Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир. Бу борада сўз кетар экан аввало мазҳаб сўзига эътибор қаратсак, мазҳаб сўзи араб тилида заҳаба феълидан олинган бўлиб “йўл” маъносини билдиради. Истлоҳда эса, тўрта фиқҳий мазҳаб имомларининг бирига эргашишликдир. ХХ аср сўнггида мусулмон оламида ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлдики, у ҳам бўлса мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир.
Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини ўзига лозим тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади. Мазкур тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи-киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар.
Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратиши ва бу уларнинг бирлигига раҳна туғдираётганлиги ҳақида жар солишмоқда. Аслидачи?! Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканлигига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилару, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки, бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин бир икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва расулига эргашамиз” дейдилар. Бу гапларни айтаётган кишилар мазҳаб борасида илмлари йўқлигини билдиради.
Мазҳабга эргашиш – Қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ (سورة النحل/آية:43)
яъни: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (“Наҳл” сураси 43-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса:
وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَى أُولِي الْأَمْرِ مِنْهُمْ لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنْبِطُونَهُ مِنْهُمْ (سورة النساء/آية:83)
яъни: “Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган иш эгаларига етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар” (Нисо сураси 83-оят).
Имом Табарий ва яна бир қанча муфассирлар мазкур оятдаги “иш эгалари” жумласини “аҳли илмлар”, деб тафсир қилганлар.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр аҳли ҳисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар ушбу илоҳий фармонга бўйинсуниб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери муайян бир мазҳабга тақлид қилиб келишмоқда. Аслида бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларининг воқеъликдаги кўриниши эди. Чунки ҳадиси шарифда У Зот:
يَحْمِلُ هَذَا الْعِلْمَ مِنْ كُلِّ خَلَفٍ عُدُولُهُ يَنْفُونَ عَنْهُ تَحْرِيفَ الْغَالِينَ وَانْتِحَالَ الْمُبْطِلِينَ وَتَأْوِيلَ الْجَاهِلِينَ (رواه الإمام البيهقي)
яъни: “Бу илмни ҳар бир авлодлардан ишончли кишилар ташийдилар. Улар илмни жоҳилларнинг ботил талқинлари, йўлдан озганларнинг даъволари ва ғулувга кетганларнинг хатоларидан сақлайдилар”, – деганлар (Имом Байҳақий “Мадхал”да ривоят қилган).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни унинг йўлидан ажратурлар”. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам мен ва хулафоий рошидинларнинг йўлини маҳкам тутинглар деб айтганлари мазҳабсизликни дъаво қилаётганларнинг гаплари пуч ёлғон эканлигига далил бўлади.
Тўрта мазҳабдан бирини маҳкам тутиш вожиб саналади. Бунга барча мусулмонлар уммати ижмоъ қилишган.
Азамат УСМОНОВ