Сабр-хурсандчилик калити
11010
20-11-2024, 12:35
93
Ўқиш режими
+
-
Ҳар бир нарсанинг калити бор. Масалан, жаннатнинг калити намоз, намознинг калити эса таҳоратдир. Хўш, хурсандчиликнинг калити нима?
Хурсандчиликнинг калити эса сабр-тоқатдир. Сабр-тоқат келгуси муваффақиятлар ва хурсандчиликлар калитидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз ( с.а.в.): “Сабр хурсандчилик калитидир” деб марҳамат қилдилар.
Сабр сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “Сабр-арабча сўз бўлиб, у чидам, бардош” –деб изоҳланади. Инсон бу дунёда турли хил хавф-хатар, очлик, молу жонга зарар бериш билан имтиҳон қилинади. Бу ҳақда “Қуръони Карим”да: “ Ва албатта сизларни хавфу хатар. Очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат етканда: “ Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”.-дейдиган собрларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга парвардигорлари томонидан саловот ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир” –дейилади. (Бақара сураси, 155-157-бетлар). Инсон эса бу дунёдаги турли балолар имтиҳон эканлигини билиб, уларга сабр қилиши лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Аллоҳ таоло кимгаки яхшилик истаса, унга мусибат беради” дедилар. ( Бухорий ривояти). Ва яна бошқа ҳадисда: “ Мукофотнинг кўплиги имтиҳоннинг кўплигига боғлиқ. Аллоҳ таоло бирор қавмни яхши кўрса, уларни имтиҳон қилади. Кимки бунга рози бўлса, ундан рози бўлади. Кимки мусибатга рози бўлмай ғазаб қилса, унга ғазаб қилади” ( Термизий ривояти).
Сабр асосан икки нарсага нисбатан бўлади. Бу икки нарсанинг бири мусибат бўлса, иккинчиси эса маъсиятдир. Мусибат бу айрилиқдир. Инсонинг бирор киши ёки нарсасини йўқотиши мусибатдир. Пайғамбар (с.а.в.): “Бир кишининг суюкли кишиси вафот этса, у бу мусибатга сабр қилса, унга бериладиган ажр жаннатдир” дедилар. (Бухорий ривояти). Инсон бирор нарса ёки кишисини йўқотганида: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деб унга сабр қилади. Инсон бошига бало келганида сабр қилса, у гуноҳлардан пок бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда: “Эй инсонлар, мен инсонлар орасида бирор кишини имтиҳон қилсам, у бу имтиҳон мендан эканлигини билиб, унга сабр қилса, ўша жойидан турмасиданоқ онасидан туғилган кунидагидек хато ва гуноҳлардан фориғ бўлади” дейилади.
Маъсият эса бу гуноҳ бўладиган ишлардир. Инсон ўз нафсини гуноҳ ишлардан тийишда сабр-қаноатли бўлиши лозим. Шундай қилса, у бу сабри учун катта ажру савоблар олади. Аллоҳ таоло:“Кимки, Парвардигорининг ( ҳузурида) туриши 9ва ҳисобот беришидан)дан қўрқса ва нафсини ҳаволанишдан қайтарса бас. Фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” дейди. (Назиот сураси. 40-41-оятлар).
Сабр инсонга берилган неъматдир. Инсон бу неъматга доимо ўзини тайёрлаб, унинг шукрини қилиб бориши лозим. Пайғамбар (с.а.в.): “Кимки ўзини сабрга ўргатса, Аллоҳ унга сабр неъматини беради. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ неъмат берилмаган” дейдилар. Сабр-тоқат инсон учун яхши ахлоқдир. Довуд (а.с.) Аллоҳ таолога мурожаат қилиб:“Эй Аллоҳ менга яхши ахлоқ бергин. Мен унинг учун нима қилай?” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Мен собирман, сен ҳам сабр қил” деб жавобберди.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг сабр-тоқат бандаларидан қилиб, хурсандчилик неъмати билан барчамизни сийласин!
Р. Акбаров,
ЎМИ нинг Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими