РАЖАБ ОЙИ
11134
6-01-2025, 09:52
424
Ўқиш режими
+
-
Дунё халқларида йил ҳисоби асосан милодий-шамсий йил ҳисоби билан олиб борилади. Шарқ халқларида эса ҳижрий-қамарий йил ҳисоби билан йил ҳисоби юритилади. Ҳижрий-қамарий йил ҳисобига кўра 2025 йилнинг 1 Январь куни янги ой кирди. Бу янги ойнинг номи Ражабдир.
Ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг еттинчи ойи бўлмиш Ражаб ойи ҳақида гапиришдан олдин “ражаб” сўзининг маъносига эътиборимизни қаратсак.
Хўш, “ражаб” сўзи нима маънони англатади?
“Ражаб” сўзи арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “қўрқмоқ”, “улуғламоқ” каби сўзларнинг маъноларини англатади.
Маълумки, ражаб сўзи учта ундош ҳарфдан иборат. Уламоларимизнинг айтишларича, “ражаб” сўзидаги биринчи ундош “р” ҳарфи “раҳм” сўзидан, иккинчи ундош “ж” ҳарфи “журм”, яъни айб-нуқсон, гуноҳ сўзидан, охирги ундош “б” ҳарфи эса барий, яъни поклик сўзлари олинган. Бу ҳарфлар Аллоҳ таолонинг меҳрибонлик, айб-нуқсонларни кечиргувчи ва пок эканлик сифатларини ифодалаган сўзлар бош ҳарфларини ифодалайди.
Ражаб ойи шаҳрул-ҳарам яъни Аллоҳ таоло инсонлар орасида уруш-низо, жанжалларни ҳаром қилган ойдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг», деган (Моида сураси, 2-оят).
Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да“Уруш ҳаром қилинган ҳурматли ойлар ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир” дейилади. Дарҳақиқат, оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир. Мазкур ойларда уруш-жанжал қилиш катта гуноҳдир.
Ривоят қиладиларки, Ражаб ойи тугаганда Аллоҳ уни ҳузурига чақириб: “ Эй менинг ойим, қайси бандам сени дўст тутди ва ҳурматингни бажо келтирди? “ деб сўрайди. Ражаб ойи сукут қилади. Аллоҳ таоло: “ Нега сукут сақлайсан?” деб сўрайди. Ражаб ойи ўзини эшитмасликка олади. Аллоҳ таоло: “ Эй асам ( эшитмовчи, кар) ой, нега гапирмайсан?” деб сўрайди. Ражаб ойи шундай жавоб беради: “ Илоҳо, сен раҳмлик, журму-хатоларни кечиргувчи саттор, мен эса ўзини асам ( эшитмовчи, кар)ликка солган ойман. Мен сенинг бандаларингни гуноҳ ишларини эшитмадим аммо эзгу амалларига шоҳид бўлдим”. Шунда Аллоҳ таоло: “ Эй Ражаб ойи, сен менинг бандаларимнинг гуноҳларини эшитмаганга олдинг, мен ҳам бандаларимни гуноҳларини мағфират қилдим. Уларнинг эзгу ишларига ижобат қилдим” дер экан. “ Мажлисул-анвар” китобида Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари берилади: “ Эй бандам, Ражаб ойи ҳурмати учун сенинг гуноҳларингни ўз раҳматим билан мағфират этдим, сенинг гуноҳинг қолмади”. Ражаб ойи инсонларнинг гуноҳлари кечириладиган ва уларнинг эзгу амалларининг қабул бўладиган ой сифатида эътироф этилади. Халқимиз орасида Ражаб ойида туғилган фарзандларга Ражаб деб исм қўйиш одати бор.
Қадимда Ражаб ойи келса, бу ойнинг ҳурматидан инсонлар ўзаро ихтилофларини, уруш-жанжалларини тўхтатганлар. Бу эса Ражаб ойи инсонларга хотиржамлик-тинчлик бахш этадиган ой эканлигига далолат қилади. Шу сабабли хотиржамлик-тинчлик ойи бўлган Ражаб ойи ва ундаги Меърож кечаси инсоният учун манфаатли ой ва кунлардир. Бу ой ва ундаги кунларда қилинган эзгу дуолар қабул бўлади. Ва уларда қилинган хайрли ишларга катта ажрлар берилади.
Аллоҳ таоло келаётган Ражаб ойини барчамизга муборак қилсин!
Муҳаммади домла Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари