1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фитналардан эҳтиёт бўлинг!

30-10-2024, 12:56 65 Ўқиш режими + -

 

Гоҳида одамлар орасига фитна-фасод уруғини сочадиган, турли ички ва халқаро уруш-жанжалларни қўзғайдиган, ўзгаларнинг тинч-осуда ҳаётини кўра олмайдиган кимсалар, жамоатлар ҳам борки, динимизда улар ҳақида огоҳлантирилади. Ундай ғаразли одамлар чиқарган фитналардан узоқ юриш, у фитналарга аралашмаслик, ҳисса қўшмасликка тарғиб қилинади.
Фитна сўзи Қуръони каримда “синаш, имтиҳон қилиш”, “шарманда қилиш”, “куфр”, “азоб”, “қатл”, фитна қилувчи-“ҳақ йўлдан адаштирувчи” каби турли маъноларда ишлатилади. Буларнинг ичида бизнинг мавзуга тегишлилари “куфр”, “азоб” ва “қатл” маъноларидир. Чунки Аллоҳ таолонинг ерида, унинг бандалари ичида куфрнинг ғолиб бўлиши, одамларни азобга солиш ва қатл қилиш билан фитна чиқариш энг катта гуноҳлардан биридир. 
Ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар чиқариб, уларни бир-бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Исломда фитнанинг одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланиши унинг хатарлари бир кишининг ўлдирилишидан кўра анча кенг кўламга эга эканлиги ва натижада минглаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишига сабаб бўлиши билан изоҳланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ

яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят). 
Ибн Дақийқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тириклик фитнаси” – одам ҳаёти чоғида унга дуч келадиган дунё ҳою ҳаваслари, турли шаҳватлар ва жоҳилий ишлардир. Ишларнинг хотимаси-ўлим пайтидаги фитна янаям қаттиқроқдир. 
Фитнанинг ёмон томони шундаки, кўпчилик унинг асл моҳиятини англамайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ، لَا تَذْهَبُ الدُّنْيَا حَتَّى يَأْتِيَ عَلَى النَّاسِ يَوْمٌ لَا يَدْرِي الْقَاتِلُ فِيمَ قَتَلَ، وَلَا الْمَقْتُولُ فِيمَ قُتِلَ، فَقِيلَ: كَيْفَ يَكُونُ ذَلِكَ؟ قَالَ: الْهَرْجُ، الْقَاتِلُ وَالْمَقْتُولُ فِي النَّارِ (رواه الامام مسلم عنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

 яъни: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, бу дунё, токи қотил нима учун ўлдираётганини, мақтул нима учун ўлдирилаётганини билмайдиган кун келмагунча, йўқ бўлмайди”. “Бу қандай рўй беради?” – дейилди. “Ҳарж (фитна аралашган уруш бўлади), ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахда!” – дедилар (Имом Муслим ривоятлари). 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай марҳамат қилганлар:

"سَتَكُونُ فِتَنٌ الْقَاعِدُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْقَائِمِ وَالْقَائِمُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْمَاشِي وَالْمَاشِي فِيهَا خَيْرٌ مِنْ السَّاعِي وَمَنْ يُشْرِفْ لَهَا تَسْتَشْرِفْهُ وَمَنْ وَجَدَ مَلْجَأً أَوْ مَعَاذًا فَلْيَعُذْ بِهِ" (رواه الامامُ البخاري عن ابي هريرة رضي الله عنه ).

яъни:  “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, мўмин киши фитна пайтида ўзини четга олиб туриши, унга аралашмаслиги тўғри бўлади.

С.Жаҳонов, Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси