Бугун мамлакатимизда янги-янги иморатларга пойдевор қўйилиши, салобатли тоғлар бағрини очиб йўл қуриш, илм-фан, техника ва технологияларни ривожлантиришдан кўзланган асосий мақсад фуқароларимизнинг яхши яшашлари, тўкин-сочин ва фаровон ҳаёт кечиришларига, шунинг баробарида комилликка, яхшиликка интилишларига хизмат қилиши шубҳасиз. Буларнинг замирида энг аввало мустақил юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, фуқаролар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик мужассам.
Турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш – бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифалардир.
Афсуски, дунё саҳнида нотинч мамлакатлар кўп. Терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, ёт ғоя ва мафкуралар, мутаассиб диний оқимлар бир томондан, одам савдоси, гиёҳвандлик, ОИТС каби иллатлар бошқа томондан айрим минтақаларни чирмовуқдек қамраб олган ва уларнинг тинка-мадорини қуритиб, ёндош ҳудудларга ҳам тарқалиш хавфи ортиб бораётгани бугун яққол кўринмоқда. Шу боис экстремистик руҳдаги марказларда аввалдан ўйланган режалар асосида амалга оширилаётган қабиҳ ишлардан огоҳ бўлиш, оқни қорадан, яхшини ёмондан фарқлай олиш шарт.
Сайёрамизнинг турли минтақаларида рўй бераётган мудҳиш воқеаларга уйғоқ кўз, теран тафаккур билан қараш ва баҳо бериш лозим. Буларнинг менга дахли йўқ, деган тушунча билан яшаб бўлмайди, бепарволик ва лоқайдлик барча офатларнинг асосидир. Уруш бахтли яшаш учун дунёга келган миллионлаб одамлар бошига беҳисоб кулфат ёғдиради. Халқларни бир-биридан айиради. Уруш оловига ёғ пуркаётган кучларнинг нияти эса ўша юртни ўз таъсир доирасига тортиш, ноғорасига ўйнатиш, табиий бойликларини талон-торож қилиш эканлиги бугун ойдек равшан.
Жонажон юртимизни турли хил ғаразли хуруж ва ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда бундай ишлар ортида турадиганларнинг асл мақсадларини барча фуқароларимизга тушунтириш масаласи ҳар доимгидан ҳам муҳим. Акс ҳолда, инсониятга таҳдид солаётган халқаро терроризм, экстремизм, наркобизнес ва одам савдоси каби хавфли жиноятларга йўл қўйиб берган бўламиз. Зеро, жаҳолатга қарши турмаган уни ёқлаган бўлади!..
Азамат УСМОНОВ