Ўз жонига қасд қилиш
10916
21-10-2024, 15:20
148
Ўқиш режими
+
-
Инсон бўлиб дунёга келишликнинг ўзи Аллоҳ таолонинг инсонга катта марҳаматидир. Аллоҳ марҳамат қилган бу ҳаётда тўғри яшаш, умрнинг мазмунини англаш ҳам бир саодат. Ҳозир худога шукр ҳамма нарса тўкин-сочин, фаровон бир юртда яшаяпмиз. Юртимизда ҳамма нарса муҳайё. Ҳар бир инсон, хоҳ у эркак, хоҳ у аёл бўлсин мана шундай тинч ва фаровон ҳаёт учун Аллоҳ таолога қанча шукр қилса арзийди.
Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай кунларда баъзи инсонларнинг ўз жонларига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ислом динида ўз жонига қасд қилишлик оғир гуноҳ ҳисобланади. Бундай ўз жонига қасд қилишни Аллоҳ берган ҳаётга ношукрлик, омонат жонга хиёнат қилиш деб баҳолаш мумкин.
Ўзини ўлдириш ношукрлик бўлиб, бу иш билан инсон дўзахга кириш учун шошилган бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “ Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, мен унга берган умрга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатга киришни абадий ҳаром қилдим”, дейди. Жаннатга киришдан абадий маҳрум бўлиш катта бахтсизликдир. Ривоят қилишларича, Шайтон бир кун Аллоҳ таолодан сўрабди: “ Эй Аллоҳ, мени одам туфайли ёмон кўрдинг, одамлар ичида мендан ҳам ёмон кўрадиганинг борми?”. Шунда Аллоҳ таоло: “ Эй Шайтон, одамлар ичида сендан ҳам ёмон кўрадиганим бор. У ношукр одамдир”, деган экан. Шу сабабли инсон ўз жонига қасд қилиш билан Аллоҳ таоло ёмон кўрадиган ношукр кишига айланади. Инсоннинг берилган неъматга шукр қилиши ёки қилмаслиги билан унинг кимлиги аниқ бўлади. Берилган неъматларга шукр қилмаслик инсоннинг ахлоқан тубанлигини, берилган неъматга шукр қилишлик эса инсоннинг юксак фазилат эгаси эканлигини кўрсатади. Зеро, ҳар бир неъматнинг ҳаққи шукр қилишлик билан адо бўлади.
Аллоҳ таолонинг марҳамати бўлган бу ҳаётда баъзан қийинчиликларга дуч келинади. Аллоҳ таоло инсонни бу дунёда ҳар хил хавф ва ҳолатлар билан имтиҳон қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди:“ Ва албатта сизларни хавфу хатар,очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат етганда: “ Албатта, биз Аллоҳ таолонинг ( бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот ( мағфират) ва раҳмат бордур”. ( Бақара сураси, 155-157-оятлар). Инсон бу дунёда имтиҳонда экан, у бошига тушаётган ҳар бир мушкул, машаққатларни сабр –тоқат билан енгиши лозим. Инсон имтиҳон учун берилган ҳаёт қийинчиликлари олдида сабр қилолмасдан ўз жонига қасд қилиши унинг жоҳиллигидан бошқа нарса эмас. Баъзи бир инсонлар ўзларини ўлдириш билан бошқа кишилардан қасос олмоқчидай бўлишади. Бу ҳам ўша инсоннинг нодонлигидан бошқа нарса эмас. Ҳеч бир киши ўзини ўлдириб бошқа кишидан қасос ололмайди, балки ўзига жуда катта зулм қилади, холос. Чунки бу дунёда ҳар бир кишининг яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам ўзи учундир. Бу ҳақда “ Қуръони Карим”да: “ Бас, ким ( ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса ( Қиёмат кунида) ўшани кўрар. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!”. ( Залзала сураси, 7-8-оят)
Инсоннинг ўз-ўзини ўлдиришлиги яратган омонат қилиб берган жонга хиёнат қилишидир. Чунки Аллоҳ таоло танамизга жон деган омонатни бериб, бизга ҳаёт деган неъматни берди. Вақти-соати етиб Аллоҳ таоло бизга берган жон омонатини олади. Аммо шунга қадар инсон Аллоҳ таолонинг омонати бўлган жонга хиёнат қилмаслиги керак. Хиёнатчи ҳамма замонларда ҳам қораланиб келинади. “ Қуръони Карим” да: “ Эй инсонлар, ... омонатларга билиб туриб хиёнат қилмангиз!” ( Анфол сураси, 27-оят).
Хиёнатчи одамнинг юзи икки дунёда қора бўлади. Қиёмат куни хиёнатчининг хиёнатини одамлар билсин деб, унинг ёнида хиёнатини англатадиган байроқ бўлади. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади: “ Қиёмат кунида ҳар бир хиёнатчини танитиб турадиган байроғи бўлади. Бу фалончининг хиёнати дейилади” (Муслим ривояти). Инсон ўз жонига қасд қилиш билан Аллоҳ таолонинг омонатига хиёнат қилишлигини асло унутмаслиги лозим.
Инсоннинг ўз жонига қасд қилиши ўзини ҳалокатга ташлашидир. Бу ҳақда “ Қуръони Каримда: “ … ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! ( Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли ( иш) қилувчиларни яхши кўради” ( Бақара сураси, 195-оят).
Инсоннинг ўз-ўзини ўлдирмоқчи бўлиши шайтоннинг васвасасидир. Яқинда бир аёл: “ Мен ўзимдан ўзим кўп васвасага тушаман. Баъзан шундай ҳолат бўладики, ичимдан бир нарса ўзингни ўлдир, дейди. Ўзимга ўзим насиҳат қиламан ва бу ишдан ўзимни тўхтаман. Шундай бўлсада, баъзан бу ҳолатим учун ўзимдан қўрқиб юраман”, дейди. Аллоҳ таоло Одам ато ва Момо ҳавони яратди. Шайтон Одам ато ва Момо ҳаво ва уларнинг зурриётларига бўғзу-адоват солиш пайида бўлади. Ривоят қилишларича, бир куни Шайтон одам суратига кириб, боласини Одам ато ва Момо ҳаво ёнига олиб келди. Ва Одам ато ва Момо ҳавога қараб туринглар, деб боласини ташлаб кетди. Орадан анча вақт ўтгандан кейин шайтон боласини олиб кетгани келди. У боласини чақирди. Боласи Одам ато жасадларининг ичига кириб жойлашиб олган эди. У ердандан овоз беради. Шунда Шайтон боласига одамнинг ичига яхшироқ жойлашиб олишини, уни ичидан овоз бериб доимо васваса қилиб туришлигини тайинлади. Ўшандан бери инсоннинг ичида васваса деган ҳолати бор, шу васвасани шайтон боласи юзага чиқаради. Шайтоннинг инсон ичидан овоз бериши, ичкаридан ҳар хил фикр, насиҳатларни бериши васваса дейилади. Васваса бу инсоннинг ичидан шайтон берадиган махфий овоздир. Васваса –сақланиш ва сезишнинг иложи бўлмаган махфий товушдир. Васваса шайтоннинг амалидир. Ҳадисда: “ Шайтон инсоннинг қон томирида юради”, дейилади. Шайтон инсон ичида шундай товушга эга бўладики, уни фақат шу инсоннинг ўзигина эшитади. Инсон турли шайтоний васваларга берилмаслиги, тушкунликка тушмаслиги, ноумид бўлмаслиги лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “ Эй инсонлар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузлик буюрур” . ( Нур сураси, 21-оят).
Инсоннинг ўз-ўзини ўлдириши ўзига абадий азобни сотиб олишидир. Бирор киши ўзини тепаликдан пастга ташлаб ўлдирса, дўзахда доим шундай азобга абадий гирифтор бўлади. Пайғамбар с.а.в. “ Кимки тоғ тепасидан ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хилда азобга гирифтор бўлади ...”. ( Бухорий ривояти). Инсон ўзини заҳар ичиб ўлдирса, дўзахда мана шу азобга абадий мубтало бўлади. Ҳадисда: “...Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади”. ( Бухорий ривояти). Биров ўзини пичоқ ёки бошқа бир темир асбоби билан ўлдирса, у кимса шу темир парчаси суқилган ҳолда дўзах азобида қолади. Ҳадисда: “ ...Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади” ( Бухорий ривояти). Бирор киши ўзини осиб, сувга ташлаб ёки ўзига олов бериб ўлдирса ҳам дўзахда абадий шу азоб билан азобланади. Бу ҳақда пайғамбаримиз с.а.в. “ ...ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинганлар ҳукми билан баробардир”, дейдилар. Биров ўзини-ўзи бўғиб ёки ўзига олов бериб ўлдирса ҳам дўзахда шундай азобга қолади. Ҳадисда шундай дейилади: “ Ким ўзини-ўзини бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса дўзах оловида шундай азобга қолади”.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз жонига қасд қилишдан тийилиб, Аллоҳ таоло берган ҳаётни қадрлаб, умрни эзгу ишларга сарфла яшаши лозим. Ана шундай инсонлар дунё ва охират саодатига эришадилар.
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими