Исломда гуруҳбозликка ўрин йўқ
10957
30-10-2024, 17:44
96
Ўқиш режими
+
-
Баъзида айрим кишиларнинг гуруҳбозликка чақираётганликларига гувоҳ бўламиз. Ислом дини гуруҳбозликни қоралайди.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “ Барчаларингиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”. Ўзаро душман бўлганингизда Аллоҳ дилларингизни улфат қилганини, Унинг фазли туфайли биродарлашганингизни эсланглар. Олов жари ёқасида турганингизда сизларни ундан қутқарди. Ҳидоят топишингиз учун Аллоҳ оятларини шу тарзда баён этади” (Оли Имрон, 103-оят).
Ислом динида мусулмонларни бўлиш, гуруҳбозлик қилиш қайтарилган амалдир. Аксинча, ўзаро ҳамжиҳат бўлиш, гуруҳбозлик қилмаслик, бўлинмаслик фазилат ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбар (с.а.в.):“Албатта, Аллоҳ сизларга уч нарсадан рози бўлади ва уч нарсани ёмон кўради: Унинг Ўзига ибодат қилиб, ширк келтирмасликларингиз; барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутиб, бўлиниб кетмаслигингиз ва сизга ишбоши бўлган шахсга насиҳатда бўлишингиздан рози бўлади. “Деди-деди” дейиш; кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради”, дедилар. (Муслим ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни бирлик ва ҳамжиҳат бўлишга муяссар қилиб, ҳар хил айирмачилик қилишлардан асрасин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими