1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мазҳаблар – бирлик рамзи!

19-09-2024, 12:49 158 Ўқиш режими + -

 

Бутун дунё уламолари томонидан кўплаб тушунтириш ва шарҳлар берилишига қарамай айрим тоифаларнинг мазҳаблар ҳақидаги янглиш иддаолари мусулмонлар орасида кўплаб ихтилофларга сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси ушбу ҳолат юртимизда, айниқса ёшларда орасида кузатилмоқда. Яқин тарихимизда бу каби ихтилофларнинг оқибати қандай бўлганига ўзингиз гувоҳсиз.  
Бизнинг мазҳабимиз – ҳанафий мазҳабининг шаклланишида буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг таъсирлари каттадир. Чунки У зотни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Куфага муаллим қилиб юборган эдилар. Куфаликларга қарата Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қадрига етишларини ва у зотни ғанимат билиб таълим олишларини буюриб: “Абдуллоҳга ўзим муҳтож бўлсамда, ўзимдан кўра сизларни устун қўйдим”, деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг илмда, зуҳд ва тақвода пешқадам эканларига барча саҳобалар гувоҳлик беришган. Абдураҳмон ибн Язид раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Биз Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан: “Саҳобалар орасида ҳидоят йўлида ва амалда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга энг яқин бўлган киши ким эканини айтсангиз, биз ўшандан илм олар эдик”, деб сўрадик. Шунда У Зот: 

"مَا أعْرِفُ أحَدًا أَقْرَبَ سَمْتًا وَهَدْيًا وَدَلًّا بِالنَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم مِن ابْنِ أُمِّ عَبْدٍ"

“Ҳидоят йўлида ҳам, амалда ҳам, далолатида ҳам Ибн Умму-Абд (яъни, Абдуллоҳ ибн Масъуд)дан кўра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ одам борлигини билмайман”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).  
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳалифалик даврларигача давом этган ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуднинг илмий мактабларидан тўрт мингга яқин фуқаҳою муҳаддислар етишиб чиқди. Али розияллоҳу анҳу Куфага келганларида у ерда фақиҳларнинг кўплигидан хурсанд бўлиб: “Аллоҳ Абдуллоҳни раҳмат қилсин, бу диёрни илмга тўлдирибди”, деганлар. Ўз навбатида Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам халифалик чоғларида Куфа шаҳрини бунёди учун жуда катта ишларни амалга оширдилар. Биринчи навбатда пойтахтни Куфага кўчирдилар. Кейинчалик кўп сонли саҳобаларни бу шаҳарга жалб қилдилар. Қуръон ва луғат илмларига катта эътибор қаратдилар. Мулла Али қори раҳматуллоҳи алайҳ Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бир ярим мингтаси Куфага кўчиб келишганини айтганлар. Бу қадар мислсиз ўзгаришлардан кейин Куфада Имом Абу Ҳанифадек буюк мужтаҳид чиқдилар ва ҳанафийлик мазҳаби юзага келди. Ушбу буюк олимнинг илм ва тақволарига барча уламолар тан бериб, бошларига кўтарганлар. Имом Суфён ибн Уяйна айтадилар: “Имом Абу Ҳанифа замонида Кўфада ундан афзал, ундан тақволи ва ундан фақиҳроқ киши йўқ эди”, деганлар (Имом Заҳабий “Тазкиротул ҳуффоз” китоби). 
Ҳозирга қадар тўртта мазҳаб мусулмонлар жумҳури томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинган. Булар қуйидаги мазҳаблар:
1. Ҳанафий мазҳаби - Иордания, Туркия, Марказий осиё, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа юртларда кенг тарқалган.
2. Шофеий мазҳаби - Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Таиланд ва баъзи Африка давлатларида тарқалган.
3. Моликий мазҳаби - Ливия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва бошқа Африка давлатларида тарқалган.
4. Ҳанбалий мазҳаби - Арабистон ярим оролида тарқалган.
Ушбу фиқҳий мазҳаблар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. 
Маълумки, юртимизда азалдан тўлиқ ҳанафий мазҳаби амалда бўлиб келган. Ҳозирда ҳам юртимиздаги деярли барча аҳли илмлар, устозлар ва масжид имомлари ҳанафий мазҳабида таълим олиб, шу мазҳаб асосида фаолият олиб бормоқдалар. Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳмаҳуллоҳ: “Агар бир юртда тўрт мазҳабдан бири кенг тарқалган ва ўша мазҳаб уламолари кўп бўлса, оми одамга ўша мазҳабга эргашиши вожиб бўлади. Кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабнинг аҳкомларини билиш, воқиф бўлиш узрли бўлганлиги учун унга эргашмоқлиги жоиз бўлмайди” (“Эълоус сунан” 20-жилд, 290-саҳифа).
Хулоса қилиб айтганда, мазҳабларга эргашиш – шариат кўрсатмасига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, Ислом тарихида бирор муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳни бемазҳаб бўлгани машҳур эмас. Фақатгина мужтаҳид бўлган кишилар бундан мустасно холос. Шаръий илмлар борасида мусулмонларнинг илми етарли бўлмаган бугунги даврда, баъзилар томонидан мазҳабларни инкор қилиш фақат мусулмонларнинг бирдамлигига путур етказади холос.
С.Жаҳонов, Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси