1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Хушмуомилалик

7-01-2025, 10:32 224 Ўқиш режими + -
Кундалик ҳаётда инсонлар бир-бирлари билан ҳар куни муомила қилишади. Одамлар ўртасидаги бу муомила мулойим бўлиши лозим. Инсонлар бир-бирларига худди меҳмонга қилинадиган ширин муомиладек муомила қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, инсонларнинг барчалари бу дунёда меҳмондирлар. Халқимиз мақолларида ҳам яхши муомиланинг инсонга манфаати кўп эканлиги ҳақида айтилади. Шундай мақоллардан бирида:  “ Яхши сўз билан илон инидан, ёмон сўз билан мусулмон инидан чиқади” дейилади.
             Имом Ғаззолийдан хушмуомила киши ҳақида сўралганда, у зот: “ Хушмуомила одамнинг ҳаёси кўп, озори кам, яхши амали кўп бўлади. У вазмин, сабрли, шукрли, қаноатли, ҳалим, дилкаш, уятчан ва меҳрибондир. У лаънатламайди, чақимчилик, ғийбат қилмайди. У шошқолоқ, кекчи, бахил, ҳасадгўй эмас. Унинг  юзлари доимо очиқ, жилмайиб туради”деб жавоб берган эканлар. 
   Дунёда яхши одамнинг сўзи ва қўлидан бошқа одамлар озор топмаслиги керак.  Ҳадисда: “ Одамларнинг яхши амали бу-уларнинг тили ва қўлидан бошқа кишилар озор топмайдиганидир” дейилади. Бу ҳадисда олдин тил кейин эса қўл тилга олинади. Чунки қўлдан кўра тилнинг озори кўпроқдир. Халқимизда ҳам бу ҳақда: “ Тиғ яраси битади, тил яраси битмайдиган” деган мақол бор. Шу билан бирга тилни тиймаслик натижасида қўл  ҳаракатга келади. Қўл билан бериладиган аксар ҳолатлар тилни тиймасликдан келиб чиқади. Тилни   қўполликдан  ва қўлни бировларга зулм қилишдан  тийиш хушмуомиланинг асосини ташкил қилади.  
 Хушмуомалик инсоннинг умрини самарали, тинч осуда ўтишига сабаб бўлади.  Аллоҳ таоло хушмуомилалик ҳақида шундай марҳамат қилади:“ (Эй инсон), Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўринг: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи ( ер остига) маҳкам ўрнашган. Шохлари эса осмонда бўлиб, парвардигорнинг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамларга эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур” ( Иброҳим сураси, 24-25 оятлар). Бу ўриндаги “яхши сўз” томири ерга мустаҳкам ўрнашган “асил дарахт”га ўхшатилган. Инсон баъзан хафа бўлиб  ёки ғазабланиб турганида ҳам доимо хушмуомила бўлишга ҳаракат қилиши керак. Дарахтнинг илдизи қанча мустаҳкам бўлса, у шунчалик мустаҳкам бўлади. Инсоннинг ҳам хулқида хушмуомилалик қанча томир отган бўлса, у шунча мустаҳкам бўлади. Хушмуомила инсон ҳар жойда хушмуомиликнинг мевасидан баҳраманд бўлади. Хушмуомила бўлмаган, ўзига доим қўполликни касб қилган одам эса ҳар жойда туртки ейди. Унинг бирор жойда қўним топганини кўрмайсиз. Бу ҳақда ҳам Аллоҳ таоло шундай дейди: “ Ёмон сўзнинг мисоли эса ердан ( илдизи) узилиб қолган, бир жойда ( ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар”. ( Иброҳим сураси, 26-оят). 
Қайси бир инсонининг муомиласи яхши бўлса, унга яхши насиба берилган бўлади. Бу ҳақда ҳадисда: “Кимгаки юмшоқлик берилган бўлса,  у кишига дунё ва охират яхшиигидаен иборат насиба берилгандир. Кимки юмшоқлик насибасидан маҳрум қилинган бўлса, демак у дунё ва охират яхшилигидан иборат бўлган насибадан маҳрум қилинибди” дейилади.  Хушмуомилали кишини ҳамма яхши кўради, дағал, қўпол кишидан   ҳамма безор бўлади. 
Муомиласини яхшиламайдиган, эзгулик сари интилмайдиган, зарарга рози бўладиган,  қўполликдан ўзини чет олмайдиган кишининг аҳволи ачинарлидир. Хуш муомилалик туфайли душманлар дўстга айланади, оилалар мустаҳкам , қариндошлик ришталари маҳкам боғланади.  Хушмуомила қилмаслик, одамларга озор бериш натижасида эса дўстлар душманга айланади, оилалар пойдеворига путур етади,   қариндошлик ришталари узилади. Барчаларимизга хушмуомилалик  ва ундан келадиган ажр-савоблар насиб этсин.   
  Руҳиддин АКБАРОВ, 
 
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими