эсанг, Бўл онанинг аёғи туфроғи.
Ота-она фарзанд учун давлат. Давлат учун ҳамиша шукр қилиш ва ота-она розилигини топиш учун ҳаракат қилиши лозим. Ота-онасини розилигини топган инсон эса икки дунё саодатига эришади.
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими