Тавозеъ нима?
10980
7-11-2024, 10:43
150
Ўқиш режими
+
-
Баъзан нутқимизда “тавозеъ” сўзини ишлатамиз. “Тавозеъ” сўзи нима маънони англатади. “Тавозеъ” сўзи араб тилидан ўзбек тилига кирган сўз ҳисобланади. У ўзбек тилида “камтарлик”, “хокисорлик”, “ўзини пат тутиш” деган маъноларни англатади.
Тавозеъ сўзи “ Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “ Тавозеъ- арабча сўз бўлиб, у ўзини паст тутиш, камтарлик; ўзини хоксор, одоб билан тутиш”, деб изоҳланади. Бир донишманддан: “ Тавозеънинг боши нимада?” деб сўрашибди. Шунда у: “ Тавозеънинг боши-учраган кишига ўзини паст олиб биринчи салом беришга ҳаракат қилиш, бирор киши бирор жойга борса, у ерда унга пастроқдан жой кўрсатилса, ўша жойга рози бўлиб ўтириш ва атрофдаги одамлар уни мақтаб эслашларини ёмон кўришдир” деб жавоб берган экан.
Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Аллоҳ таоло менга: “ Бир-бирларингизга нисбатан тавозеъда бўлинг. Токи бирон кимса бировга нисбатан мутакаббирлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин, деб ваҳий қилди” деб марҳамат қилганлар.
Дарҳақиқат, тавозеълик юксак инсоний фазилатдир. Дунёдаги машҳур кишиларнинг барчалари тавозеъли инсонлар бўлишган. Шу сабабли Аллоҳ таоло уларни юқори даражаларга кўтарган. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади:” Ҳар бир кимсанинг боши устида иккита занжир бўлади. Бири еттинчи қават осмонгача, иккинчиси етти қават ергача етади. Агар бирор киши тавозеълик қилса, Аллоҳ таоло уни (даражасини) еттинчи осмонгача кўтаради”.
Тавозеълик инсоннинг мартабасини кўтарилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)га: “ Эй Мусо, биласанми, мен сени нима учун одамлар орасидан гаплашишга танладим?” деб сўради. Мусо (а.с.) билмайман, деб жавоб берганларида, Аллоҳ таоло: “ Мен сени одамлар орасидан гаплашиш учун танлашимни сабаби сендаги тавозеъликдир” деб жавоб берган экан.
Дарҳақиқат, инсон учун тавозеълик хулққа эга бўлишда катта манфаат ётади. Инсондаги тавозеълик хислати жамиятдаги кишилар ўртасида меҳр-оқибатни ортишига, инсонларнинг бир-бирларини яхши кўришлари ва улар ўртасидаги инсоний алоқаларни мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Инсон тавозеълик туфайли икки дунё саодатига эришади.
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими