1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЛЛОҲНИНГ МУҲАББАТИГА ЭРИШИШ

25-11-2024, 15:10 124 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамдлар бўлсин. Ҳабиби муҳтарам Муҳаммад алайҳиссаломга чексиз солавоту дурудлар бўлсин.
Инсон бу дунёга келишидан асл мақсад, Аллоҳни таниш ва унга ибодат қилишдир. Шу билан бирга, яхши амалларни бажаришда саъий ҳаракатда бўлиш орқали Аллоҳнинг муҳаббати ва розилигини топишдир. Аллоҳнинг муҳаббатини топиш дегани, бу Унинг розилигига эришиш демакдир. 
Бунинг учун биз бандаларда жуда кўп имкониятлар мавжуд. Шу имкониятлардан бири, инфоқ қилиш бўлиб, унинг   турлари кўпдир. Инфоқ деганда фақат катта-катта маблағни бериш дегани эмас, балки ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб инфоқ қилишдир. Демак, ҳар ким учун Аллоҳнинг муҳаббатини қўлга киритиш у ҳоҳ бой бўлсин, ёки камбағал, имкони бор экан.
Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилган:
“Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни ҳуш кўрадир”, (Бақара сураси 195-оят). 
Ушбу оятда инфоқ ва эҳсон қилиш Аллоҳнинг муҳаббатига етиштирувчи амал эканига ишора қилинмоқда. Фақат унинг шарти Аллоҳ йўлида, Аллоҳ учун холис бўлиш бўлади. Яна муҳим жиҳати уламоларимиз Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг”, деган жойини нафақани тарк қилиш билан ҳалокатга дучор қилманг, деган эканлигидир. Яъни инфоқ ва эҳсон қилмаслик ўзини ҳалокатга дучор қилиш дегани экан. 
Бундан ташқари зиммасида деҳқончиликдан вожиб бўлган ҳосилнинг ўндан ёки йигирмадан бирини садақа қилмаслик, мол-мулки ёки чорва молларидан закот нисобига етган киши закотини ҳақдорларга бермаслиги ҳам шунинг остига киради. Улар ҳалокатга дучор бўлган ва Аллоҳнинг муҳаббатидан маҳрум бўлиш ховфидаги кишилар саналади. Аллоҳ бундан сақласин!
Аллоҳ таоло оят сўнгида “Эҳсон қилинг, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни ҳуш кўрадир”, демоқда. Уламоларимиз ушбу оятнинг тафсирида турли сўзларни айтганлар. Шулардан муҳсинлардан мақсад, Аллоҳнинг фарзларини адо қилишдаги муҳсинларни, деса баъзилар бу дегани Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлинглар, дегани дейдилар. Бу дегани Аллоҳ таолони раҳамт ва ҳикмат соҳиби деб билиш, унга турли бўҳтонлар қилмаслик, деганидир. Аллоҳ таоло яхшилик қилувчи, эҳсон қилувчи, инфоқ қилувчи ва ибодатларда бардавом бўлувчи кишини ҳуш кўради.
Бошқа ояти каримасида инфоқ эҳсон қилувчиларни сифатлаб шундай дейди:
“Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. (Оли Имрон сураси 134-оят). Аллоҳ таоло ушбу оятни улар учун жаннатлар тайёрлаб қўйилган тақводорларни сифатлаб айтган ва у тақводорлар ҳар қандай ҳолатда ҳам инфоқдан тўхтамайдиган зотларни эканини баён қилиб келтирган. 
Демак, инфоқ қилиш учун алоҳида шароит ёки ишни юришиб кетиши ёҳуд ҳурсандлик вақти бўлиши керак эмас экан. Айрим вақтларда инфоқ қилиш ёки бирор кишининг ҳожатини чиқариш учун эҳсон қилиш айтилса, ҳозир ишим юришмай турибди, ундай бўлиб турибди, бундай бўлиб турибди деган, сўзалрни эшитиб қоласиз. Аслидачи, аслида бунинг учун ҳаммаёқ зўр бўлиши зарур эмас экан. Аллоҳнинг тақводор ва суйган бандаси бўлиш учун ҳар қандай ҳолатда имкон қадар қўлдан келганча инфоқ ва эҳсондан тўхтамаслик керак экан. Ушбулар моддий тарафдан инфоқ ва эҳсон бўлса, маънавий тарафдан ҳам инфоқ ва эҳсон бўлади. Ундай иш илм бериш ва Аллоҳнинг фарз қилганларини вақтида бажаришдир. Моддийси бажарилиб маънавийси бўлмай қолса, Аллоҳдан истиғфор сўраш керак ва унга киришиш лозим. Шунинг учун доим Аллоҳнинг муҳаббатига интилиб, жаннатга олиб борадиган ишларда давом этиш ҳар бир инсоннинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Бу ҳам биз инсонларга Аллоҳнинг ҳушхабари ва енгиллиги ҳамда раҳматидир. Аллоҳ йўлида озми кўпми инфоқ қилинса, кифоя экан. Унинг учун кўп машаққат ва меҳнат талаб қилинмас экан. Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг муҳббатига насибадор айласин!.

Саидмуҳаммадхон Муҳибуллаев,
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси