Бугунги кунда мусулмонлар имконияти даражасида илмнинг турли соҳаларини ўзлаштириб, моҳир бўлиб, дини, давлати ва одамларга фойда келтириши, одамларни оғирини енгил қиладиган кашфиёту янгиликлар билан ўзидан яхши из қолдиришга ҳаракат қилиши лозим.
Динимизнинг бош манбаси Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомда эканлиги таъкидланган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб далиллар келган. Илмнинг ҳар бир соҳасида кашфиётлар қилинган, буюк уламолар етишиб чиққан. Шундай экан, илмга рағбатсизлик, ундан юз ўгириш жоҳиллик ҳисобланади.
Илм – бир нарсани ҳақиқатига кўра идрок қилишдир. Яъни илм билан ҳамма нарсанинг ҳақиқати тушунилади, унинг нима экани маълум бўлади.
) علم “Илм”( сўзи Қуръони каримда турли кўринишларида 750 мартадан кўпроқ жойда келган. Бу ҳам Исломда илмнинг қадри баланд эканини билдиради.
Қуръони каримнинг дастлабки нозил бўлгани оятлари “Ўқи”, хитоби билан бошланади. Зеро билим ўқиб-ўрганиш сабабли ҳосил бўлади. Албатта, дунёда ҳам, охиратда ҳам билимлилар билан билимсизлар тенг эмас, билимли кишиларнинг даражалари баланд бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ )الزمر: 9(
яъни: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар сураси 9-оят).
Аллоҳ таоло илм эгаларини дунё ва охиратда улуғ даражаларга кўтаради. Чунки улар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилад:
﴿يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ﴾ )المجادلة: 11 (
яъни: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...” (Мужодала сураси 11-оят).
Қуръони карим илмнинг битмас-туганмас денгиз экани, шунинг учун илм аҳли ҳеч ҳам кибрланмасдан, камтарликни қўлдан бермай янада кўпроқ ўқиб-ўрганишлари, изланишлари кераклигига ишора қилади:
﴿نَرْفَعُ دَرَجَاتٍ مَنْ نَشَاءُ وَفَوْقَ كُلِّ ذِي عِلْمٍ عَلِيمٌ﴾ )يوسف: 76(؛
яъни: “Биз (ўзимиз) хоҳлаган кишиларнинг даражаларини кўтарурмиз. Ҳар бир илм эгаси узра (ундан) билимдонроқ (олим) бордир” (Юсуф сураси, 76-оят).
Қуръони каримнинг Каҳф сураси 60-71-оятларида Мусо алайҳиссаломнинг илм талабида сафар қилгани ва Ҳизр алайҳиссалом билан бўлиб ўтган чиройли қиссаси зикр қилинганки, улуғ пайғамбарнинг ҳам илм излагани бизга чиройли ўрнакдир.
Бани Исроил Аллоҳ таолодан ўзларига бир подшоҳ сўрашади. Аллоҳ таоло уларга Толутни подшоҳ қилди. Толутнинг подшоҳ бўлишига ҳам унинг бошқалардан илмда устун экани сабаб бўлган. Бу ҳақда шундай дейилади:
﴿وَقَالَ لَهُمْ نَبِيُّهُمْ إِنَّ اللَّهَ قَدْ بَعَثَ لَكُمْ طَالُوتَ مَلِكًا قَالُوا أَنَّى يَكُونُ لَهُ الْمُلْكُ عَلَيْنَا وَنَحْنُ أَحَقُّ بِالْمُلْكِ مِنْهُ وَلَمْ يُؤْتَ سَعَةً مِنَ الْمَالِ قَالَ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَاهُ عَلَيْكُمْ وَزَادَهُ بَسْطَةً فِي الْعِلْمِ وَالْجِسْمِ وَاللَّهُ يُؤْتِي مُلْكَهُ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ﴾
яъни: “Уларга пайғамбарлари: “Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ этиб юборди”, – деса, улар: “Унга устимиздан қандай ҳам подшоҳлик бўлсин, ахир ҳукмронликка биз ундан ҳақлироқмиз-ку, (бундан ташқари) унга мол-мулк ҳам мўл-кўл берилмаган”, – дейишди. Пайғамбар айтди: “Аллоҳ уни сизларга Ўзи танлаб, уни илм ва жисмоний жиҳатдан зиёда этди. Аллоҳ (халқ) подшоҳлигини Ўзи хоҳлаган кишига беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдондир” (Бақара сураси 247-оят).
Аллоҳ таоло илм аҳлини улуғлаб, одамлар бирор ҳукмни билмай қолганларида уларга мурожаат қилишга буюради, чунки улар ўзларига ато қилинган илму ҳикмат сабабли масалаларга ечим топадилар:
﴿فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ﴾ )النحل: 43(
яъни: “Агар билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз!” (Наҳл сураси 43-оят)
Ҳадиси шарифлар ҳам илмга тарғиб, олимларнинг фазли, уларга бериладиган мукофотлар ҳақидаги маъноларга тўла. Ихлос билан илм излаб йўлга чиққан илм толиби, токи уйига қайтгунча, худди Аллоҳ таоло йўлида жанг қилиб юрган кишидек савоб олади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
مَنْ خَرَجَ فِي طَلَبِ الْعِلْمِ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ حَتَّى يَرْجِعَ
яъни: “Ким илм излаб йўлга чиқса, у токи қайтгунича Аллоҳ таолонинг йўлидадир” (Имом Термизий ривояти).
Дин илмида билимдон бўлиш Аллоҳ таолонинг бандага яхшиликни ирода қилганидир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилади:
مَن يُرِدِ اللَّهُ به خَيْرًا يُفَقِّهْهُ في الدِّينِ، وإنَّما أَنَا قَاسِمٌ وَاللَّهُ يُعْطِي...
яъни: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилса, уни динида фақиҳ қилиб қўяди. Албатта (илмни) мен тақсимловчиман, Аллоҳ таоло беради...” (Имом Бухорий ривояти).
Илм йўлига кириш жаннат йўлига киришдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар:
وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْماً ، سَهَّلَ اللهُ لَهُ بِهِ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ (رواه مسلم)
яъни: “Ким илм излаб бир йўлга тушса, илм излагани сабабли Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Таъкидлаш керакки, тарихда ҳам илмсизлик оқибатида юзага келаётган барча муносабатлар низоларга айланиб, жамиятнинг тараққиётига раҳна солган. Илмли инсонлар яшайдиган, истиқомат қиладиган, фаолият юритадиган маконлар чароғон ҳисобланса, маърифатсизлар макони, уларнинг истиқомат манзили зимистондир. Улар илмли инсонларга ҳамиша хасад кўзи билан боқади, уларни орасига турли нифоқлар солиб, обрў ва манфаат топишга ҳаракат қилишади.
Билим олган киши ҳар томонлама ривожланган одобли, ахлоқли, камтарин, комил инсон бўлади. Ўша комил инсон, унинг олган билими ҳаёт йўлларида таянч, ёлғиз дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларида раҳбар, қайғули дамларида мададкор бўлади. Билим инсонни ақл-идрокли, билимдон, ҳунарманд, иродали, эътиқодли қилади.
С.Жаҳонов, Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси