Конституция – фахримиз, ғуруримиз
11063
4-12-2024, 16:04
265
Ўқиш режими
+
-
Она-Ватанимиз ўз истиқлолини қўлга киритган кунидан бошлаб мустақил давлат янги қонунчилигининг яратилиши ва қабул қилиниши борасида дадил қадам ташланди. Бу борада керакли чора-тадбирлар амалга оширилди. Дастлабки қабул қилинган қонунлардан бири Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўлиб, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди.
Конституция бу бизнинг фахр ва ифтихоримиздир. Конституция бу ҳар бир давлатнинг асосий рамзларидан бўлиб, унинг жаҳон давлатлари ўртасида қадр-қимматини билдиради. Халқаро конституциявий тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳужжат қоидаларини инобатга олиш, миллий давлатчилик анъаналаридан келиб чиқиб жаҳон андозаларига мос бўлиб, халқаро талабларга жавоб берадиган мустақил Ўзбекистонимизнинг бош қомуси, юртимиз истиқлолга эришгач, янги мустақил давлат мақомини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш зарурати туфайли Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган.
Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган ҳуқуқий ҳужжатдир. Конституция — лотинча сўз бўлиб, constitutio — “тузилиш”, “тузук” деган маънони англатади ва давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини белгилаб беради. Конституция барча жорий қонунларнинг асоси ҳисобланади.
Яратилаётган бошқа қонунлар конституциявий меъёрларга асосланади, меъёрий ҳужжатлар ҳам шу асосда ишлаб чиқилади.
Мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари, жумладан, юртимиз мусулмонлари асосий Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг фойдаланмоқдалар.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 17 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши билан тасдиқланган дастур доирасида бу борада тизимли ташкилий-амалий, маънавий-маданий, маърифий-ҳуқуқий тадбирлар бошлаб юборилди.
Бу йил мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами “Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” деган бош ғоя асосида кенг нишонланади.
2023 йилнинг 30 апрел куни Ўзбекистонда Конституцияни янгилаш мақсадида умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Унга кўра, референдумда 19 722 809 нафар фуқаро, яъни, овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 84,51фоизи иштирок этган. Янги Конституция шу йилнинг 1 май санасидан кучга кирган.
Янги таҳрирдаги Конституция 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат. Унинг таркибий тузилиши эса, қуйидагича:
- Муқаддима;
- Биринчи бўлим. Асосий принциплар;
- Иккинчи бўлим. Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари;
- Учинчи бўлим. Жамият ва шахс;
- Тўртинчи бўлим. Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши;
- Бешинчи бўлим. Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши;
- Олтинчи бўлим. Конституцияни ўзгартириш тартиби.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янгилаш бўйича жами 222 минг 715 та таклиф олинди. Умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан нафақат фуқароларнинг якка тартибдаги, балки кўплаб жамоавий таклифлари ҳам Конституциявий комиссияга келиб тушди.
Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Шу ўринда 2023 йил 8 май куни Президентимизнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинганини таъкидлаш мақсадга мувофиқ.
2023 йил 1 майдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, айтиш мумкинки, 65 фоизга янгиланди. Конституцияга 10 та асосий ўзгартиш киритилди.
Бунга қадар 1992 йилдан буён конституцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Бу сафар эса, ўзгаришлар кўлами катталиги сабабли, ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди.
Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ва виждон эркинлигини таъминлашга, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлашга, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона ва одилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, дўстона муносабатларни яхшилашга ва шунга оид эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилгандир десам, муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги
хуқуқшунос-маслаҳатчиси Наргиза Садатова