Исломни сўнгги дин ўлароқ танлаган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.
“Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” деган, суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога саловат ва саломлар бўлсин.
Адашган фирқа вакилларидан бири ўзининг “Илм толиблари” билан ижтимой тармоқ орқали Ҳибатуллоҳ ибн Ҳасан ибн Мансур Табарий Шофеъий Лалкоийнинг “Шарҳ усули эътиқоди аҳли сунна вал жамоа” китобидан талабаларга дарс айтиш асносида у мотуридий ва ашъарийлар ҳақида ўзига берилган саволни хотирлаб шундай дейди.
“Баъзилар мендан сиз мотуридий ва ашъарийлар адашган деб айтасиз. Ҳақиқатда улар адашган бўлса, уларнинг таълимоти нотўғри бўлса, бунинг бирорта исботи борми? Уларга ўзлари яшаган даврда ёки кейинчалик ҳеч бир олим раддия бермаганми?
Уларга бугунги олимларнинг китобидан жавоб айтаман десангиз, улар салафийлар-ку деб кўнмайди. Бир оз олдинги вақтга масалан, Ибн Таймиядан олиб жавоб айтаман, десангиз унга ҳам унамайди. Майли мана қўлимиздаги китоб ўша бешинчи ҳижрий санада ёзилган. Айнан мана шу китоб мотуридий ва ашъарийларга қарши қаратилган.”
Келинг энди унинг гапларини бир таҳлил қилиб кўрайлик. Аввало унга савол берган кишилар мотуридия ва ашъария таълимотларида бирор бир ножўя эътиқодий қараш борлигини кўрмаганлиги учун ҳам мазкур икки эътиқодий таълимот бўйича айтган гапларига асос сўраган. Ўрни келганда айтиб ўтиш лозим бўлган бир жиҳат бор. Адашган фирқа вакили мотуридий ёки ашъарийларни адашганга чиқарар экан аниқ бир масалага тўхталмайди. Умумий қилиб улар адашган деб юборади.
Хўш! мотуридийлар ёки ашъарийлар қайси эътиқодий масалада адашган экан. Марҳамат ўша масалани кўрсатиб берсин-чи! Унинг гаплари шунчалик тўғри экан, далил ҳужжатлар билан асослаб берсин.
Унинг юқоридаги “...Айнан мана шу китоб мотуридий ва ашъарийларга қарши қаратилган” деган гапи ҳам мутлақо асоссиз. Чунки имом Лалкоий ушбу китобнинг бирорта жойида мотуридийлар ёки ашъарийларни тилга олмаган. Тўғри имом Лалкоийнинг ушбу китобни ёзишига иккита сабаб бор.
Биринчиси аҳли илм ва мухлис кишилар у кишидан аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди баён қилинган бир китоб таълиф қилиб беришини сўраган.
Иккинчиси ўша пайтдаги айрим олимлар аҳли суннанинг эътиқоди қолиб бошқа илмлар билан машғул бўлиб кетган.
Адашган фирқа вакили ушбу иккинчи сабабда зикр қилинган олимлар айнан мотуридий ва ашъарийлар деган даъвони қилмоқда. Ҳолбуки, юқорида айтилганидек, китоб муаллифи на мотуридийлар ва на ашъарийлар ҳақида бирор сўз айтмаган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақ йўлида собит қадам қилсин. Ҳақнинг ҳақ эканлигини ва ботилнинг ботил эканлигини билдириб, ҳаққа эргашишни ва ботилдан йироқ бўлишимизни насиб этсин!
Ў. Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом таълим муассасси мудири