Жаннатда дарахтлар бор. Жаннатдаги дарахтлар ҳақида хабар бериб Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар:“Сахийлик жаннатдаги бир дарахтдир, унинг шохлари дунёга тушиб туради. Ким унинг бирорта шохини тутса, у шох уни жаннатга йўллайди. Бахиллик ҳам дўзахдаги бир дарахтдир. Унинг шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан тутса, у шох уни дўзахга элтади” ( Имом Бухорий ривояти).
Сахий киши чин кўнгилдан яримта хурмони бўлса ҳам муҳтожларга берса, унинг бу ҳиммати катта ажру-савобларга сабаб бўлади. Бу ҳақда шоир шундай ёзади:
Оч қолган гўдакка саховатли зот,
Яримта хурмони дилдан илинди,
Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,
Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.
Сахий киши саховатини бошқа бировларга бериб, миннат қилмаслиги керак. Агар миннат қиладиган бўлса, у хайру-эҳсоннинг яхшилиги, савоби кетади.
Дарҳақиқат, сахий кишиларнинг хайру-саховат қилиши инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга, дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабабчи бўлади.
Хайру-саховат қиладиган сахий кишилар Аллоҳ таоло томонидан беқиёс ажру савобларга эга бўлиб, икки дунё саодатига эришадилар.
Р. Акбаров