1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт омили

11-11-2024, 17:01 240 Ўқиш режими + -
Кўп миллатли мамлакат сиёсатининг асосий мақсади миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни шакллантириш бўлиши зарур. Ўзбекистонда шаклланиб улгурган бундай миллий бағрикенгликдан кенг дунё жамоатчилиги ўрнак олишга интилаётгани ҳам бежиз эмас. 
Ўзбекистон халқи азалдан бағрикенг ва меҳмондўст бўлиб келган. Қадимдан заминимизда яшаган миллат ва элатлар бир-бирига елкадош бўлиб, бир бирининг оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўйу маъракада кўп миллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору ҳамжиҳат бўлиб яшашган.
Инсониятнинг асли бир: ҳамма Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Инсонлар турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби ўзаро танишиш, ҳамкорлик қилиш ва маърифат ҳосил қилишдир.
Инсоният тарихига назар ташласангиз, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, уларда тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ноаҳиллик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, балки аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган. 
Қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойиллари ҳаётда ўз талқинини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.
Ислом дини ўзга дин вакиллари билан бўладиган кундалик алоқаларга алоҳида урғу берган. Хусусан, қўшничилик алоқалари, аҳли китобларнинг таомидан истеъмол қилиш, уларга уйланиш мумкин экани, уларни ғийбат қилиш ҳам гуноҳ экани, молиявий алоқалар ўрнатиш, улардан қарз олиш, қарз бериш, уларга омонат қўйиш, мусулмон бўлмаган кишини мақташ каби масалаларда оят ва ҳадислар келган.
Мамлакатимиз том маънода диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда. Зеро, юртимизда доимо “диний бағрикенглик” ғояси илгари сурилган. Хусусан, диёримиздан етишиб чиққан  Замахшарий, Марғиноний, Мотуридийдек буюк алломаларимизнинг асарларида “диний бағрикенглик” ғояси, шу заминда яшовчи турли эътиқодга мансуб халқларни  юрт фаровонлиги йўлидаги интилишларини таъминловчи муҳим омил бўлиб келганлиги таъкидланади. 
Ислом ақидалари халқимиз урф-одатларига монанд келгани учун мусулмончилик турмуш тарзимизга чуқур сингиб кетган. Бинобарин, ўзбекларда инсоний бағрикенглик билан динлар­аро бағрикенглик табиатан ва­ моҳиятан ўзаро уйғундир.­
Дарҳақиқат, Ўзбекистон турли миллат ва диний эътиқодга мансуб одамлар юз йиллар мобайнида бир оила каби иноқ яшаб келаётган, дини, ирқи ва миллатидан қатъи назар, инсон шарафланадиган бағрикенг мамлакатдир. Айни шу заминда юз йиллар давомида дунё маданиятларининг катта миқёсдаги бир-бирини бо­йитиш жараёни рўй берган. 
XV аср бошларида Темур саройида бўлган Кастилия элчиси гувоҳлик беришича, Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади. Бошқа манбаларда келтирилишича, Темурнинг ўғилларидан бири христианларнинг эҳтиёжларини қондириш учун масъул қилиб тайинланиб, у барча христиан мамлакатлари билан мавжуд алоқалар учун ҳам жавобгар эди. 
Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамдулиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. 
Дунёнинг этник харитасига назар солсак ер юзида миқдоран бир неча юзтадан тортиб бир неча миллионни ташкил этадиган 2 мингга яқин хар хил миллат ва элатлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Шундай экан миллатлараро бағрикенглик, осойишталикни таъминлашнинг асосий усули бўлиб қолаверади.
Кишилардавиждон эркинлиги билан боғлиқ билимларнинг шаклланиши ва ривожланиши учун зарур шароитларнинг яратилиши давлат томонидан жамиятда диний бағрикенглик муҳити устувор бўлишини таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Шу билан бирга, эътиқодий асосдаги душманлик ва адоват уйғотадиган, ҳис–туйғуларни ҳақоратлайдиган ҳаракатлар, ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган реал механизмларнинг яратилгани ҳам диний бағрикенглик барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. 
Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод ватан қуришнинг муҳим шартидир. Қадимдан диёримизда буддавийлик, зардўштийлик, насронийлик, яҳудийлик, ислом динлари ёнма-ён яшаб келагн, маданият марказлари ҳисобланган шаҳарларимизда масжид, черков, синагогалар фаолият кўрсатган. Уларда турли миллат, элат ва динга мансуб халқлар қавмлар ўз диний амалларини эмин-эркин адо этган.
Ватанимиз тарихининг энг мураккаб, зиддиятли, оғир даврларида ҳам юртимиздаги мавжуд дин вакиллари ўртасида диний асосда можоролар бўлган эмас. Бу-юртимиз халқларининг диний бағрикенглик борасида катта тажрибага эга бўлганидан далолат беради. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 16 конфессияга мансуб диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Уларга ўз диний маросимларни ўтказиш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги хуқуқий асослар Ўзбекистон Конституциясида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда мустаҳкамлаб қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.
Наргиза Садатова 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги хуқуқшунос-маслаҳатчиси