1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

САҲОБИЙЛАР МУҲАББАТИ

21-11-2024, 16:01 283 Ўқиш режими + -
Бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺни жудаям яхши кўрган ва Росулуллоҳ ﷺ учун жонларини ҳам аямаслигини бот-бот ўзига ишонч билан билдирар, муҳаббатини саҳобийлар муҳаббатидан кам эмаслигини қалбига таскиният бергандек ғурур сифатида шукур қиларкан. Аллоҳга илтижо қилиб тушида Росулуллоҳ ﷺни кўриш учун доимо дуода бўлганлиги ва тилидан саловотни қўймасдан тинимсиз айтиб юраркан. Бир куни тушида Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺни кўради. Қарасаки, тушида бир автобусда Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ва у кишининг саҳобалари билан бирга эмиш. Бир пайт кетаётган автобус авария ҳолатида унинг ярми томони ерда, ярми томони пастликда қулашга яқин бўлиб турган эмиш. Шунда туш соҳиби югуриб, автобус юмалаб кетмаслиги учун, унинг балони остига катта ҳарсанг тош олиб келиш мақсадида югуриб кетибди. Тошни олиб келгунига қадар қарасаки, саҳобийлар автобус қуламаслиги учун ўзларини бошларини балон остига қўйиб турганини кўриб йиғлаб юбориб ўйғониб кетибди. Муҳаббатини саҳобийлар муҳаббатига солиштирганидан уялган экан...  
Саҳобийлар ким аслида...? Улар Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг ҳамроҳлари ва Исломнинг дастлабки даврида унинг ривожланиши ва кенгайишига катта ҳисса қўшган мусулмонлардир. Улар Пайғамбаримиз ﷺ билан бирга яшаб, у зотнинг таълимотларини қабул қилиб, ҳақиқат йўлидаги қийинчиликларни бошдан кечирган инсонлар эдилар. Саҳобийлар Пайғамбаримиз ﷺга бўлган муҳаббатларини нафақат сўзлар билан, балки амаллари билан ҳам исботлаб берганлар.
Саҳобийларнинг Пайғамбаримиз ﷺга бўлган муҳаббатлари чексиз эди. У зотнинг ҳар бир сўзлари, ҳаракатлари ва ҳаёт тарзлари саҳобийлар учун намуна эди. Улар Пайғамбаримиз ﷺнинг ҳар бир гапларини диққат билан эшитиб, уни ҳаётларига тадбиқ этар эдилар. Баъзи саҳобийлар Пайғамбаримиз ﷺнинг бирор ишларини қилиб бериш учун бор кучларини ишга солар эдилар. 
Бир ривоятга кўра, Пайғамбаримиз ﷺнинг яқин саҳобийларидан бири бўлган Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар: "Биз Расулуллоҳни ўз жонимиздан ҳам кўпроқ яхши кўрар эдик. Ҳар сафар у кишининг ҳузурларида бўлиш биз учун энг катта бахт эди". Ҳазрати Алининг бу гаплари саҳобийлар муҳаббатининг ёрқин намунасидир.
Муҳаббат ва фидойилик борасида саҳобийлар Пайғамбаримиз ﷺ учун ўзларини ҳеч нарсадан аямаганлар. Уларнинг муҳаббати нафақат кўнгилда, балки амалий жиҳатдан ҳам намоён бўлган. Улар Ислом динини ҳимоя қилиш, уни тарқатиш ва устун қилиш учун ўзларини қурбон қилишга ҳам тайёр бўлганлар.
Бир мисолни келтирадиган бўлсак, Уҳуд жангида саҳобийлар Пайғамбаримизни ҳимоя қилиш учун барча имкониятларини ишга солган эдилар. Ҳазрати Талҳа ибн Убайдуллоҳ жангида Пайғамбаримиз ﷺ   нинг олдиларига ўтиб, ўзларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилган ва бу ҳаракатида кўплаб жароҳат олган эдилар. Пайғамбаримиз ﷺ унга "Сен жаннат аҳлисан" деб башорат берганлар.
Муҳаббат ва ўзаро дўстликда саҳобийлар нафақат Пайғамбаримиз ﷺга, балки бир-бирларига ҳам чуқур муҳаббат ва ихлос билан боғланган эдилар. Улар ўзаро биродарлик руҳида яшаган ва бир-бирларига ёрдам беришдан қочмаганлар. Муҳожирлар ва ансорлар ўртасидаги муносабатлар бунинг яққол мисолидир. Мадина аҳолиси бўлган ансорлар Маккадан келган муҳожирларга ўз мол-мулкларини, уйларини очиб бериб, уларни ўз жонидек яхши кўрганлар.
Муҳаббатнинг маънавий кучи борасида саҳобийларнинг муҳаббати фақат зоҳирий эмас, маънавий жиҳатдан ҳам жуда кучли бўлган. Улар Аллоҳга ва Унинг Расули ﷺга бўлган муҳаббатларини доимо қалбларида сақлаб, уни ҳеч қачон заифлаштирмаганлар. Бу муҳаббат уларни дунёвий манфаатлардан устун қўйган, улар ҳар қандай вазиятда ҳам ҳақиқат йўлида собит қолганлар.
Саҳобийларнинг Пайғамбаримиз ﷺга бўлган муҳаббатлари, фидойиликлари ва ўзаро биродарликлари Ислом тарихидаги энг чуқур маънавий мерослардан бири ҳисобланади. Улардан олинадиган сабоқлар, бугунги кун мусулмонлари учун ҳам муҳимдир.
 
 
Нилуфар БЕРДИЕВА
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи